12
1
Шундай қилиб, эй, биродарлар, Худонинг шафқати билан сизлардан ўтинаманки: Худога идрокли хизмат қилишингиз учун аъзойи баданларингизни тирик, муқаддас ва Унга маъқул бўладиган қурбонлик қилиб бағишланглар.
2
Бу дунё билан тенглашманглар, балки онгингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар, токи сизлар Худонинг яхши, маъқул ва комил иродаси нима эканлигини фаҳмлаб олинглар.
3
Менга берилган иноят бўйича сизларнинг ҳар бирингизга шуни айтяпманки: ўзингиз ҳақингизда керагидан ортиқ ўйламанглар. Аммо Худо ҳар бирингизга берган имоннинг миқдорига яраша камтарлик билан ўйланглар.
4
Зеро биз танада кўп аъзоларга эга бўлсак ҳам, бироқ ҳамма аъзоларимизнинг вазифаси бир хил бўлмаганидай,
5
худди шундай, биз ҳам кўпчилик бўлиб, Масиҳда бир танамиз, лекин алоҳида-алоҳида бўлиб, бир-биримиз учун аъзодирмиз.
6
Бизга берилган иноят бўйича ҳар хил инъомларга эгамиз. Шунинг учун, кимда пайғамбарчилик бўлса – имоннинг миқдорига яраша бўлсин;
7
хизмат инъоми бўлса, хизматда бўлсин; агар муаллимлик инъоми бўлса, таълим беришда бўлсин;
8
ким насиҳатчи бўлса, насиҳат қилишда бўлсин; тарқатувчи бўлса, соддаликда тарқатсин; бошлиқ бўлса, ғайрат билан бошчилик қилсин; меҳршафқат кўрсатувчи бўлса, хурсандчилик билан кўрсатсин.
9
Севгингиз риёсиз бўлсин. Ёвузликдан жирканинглар, яхшиликка ёпишинглар.
10
Биродарсеварликда бир-бирингизга нозик ҳис-туйғуларга эга бўлинглар, ҳурмат қилишда бир-бирингиздан ўзиб кетинглар.
11
Ғайратда сусайманглар, руҳингиз билан алангаланинглар, Раббийга хизмат қилинглар.
12
Умидда хурсанд бўлинглар, қайғуда сабр-тоқатли, ибодатда доимий бўлинглар.
13
Муқаддасларнинг муҳтожликларида иштирок этинглар, мусофирсеварликка интилинглар.
14
Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар – дуо қилинглар ва лаънатламанглар.
15
Қувонаётганлар билан қувонинглар ва йиғлаётганлар билан йиғланглар.
16
Ўзаро ҳамфикр бўлинглар. Онгингизда такаббур бўлманглар, лекин камтаринлар даражасига тушинглар. Ўзбилармон бўлманглар.
17
Ҳеч кимга ёмонликка ёмонлик қайтарманглар. Ҳамма одамларнинг олдида яхшилик учун жон куйдиринглар.
18
Иложингиз борича ҳамма одамлар билан тинч-тотув бўлинглар.
19
Эй, севганларим, ўзларингиз учун қасос олманглар, аммо Худонинг ғазабига ўрин беринглар. Чунки ёзилган: “Қасос Меникидир, Мен ҳақини бераман,- дейди Раббий”.
20
Шунинг учун: “Агар сенинг душманинг оч бўлса, уни тўйғаз; агар у чанқаган бўлса, унга сув бер. Чунки буларни қилиб, сен унинг бошига ёнаётган чўғни йиғасан.”
21
Ёмонликдан енгилмагин, аммо ёмонликни яхшилик билан енггин.