7
1
Биродарлар, Қонунни биладиганларга айтяпманки, одам ҳали тирик экан, Қонун унинг устидан ҳукмронлик қилишини наҳот билмасангизлар?
2
Эрли хотин эрининг тириклигида Қонун билан унга боғланган. Агарда эри ўлса, у эрлилик қонунидан озод бўлади.
3
Шунинг учун, агар хотин эрининг тириклигида бошқа эрга тегса, у зинокор, деб аталади. Аммо эри ўлса, унда хотин шу қонундан озод бўлади ва бошқа эрга тегса ҳам, зинокор бўлмайди.
4
Худди шундай, эй, биродарларим, сизлар ҳам Масиҳнинг Танаси орқали Қонун учун ўлдингизлар, токи бошқага, яъни ўликлардан Тирилганга тегишли бўлинглар. Шу тариқа Худога ҳосил келтирайлик.
5
Чунки биз тана изми бўйича яшаганимизда, гуноҳнинг ҳаракатлари бизнинг аъзоларимизда Қонун орқали ишлаб, ўлим ҳосилини келтирар эди.
6
Энди эса бизни боғлаб турган Қонун учун ўлиб, Қонундан озод бўлдик, токи биз Худога ҳарфнинг эскилиги бўйича эмас, балки Руҳнинг янгилиги бўйича хизмат қилайлик.
7
Хўш, унда нима деймиз? Наҳотки Қонун гуноҳ бўлса? Йўқ, асло! Аммо мен гуноҳни бошқа йўл билан эмас, балки Қонун билангина билиб олдим. Чунки Қонун “истама” демаганида эди, унда мен ҳирсни тушунмаган бўлар эдим.
8
Лекин гуноҳ амрдан баҳона топиб, менинг ичимда ҳар хил ҳирсни келтириб чиқарди. Чунки Қонун йўқлигида гуноҳ ўликдир.
9
Мен бир вақтлар Қонунга эга бўлмай яшар эдим. Аммо амр келганида, гуноҳ тирилди,
10
мен эса ўлдим. Шундай қилиб, ҳаёт учун берилган амр менинг ўлимимга сабаб бўлди.
11
Чунки гуноҳ амрдан баҳона топиб, мени авради ва амр орқали мени ўлдирди.
12
Зотан Қонун муқаддасдир, амр ҳам муқаддас, ҳақ ва яхшидир.
13
Шундай экан, яхши нарса мен учун ўлимга айландими? Йўқ, асло! Бироқ гуноҳ шу яхши нарса орқали менга ўлим келтиргани учун гуноҳлиги намоён бўлмоқда. Шундай қилиб, гуноҳ амр орқали ҳаддан ташқари гуноҳли бўлиб қоляпти.
14
Биз эса биламизки, Қонун руҳий, мен эса тана изми остидаман, гуноҳга сотилганман,
15
чунки нима қилаётганимни ўзим тушунмаяпман; негаки мен хоҳлаганимни эмас, балки нимадан нафратлансам, ўшани қиляпман.
16
Агар мен хоҳламаганимни қилаётган бўлсам, унда Қонун яхши эканлигини маъқуллаяпман.
17
Шунинг учун буни мен эмас, балки менинг ичимда яшаётган гуноҳ қилмоқда.
18
Зеро менда, яъни менинг танамда яхши нарса яшамаётганини биламан. Чунки менда яхшилик қилиш нияти бор бўлса-да, буни амалга ошириш имконини топа олмаяпман.
19
Чунки мен хоҳлаган яхшиликни қилмаяпман, хоҳламаган ёмонликни эса қиляпман.
20
Агар хоҳламаганимни қилаётган бўлсам, унда буни мен эмас, балки менинг ичимда яшаётган гуноҳ қилмоқда.
21
Шундай қилиб, мен шу қонунни топяпман: яхшилик қилмоқчи бўлганимда, менинг ёнимда ёмонлик турибди.
22
Чунки ички одам бўйича мен Худонинг Қонунидан роҳатланяпман,
23
лекин менинг аъзоларимда бошқа қонунни кўряпман. У менинг онгим қонунига қарши курашмоқда ва аъзоларимда жойлашган гуноҳ қонунига мени асир этмоқда.
24
Оҳ, мен бечора одамман! Ким мени шу ўлим танасидан халос қилар экан?
25
Раббимиз Исо Масиҳ орқали Худога миннатдорчилик билдираман! Шундай қилиб, мен онгим билан Худонинг Қонунига, танам билан эса гуноҳ қонунига хизмат қиляпман.