3
1
Шундай қилиб, яҳудийларнинг қандай устунлиги бор? Ёки хатнанинг нима фойдаси бор?
2
Яҳудийлар ҳар жиҳатдан буюк устунликка эгадирлар, чунки Худонинг сўзи уларга ишониб топширилган эди.
3
Унда нима? Агар айримлари имонсиз бўлсалар, уларнинг имонсизлиги Худонинг содиқлигини бекор қиладими?
4
Йўқ, асло! Худо ҳақ, аммо ҳар бир инсон ёлғончидир. Зеро ёзилганидек: “Сен Ўз Сўзларингда оқланасан ва ҳукм қилишингда ғалаба қозонасан”.
5
Шундай экан, агар бизнинг ноҳақлигимиз Худонинг ҳақлигини янада тасдиқласа, унда нима деймиз? Инсон нуқтаи назаридан айтайин: Худо ғазабини ёғдираётганида ноҳақ бўладими?
6
Йўқ, асло! Унда Худо дунёни қандай қилиб ҳукм қилар экан?
7
Агарда Худонинг ҳақиқати менинг ёлғончилигим туфайли Унинг шуҳрати учун кўпроқ ошаётган бўлса, яна нима учун мен гуноҳкор сингари ҳукм қилинишим керак экан?
8
Яхшилик чиқсин, деб ёмонлик қилайликми? Чунки баъзилар бизга туҳмат қилиб: “Улар шундай демоқдалар,”- деб айтмоқдалар. Бундайларга адолатли ҳукм бор.
9
Шундай қилиб, нима, биз устунликка эгамизми? Ҳеч ҳам! Чунки яҳудийлар ҳам, юнонлар ҳам – ҳаммалари гуноҳ остида эканликларини исбот қилиб бердик-ку.
10
Худди ёзилганидек: “Ҳақ одам йўқ – биронта ҳам йўқдир.
11
Тушунаётган ҳеч ким йўқ ва Худони излаётган ҳеч ким йўқдир.
12
Ҳамма йўлдан озган, уларнинг ҳаммаси ярамасдир. Яхшилик қилувчи йўқ – биронта ҳам йўқдир.
13
Уларнинг томоғи очиқ тобутдир; ўз тиллари билан алдайдилар. Уларнинг лабларида илоннинг заҳри бор.
14
Уларнинг оғизлари лаънат ва аччиқликка тўла.
15
Уларнинг оёқлари қон тўкишга тездир.
16
Уларнинг йўлларида вайронагарчилик ва фалокатдир.
17
Улар тинчлик йўлларини билмайдилар.
18
Уларнинг кўз олдида Худонинг қўрқуви йўқдир”.
19
Энди биламизки, агар Қонун нимаики деса, Қонун остида бўлганларга айтади, токи ҳар бир оғиз тўсилсин ва бутун дунё Худонинг олдида айбдор бўлсин.
20
Чунки Қонуннинг ишлари билан Унинг ҳузурида ҳеч ким оқланмайди, чунки Қонун орқали гуноҳ билинмоқда.
21
Аммо энди Қонундан ташқари Худонинг ҳақлиги намоён бўлди – (бунга Қонун ва пайғамбарлар ҳам гувоҳлик берганлар) –
22
яъни Исо Масиҳга бўлган имон орқали Худонинг ҳақлиги ҳамманинг ичида ва ҳамма имонлиларнинг устида намоён бўлди, чунки ҳеч қандай фарқ йўқдир.
23
Зеро ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг шуҳратидан маҳрум бўлган,
24
энди эса Исо Масиҳдаги қайта сотиб олиниш орқали Худонинг инояти билан текин оқланмоқда.
25
Чунки Худо Ўзининг ҳақлигини кўрсатиш учун Масиҳни Унинг қонида ярашиш қурбонлигига тайинлаб қўйди, токи Худо одамларнинг илгари қилинган гуноҳларини Ўзининг сабр-тоқатида жазосиз қолдириб,
26
ҳозирги вақтда Ўзининг ҳақлигини кўрсатиб, У ҳақ ва Исога ишонган одамни оқлайдиган Худо бўлсин.
27
Унда мақтанишга сабаб қани? – Йўқ бўлди. Қайси қонун билан? Ишлар қонуни биланми? Йўқ, имон қонуни билан йўқ бўлди.
28
Шундай қилиб, одам Қонун ишлари билан эмас, балки имон билан оқланади, деб ҳисоблаймиз.
29
Наҳотки Худо фақатгина яҳудийларнинг Худоси бўлиб, мажусийларнинг Худоси бўлмаса? Албатта мажусийларнинг ҳам Худосидир.
30
Чунки Худо ягонадир. У хатна қилинганларни имони бўйича, хатна қилинмаганларни эса имони орқали оқлайди.
31
Шундай қилиб, биз бу имон орқали Қонунни бекор қиляпмизми? – Йўқ, асло! Балки Қонунни тасдиқлаяпмиз.