11
1
Шундай қилиб, деяпман: Наҳотки Худо Ўз халқини рад этган бўлса? – Йўқ, асло! Чунки мен ҳам Иброҳимнинг уруғи, Беняминнинг авлодидан бўлган исроилликман.
2
Худо олдиндан билган Ўз халқини рад этмаган. Наҳот сизлар Ёзув Элийаҳ пайғамбар ҳақида нима айтаётганини билмасангизлар? У Исроилга қарши Худога арз қилиб, айтмоқда:
3
“Ё, Раббий! Сенинг пайғамбарларингни ўлдиришди, Сенинг қурбонгоҳларингни вайрон қилишди. Мен бир ўзим қолдим, менинг ҳам жонимни изламоқдалар”.
4
Худонинг жавоби унга нима демоқда? “Баалнинг олдида тиз чўкмаган етти минг эркакни Ўзим учун асраб қўйдим”.
5
Худди шундай, ҳозирги вақтда ҳам иноятнинг танлови бўйича қолдиғи бордир.
6
Агарда бу иноят бўйича бўлса, унда ишлар бўйича эмасдир; акс ҳолда, иноят энди иноят бўлмас эди. Агар ишлар бўйича бўлса, унда бу иноят эмасдир; акс ҳолда, иш ҳам иш бўлмас эди.
7
Унда нима? Исроил нимани излаган бўлса, шунга эришмади. Танланганлар эса эришдилар, аммо бошқалар тошбағир бўлдилар.
8
Худди ёзилганидек: “Худо уларга уйқу руҳини, ҳатто ҳозирги кунгача кўрмайдиган кўзларни ва эшитмайдиган қулоқларни берди”.
9
Довуд ҳам демоқда: “Уларнинг дастурхони улар учун тўру пистирма, тузоқ ҳамда қасос бўлсин.
10
Уларнинг кўзлари қоронғилашиб, кўрмайдиган бўлсин, беллари абадий букилган бўлсин”.
11
Шундай қилиб, деяпман: Наҳотки яҳудийлар батамом йиқилиш учун қоқинган бўлсалар? – Йўқ, асло! Аммо уларнинг рашкини қўзғатиш учун уларнинг йиқилиши орқали мажусийларга нажот келди.
12
Агар уларнинг йиқилиши дунё учун бойлик бўлса ва уларнинг мағлуб бўлиши мажусийлар учун бойлик бўлса, унда уларнинг тўлиқлиги нақадар кўпроқдир.
13
Эй, мажусийлар, сизларга айтяпманки, (мен мажусийларнинг ҳаворийси бўлганим учун бу хизматимни улуғлаяпман):
14
мен ўз қондошларимнинг рашкини қўзғатиб, уларнинг айримларини қутқариб олмасмиканман?!
15
Чунки агар дунёнинг ярашиши уларнинг рад этилганлиги орқали бўлса, унда уларнинг қабул қилинишлари ўлимдан ҳаётга қайтишдан бошқа нима ҳам бўлар экан?!
16
Агар бошланғичи муқаддас бўлса, унда қолдиғи ҳам муқаддасдир. Агар илдизи муқаддас бўлса, унда шохлари ҳам муқаддасдир.
17
Агар айрим шохлари синган бўлса, аммо сен ёввойи зайтун бўла туриб, уларнинг орасига пайванд қилинган бўлсанг, зайтуннинг илдизи ва шарбатига бирлашган бўлсанг,
18
унда шохларнинг олдида мағрурланма. Агар мағрурланаётган бўлсанг, ёдингда тут, сен илдизни эмас, балки илдиз сени кўтариб турибди.
19
Шунда сен айтарсан: “Менинг пайванд бўлишим учун шохлар синиб тушган-ку”.
20
Хўш, улар имонсизлиги учун синиб тушдилар, сен эса имонинг билан турибсан. Кеккайма, бироқ қўрққин.
21
Чунки агар Худо табиий шохларни аямаган бўлса, унда сени аярмикан?
22
Шундай қилиб, Худонинг эзгулигини ва қаттиққўллигини тушуниб олгинки: йиқилганлар учун Унинг қаттиққўллиги, сен учун эса Унинг эзгулиги бор. Фақатгина сен Худонинг эзгулигида жо бўлсанг бўлди, акс ҳолда кесиб ташланасан.
23
Бироқ агар ўшалар ҳам имонсизликда қолмасалар, пайванд бўладилар, чунки Худо уларни яна пайванд қилишга қодирдир.
24
Агар сен табиатан ёввойи зайтун дарахтидан кесиб олинган ва нотабиий равишда яхши зайтун дарахтига пайванд қилинган бўлсанг, унда бу табиий шохларнинг ўз зайтун дарахтига пайванд бўлишлари нақадар осондир!
25
Эй, биродарларим, ўзларингизни ўта доно ҳисобламаслигингиз учун бу сир ҳақида билимсиз қолишингизни истамайман: мажусийларнинг тўлиқ сони кирмагунига қадар, Исроил халқининг тошбағирлиги қисман бўлди.
26
Шундай қилиб, бутун Исроил нажот топади, худди ёзилганидек: “Халоскор Сиондан келади ва Ёқубдан бетавфиқликни йироқлаштиради.
27
Чунки улардан гуноҳларини олиб ташлаганимда, мана шу Менинг улар билан тузган Аҳдим бўлади”.
28
Хушхабарга нисбатан улар сизлар сабабли душмандирлар, Худонинг танловига нисбатан эса – оталари сабабли Худонинг севганларидир.
29
Чунки Худонинг инъомлари ва даъвати қайтариб олинмасдир.
30
Сизлар бир вақтлар Худога итоатсиз бўлиб, энди эса уларнинг итоатсизлиги туфайли шафқатга эга бўлдингизлар.
31
Худди шундай, энди улар сизларнинг шафқатга эга бўлишингиз учун итоатсиз бўлдилар, токи улар ҳам шафқатга эга бўлсинлар.
32
Чунки Худо ҳаммага шафқат қилиш учун ҳаммани итоатсизликка қамаб қўйди.
33
О, Худонинг донолиги ва билими бойлигининг тубсизлиги! Унинг ҳукмлари шу қадар ақлга сиғмайдиган, Унинг йўллари ўлчаб бўлмайдигандир!
34
Зеро ким Худованднинг ақлини билиб олган экан? Ёки ким Унинг маслаҳатчиси бўлган экан?
35
Ёки ким Худога биринчи бўлиб бирон нарса берган экан, токи Худо унга қайтариб берсин?
36
Чунки ҳамма нарса Ундан, У орқали ва Унгадир. Унга абадулабад шон-шуҳрат бўлсин. Омин.