8
1
Шундай экан, энди Исо Масиҳда юрганларга ҳеч қандай маҳкумлик йўқдир.
2
Чунки Исо Масиҳдаги ҳаёт Руҳининг қонуни мени гуноҳ ва ўлимнинг қонунидан озод қилди.
3
Зеро Қонун тана орқали ҳолсизланиб, ожиз бўлиб қолгани учун, Худо Ўз Ўғлини гуноҳли танага ўхшатиб, Уни гуноҳ учун қурбонлик сифатида юборди ва танадаги гуноҳни маҳкум қилди,
4
токи Қонун талаб қилган ҳақлик бизда, яъни тана изми бўйича эмас, балки Руҳ изми бўйича юраётганларда амалга ошсин.
5
Чунки тана изми бўйича яшовчилар танавий нарсалар ҳақида, Руҳ изми бўйича яшовчилар эса руҳий нарсалар ҳақида фикр юритадилар.
6
Тана изми бўйича фикр юритиш – ўлимдир, Руҳ бўйича фикр юритиш эса – ҳаёт ва тинчликдир.
7
Тана изми бўйича фикр юритиш Худога душманликдир, чунки Худонинг Қонунига итоат қилмайди ва итоат қила олмайди ҳам.
8
Шунинг учун тана изми бўйича яшовчилар Худони рози қила олмайдилар.
9
Агарда Худонинг Руҳи сизларнинг ичингизда яшаётган бўлса, унда сизлар тана изми остида эмас, балки Руҳ изми остидасизлар. Кимки Масиҳнинг Руҳига эга бўлмаса, у Масиҳники эмасдир.
10
Агарда Масиҳ ичингизда бўлса, аъзойи бадан гуноҳ учун ўлик, аммо руҳ ҳақлик учун ҳаётдир.
11
Агарда Исони ўликлардан тирилтирган Худонинг Руҳи сизларда жо бўлса, унда Масиҳни ўликлардан Тирилтирган сизларнинг ўлимли баданларингизни сизларда жо бўлган Ўзининг Руҳи орқали ҳам тирилтиради.
12
Шунинг учун, биродарлар, биз тана изми бўйича яшаш учун танадан қарздор эмасмиз.
13
Агар тана изми бўйича яшасангизлар, ўласизлар. Агарда Руҳ билан аъзойи бадан ишларини ўлдирсангизлар, яшайсизлар.
14
Чунки Худонинг Руҳи билан бошқариладиганларнинг ҳаммаси Худонинг ўғилларидир.
15
Зеро сизлар яна қўрқувга йўналтирадиган қуллик руҳини қабул қилмадингизлар, лекин ўғиллик Руҳини олдингизлар. У билан биз Худони – Абба, Ота, деб чақирамиз.
16
Ана шу Руҳнинг Ўзи бизнинг руҳимизга, биз Худонинг фарзандлари эканлигимиз ҳақида гувоҳлик бермоқда.
17
Агарда фарзандлари бўлсак, унда биз меросхўрлармиз, яъни Худонинг меросхўрларимиз ва Масиҳнинг ворисдошларимиз – фақатгина Масиҳнинг азоб-уқубатларига шерик бўлсак, шундагина У билан улуғлана оламиз.
18
Чунки ўйлайманки, ҳозирги азоблар келажакда бизга очиладиган шуҳрат билан таққосланганида, ҳеч нарсага арзимайди.
19
Мана, ижод интизорлик билан Худо ўғилларининг ваҳийсини кутмоқда,
20
(зеро ижод ўз ихтиёри билан эмас, балки бўйсундирувчи томонидан беҳудаликка бўйсундирилган),
21
чунки ижоднинг ўзи ҳам чириш қуллигидан озод этилиш ҳамда Худонинг фарзандларининг улуғвор эркинлигига эришиш умидига эгадир.
22
Чунки биламизки, бор ижод ҳозирга қадар биргаликда инграб азоб чекмоқда,
23
ва нафақат ижод, балки биз ўзимиз ҳам Руҳнинг бошланғичига эга бўлиб, ичимизда инграяпмиз ва ўғил қилиб олинишимизни ҳамда аъзойи баданимизнинг қайта сотиб олинишини кутяпмиз.
24
Чунки биз умидда қутқарилганмиз. Кўриниб турган умид эса умид эмасдир. Агар одам кўриб турса, у нима учун умид қилар экан?
25
Аммо биз кўринмайдиган нарсага умид қилсак, шунда сабр-тоқат билан кутамиз.
26
Шунингдек, Руҳ ҳам заифликларимизда бизга ёрдам бермоқда, чунки биз қандай ибодат қилиш кераклигини билмаймиз, аммо Руҳнинг Ўзи ифода қилиб бўлмас оҳ-нола билан биз учун шафоат қиляпти.
27
Юракларни синайдиган Худо эса Руҳнинг фикрини билади, чунки Руҳ муқаддаслар учун Худонинг иродаси бўйича шафоат қиляпти.
28
Шуни биламизки, Худони севганларга, Унинг мурод-мақсади бўйича даъват қилинганларга ҳамма нарса биргаликда яхшиликка хизмат қилади.
29
Чунки Худо кимларни азалдан билган бўлса, ўшаларни Ўз Ўғлининг тасвирига ўхшаш бўлишларини олдиндан тайинлади, токи У кўп биродарларининг орасида тўнғичи бўлсин.
30
Шунингдек, Худо кимларни олдиндан тайинлаган бўлса, ўшаларни даъват қилди; кимларни даъват қилган бўлса, ўшаларни оқлади; кимларни оқлаган бўлса, ўшаларга шуҳрат берди.
31
Хўш, биз бунга нима деймиз? Агар Худо биз томонда бўлса, ким бизга қарши?
32
Худо Ўз Ўғлини аямай, лекин ҳаммамиз учун Уни фидо қилган бўлса, У билан бирга ҳамма нарсани ҳам бизга ато қилмайдими?
33
Ким Худонинг танланганларини айблар экан? Худо уларни оқлаяпти.
34
Ким маҳкум қилар экан? Масиҳ ўлган эди, аммо тирилди. У ҳам Худонинг ўнг томонида ўтирибди, У биз учун шафоат қиляпти.
35
Ким бизни Масиҳнинг севгисидан ажратар экан: қайғуми ё тангликми, ё қувғинликми, ё очликми, ё яланғочликми, ё хавф-хатарми ёки қиличми?
36
Ёзилганидек: “Бизни Сен учун ҳар куни ўлдирмоқдалар, сўйишга маҳкум этилган қўйлардек ҳисобламоқдалар”.
37
Аммо бизни севган Раббий орқали буларнинг ҳаммасидан биз ғолибдан кўра устунроқмиз.
38
Чунки мен аминманки: на ўлим, на ҳаёт, на фаришталар, на ҳокимиятлар, на кучлар, на ҳозирги, на келажакдаги нарсалар,
39
на баландлик, на чуқурлик, на бошқа бирон ижод бизни Раббимиз Исо Масиҳдаги Худонинг севгисидан ажратишга қодир эмас.