2
1
Шундай қилиб, эй, ҳукм қилаётган ҳар қандай одам, сенга узр йўқ, чунки бировга қарши қилаётган ҳукм билан ўзингни ҳукм қилмоқдасан. Зеро сен ҳукм қила туриб, ўзинг ҳам шу ишларни қиляпсан.
2
Биз эса биламизки, бундай ишларни қилаётганларга ҳақиқат бўйича Худонинг ҳукми бор.
3
Наҳотки сен, эй одам, шундай ишларни қилувчиларни ҳукм этиб, ўзинг ҳам буларни қилсанг, Худонинг ҳукмидан қочиб қутуламан, деб ўйлайсанми?
4
Ёки Худонинг эзгулиги сени тавбага олиб бораётганини фаҳмламасдан, Худонинг эзгулигининг бойлиги ва мулойимлигию узоқ сабр-тоқатини менсимаяпсанми?
5
Аммо сен ўжарлигинг ҳамда тавба қилмаган юрагинг туфайли ғазаб кунига, яъни Худонинг ҳақ ҳукми ошкор бўлиши кунига ўзингга ўзинг ғазаб тўплаб юрибсан.
6
Худо эса ҳар кимни ўз ишига яраша тақдирлайди:
7
доимо яхши иш қилиб, шуҳрату шараф ва ўлимсизликни излаганларга У абадий ҳаёт ато этади,
8
лекин ўжарлик қилиб, ҳақиқатга бўйсунмай, ўзларини ноҳақликка топширганларга эса қаҳру ғазабини ёғдиради.
9
Ёмонлик қилувчи ҳар бир одамнинг жонига, биринчидан яҳудийга, кейин эса юнонга қийноқ ва қайғу бўлади.
10
Аксинча, яхшилик қилаётган ҳар бир одамга, биринчидан яҳудийга, кейин эса юнонга шуҳрат, ҳурмат ва тинчлик бўлади.
11
Чунки Худода юз-хотирчилик йўқдир.
12
Қонунга эга бўлмай гуноҳ қилганлар, Қонундан ташқарида ҳалок бўладилар. Қонун остида гуноҳ қилганлар эса Қонун бўйича ҳукм қилинадилар –
13
(чунки Худонинг олдида Қонунни тингловчилар ҳақ эмаслар, балки Қонунга риоя қилувчилар оқланадилар,
14
зеро Қонунга эга бўлмаган мажусийлар табиатан қонунли иш қилганларида, улар Қонунга эга бўлмай, ўз ўзларига қонундирлар:
15
улар ўз юракларида Қонуннинг ишлари ёзилганини кўрсатмоқдалар, уларнинг виждони ҳамда бир бирини гоҳ айбловчи, гоҳ оқловчи фикрлари бунга гувоҳдир) –
16
мен воизлик қилаётган Хушхабарга кўра, Худо Исо Масиҳ орқали инсонларнинг сирли ишларини ҳукм этадиган кунда ана шундай бўлади.
17
Мана, сен ўзингни яҳудий, деб атамоқдасан ва Қонунга таяниб, Худо билан мақтаниб юрмоқдасан.
18
Мана, сен Худонинг иродасини билмоқдасан ва Қонундан ўрганиб, энг яхши нарсаларни англамоқдасан.
19
Шунингдек, ўзингга аминсанки, сен кўрларга йўлбошловчи, зулматда бўлганларга нурсан,
20
ақлсизларга устоз, чақалоқларга муаллимсан, Қонунда эса ҳақиқат ва билим намунасига эгадирсан.
21
Қандай қилиб сен бошқаларга ўргатиб, ўзингга ўргатмаяпсан?
22
Қандай қилиб: “Ўғирлик қилма”, деб воизлик қилиб, ўзинг ўғирлик қиляпсан ва: “Зино қилма”, деб айтиб, ўзинг зино қиляпсан? Қандай қилиб: “Бутлардан жирканаман”, деб ўзинг куфрлик қиляпсан?
23
Қонун билан мақтаниб, ўзинг эса қонунбузарлигинг орқали Худони бадном қиляпсан.
24
Худди ёзилганидек: “Сизлар туфайли мажусийларнинг орасида Худонинг номи куфрланмоқда”.
25
Агар Қонунга риоя қилсанг, шунда сенинг хатнанг фойдалидир. Агарда сен қонунбузар бўлсанг, унда сенинг хатнанг хатнасизлик бўлади.
26
Шундай қилиб, агар хатнасиз бўлган одам Қонун ҳақлигига риоя қилса, унинг хатнасизлиги унга хатналик, деб ҳисобланмайдими?
27
Табиатан хатнасиз бўлиб, Қонунга риоя қилаётган одам сени, яъни Ёзув ва хатнага эга бўлган қонунбузарни ҳукм қилмайдими?
28
Чунки зоҳиран яҳудий асл яҳудий эмас, шунингдек, зоҳиран танадаги хатна ҳам асл хатна эмасдир.
29
Аммо ботинан яҳудий асл яҳудийдир, шунингдек, юрак хатнаси – асл хатнадир. Бу хатна эса Қонун ҳарфи бўйича эмас, Руҳ бўйичадир. Бундай одам инсонлардан эмас, балки Худодан мақтовга сазовор бўлади.