10
1
Биродарлар! Менинг юрагимнинг хоҳиши ва Худога Исроил учун ибодатим уларнинг нажот топишлари учундир.
2
Зеро мен уларга гувоҳлик беряпманки, уларнинг Худога нисбатан рашки бор, бироқ бу билим бўйича эмасдир.
3
Чунки улар Худонинг ҳақлигини англамай, ўзларининг ҳақлигини ўрнатишга тиришиб, Худонинг ҳақлигига бўйсунмадилар.
4
Зеро Қонуннинг охири – Масиҳдир, токи Унга имон келтирган ҳар бир одам ҳақликка эришсин.
5
Мусо Қонундан бўлган ҳақлик ҳақида шундай ёзмоқда: “Буларни бажараётган одам шулар билан яшайди”.
6
Имондан бўлган ҳақлик эса шундай демоқда: “Ўз юрагингда айтма: ким осмонга чиқар экан?” (яъни Масиҳни пастга тушириш учун);
7
ёки: “ким тубсизликка тушар экан?” (яъни Масиҳни ўликлардан олиб чиқариш учун).
8
Аммо Ёзув нима демоқда? “Сўз сенга яқиндир: сенинг оғзингда ва сенинг юрагингдадир”, яъни бу – биз воизлик қилаётган имон сўзидир.
9
Шундай қилиб, агар сен Исони Раббим, деб ўз оғзинг билан эътироф этсанг ва Худо Уни ўликлардан тирилтирганига ўз юрагинг билан ишонсанг, нажот топасан.
10
Чунки инсон ҳақликка эришиш учун юраги билан ишонади ва нажот топиш учун оғзи билан эътироф этади.
11
Зеро Ёзув шундай демоқда: “Унга имон келтирган ҳар бир одам уятда қолмайди”.
12
Шунинг учун яҳудий билан юноннинг орасида ҳеч фарқ йўқдир, чунки ҳамманинг ягона Раббийси Уни чақирганларнинг ҳаммаси учун бойдир.
13
Чунки “Раббийнинг номини чақирадиган ҳар бир одам нажот топади”.
14
Бироқ Унга имон келтирмаган бўлсалар, Уни қандай қилиб чақирадилар? У ҳақида эшитмаган бўлсалар, Унга қандай қилиб имон келтирадилар? Агар воизлик қилувчи бўлмаса, қандай қилиб эшитадилар?
15
Агар юборилган бўлмасалар, қандай қилиб воизлик қиладилар? Худди ёзилганидек: “Эзгулик хушхабарини келтирувчиларнинг оёқлари нақадар гўзалдир”.
16
Аммо ҳамма ҳам хушхабарга қулоқ солмади. Зеро Йешайаҳ демоқда: “Ё, Раббий! Бизнинг хабаримизга ким ишонибди?”
17
Шундай экан, имон – эшитишдан, эшитиш эса – Масиҳнинг сўзи орқалидир.
18
Лекин шундай дейман: Наҳот улар эшитмаган бўлсалар? Йўқ, аксинча, “уларнинг овози бутун ер юзига ва уларнинг сўзлари дунёнинг четларига етиб борди”.
19
Яна дейман: Наҳотки Исроил билмаган бўлса? Аммо Мусо биринчи бўлиб айтмоқда: “Мен халқ бўлмаганлар билан сизларда рашк уйғотаман, зеҳни паст халқ билан жаҳлингизни чиқараман”.
20
Йешайаҳ эса дадиллик билан айтмоқда: “Мени изламаганлар Мени топдилар, Мен ҳақимда илтижо қилмаганларга Ўзимни зоҳир этдим”.
21
Исроилга нисбатан эса шундай айтмоқда: “Мен кун бўйи итоатсиз ва қайсар халққа Ўз қўлларимни узатиб турдим”.