13
1
Ҳар бир жон юқори ҳокимиятларга бўйсунсин. Чунки Худодан бўлмаган ҳокимият йўқ, мавжуд бўлган ҳокимиятлар эса Худодан ўрнатилган.
2
Шунинг учун ҳокимиятга қаршилик қилаётган Худонинг ўрнатганига қарши чиққан бўлади. Қаршилик қилувчилар эса ўз-ўзларини маҳкумликка дучор қиладилар.
3
Чунки бошлиқлар яхши ишлар учун эмас, балки ёмон ишлар учун даҳшатлидирлар. Ҳокимиятдан қўрқмасликни хоҳлайсанми? Яхшилик қил ва ундан мақтовлар оласан,
4
чунки у сенга яхшилик учун Худонинг хизматкоридир. Лекин агар ёмон иш қилсанг, қўрққин, чунки ҳокимият беҳудага қилич кўтариб юрмайди: у Худонинг ёмонлик қилганга қаҳрини сочувчи хизматкоридир.
5
Шунинг учун фақат қаҳрдан қўрққанликдангина эмас, балки виждон юзасидан ҳам ҳокимиятга бўйсуниш керак.
6
Шу сабабли ҳам сизлар солиқ тўлайсизлар, чунки улар Худонинг хизматкорлари бўлиб, доимо бу иш билан банддирлар.
7
Шундай қилиб, ҳар кимга ўз ҳақини беринглар: кимга солиқ бўлса – солиқ, кимга бож бўлса – бож, кимга қўрқув бўлса – қўрқув, кимга ҳурмат бўлса – ҳурмат.
8
Бир-бирингизни севишдан бошқа ҳеч бир нарсада ҳеч кимдан қарздор бўлманглар, чунки ўзгани севадиган одам Қонунни бажарган бўлади.
9
Зеро: “Зино қилма,” “Қотиллик қилма,” “Ўғирлик қилма,” “Ёлғон гувоҳлик берма,” “Тамагирлик қилма,”- деган амрлар ва бошқаларининг ҳаммаси шу сўзда жамланади: “Ўз яқинингни ўзингни севганингдек севгин”.
10
Севги яқинига ёмонлик қилмайди, шунинг учун севги – Қонунни бажаришдир.
11
Энди уйқудан уйғонишимиз вақт-соати эканлигини билинглар, чунки ҳозир бизнинг нажотимиз имон келтирган пайтимиздан кўра яқинроқдир.
12
Тун ўтиб кетди, кун эса яқинлашди. Шунинг учун қоронғилик ишларини улоқтириб ташлаб, нур қуролларига бурканайлик.
13
Кундузда бўлганимиздек, ўзимизни одобли тутиб, айш-ишрат ва ичкиликбозликка, шаҳватпарастлик ва бузуқликка, жанжалкашлик ва ҳасадгўйликка топширмайлик.
14
Аммо Раббий Исо Масиҳга бурканинглар ва танангизга бўлган ғамхўрликни ҳирсларга айлантирманглар.