5
1
Шундай қилиб, биз имон билан оқланиб, Раббимиз Исо Масиҳ орқали Худо билан тинчликка эгамиз.
2
Шунингдек, биз имонимизда Исо орқали ўша иноятга кира олиш ҳуқуқига эга бўлганмиз. Шу иноятда туриб, Худонинг шуҳратининг умиди билан мақтанмоқдамиз.
3
Фақат булар билангина эмас, балки қайғулар билан ҳам мақтанмоқдамиз, чунки қайғу сабр-тоқатни келтириб чиқаришини биламиз.
4
Сабр-тоқат эса тажрибани, тажриба эса умидни келтириб чиқаради.
5
Умид эса уялтирмайди, чунки бизга берилган Муқаддас Руҳ орқали Худонинг севгиси бизнинг юракларимизга қуйилди.
6
Чунки биз ҳали ожиз бўлганимизда, белгиланган вақтда Масиҳ бетавфиқлар учун ўлди.
7
Бировнинг ҳақ одам учун ўлиши даргумондир, балки яхшилик қилувчи учун бирон одам ўлишга журъат этар.
8
Аммо Худо Ўзининг севгисини бизга шу билан исбот қиляптики – биз ҳали гуноҳкор бўлган пайтимизда, Масиҳ биз учун ўлди.
9
Шунинг учун биз энди Унинг қони билан оқланган бўлиб, У орқали Худонинг ғазабидан қутуламиз.
10
Агарда биз Худога душман бўла туриб, Ўғлининг ўлими орқали У билан ярашган бўлсак, унда ярашганимиздан сўнг, Ўғлининг ҳаётида нажот топишимиз янада аниқроқдир.
11
Бундан ташқари, биз Раббимиз Исо Масиҳ туфайли ярашишни қабул қилиб, У орқали Худо билан мақтанмоқдамиз.
12
Битта одам орқали дунёга гуноҳ кириб, гуноҳ орқали эса ўлим кирганидай, худди шундай, ўлим ҳамма одамларга ўтди, чунки ҳамма гуноҳ қилган.
13
Чунки Қонундан олдин ҳам дунёда гуноҳ бор эди, аммо Қонун йўқлигида гуноҳ ҳисобга олинмайди.
14
Лекин Одам-Атодан Мусога қадар Одам-Атонинг жинояти сабабли ўлим гуноҳ қилмаганларнинг устидан ҳам ҳукм сурар эди. Одам-Ато эса Келадиганнинг тасвири эди.
15
Аммо иноят инъоми худди жиноятдек эмас. Чунки агар битта одамнинг жинояти туфайли кўплар ўлимга дучор бўлган бўлсалар, унда, боз устига, битта Одамнинг, яъни Исо Масиҳнинг инояти бўйича бўлган инъом ва Худонинг инояти кўплар учун ошиб тошди.
16
Инъом эса худди бир гуноҳнинг оқибатидек эмас – зеро бир жиноятни ҳукм қилиш албатта маҳкумликни келтиради, лекин иноят инъоми кўп жиноятлардан оқланишни келтиради.
17
Чунки агар ўлим битта одамнинг жинояти орқали ҳукм сурган бўлса, боз устига, мўл-кўл иноятни ва ҳақлик инъомини қабул қилганлар ягона Исо Масиҳ орқали ҳаётда ҳукм сурадилар.
18
Шунинг учун битта одамнинг жинояти билан ҳамма одамларга маҳкумлик бўлганидай, худди шундай, битта Одамнинг ҳақлиги билан ҳамма одамларга ҳаётга йўналтирадиган оқланиш бўлади.
19
Чунки битта одамнинг итоатсизлиги билан кўп одамлар гуноҳкор бўлганларидай, худди шундай, битта Одамнинг итоаткорлиги билан кўп одамлар ҳақ бўладилар.
20
Қонун эса кечроқ келган, шунинг учун жиноят кўпайиб кетди. Аммо гуноҳ кўпайганида, иноят ҳам жуда кўпайиб борди,
21
токи гуноҳ ўлимда ҳукм сурганидай, худди шундай, абадий ҳаётга йўналтирадиган иноят ҳақлик туфайли Раббимиз Исо Масиҳ орқали ҳукм сурсин.