6
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Исроил ўғилларига эълон қилиб айтгин: Агар бирор эркак ёки аёл ўзини Раббийга назорийликка бағишлаш учун назорийлик ваъдасини беришга қарор қилса,
3
унда у шароб ва кучли ичимликдан ўзини тийиши керак. У шаробдан тайёрланган сиркани ҳам, ичимликдан тайёрланган сиркани ҳам ичмаслиги, узумдан тайёрланган ҳеч нарсани ичмаслиги керак; шунингдек, узумнинг ҳўл меваларини ҳам, қуритилганини ҳам емаслиги керак.
4
У ўз назорийлигининг барча кунларида узумдан тайёрланадиган ҳеч нарсани ― уруғидан тортиб пўстлоғигача емаслиги керак.
5
Унинг назорийлигининг барча кунларида устара унинг бошига тегмаслиги керак. У Раббийга ўзини назорийликка бағишлаган кунлари тугагунича, у муқаддас бўлади. У бошидаги сочларини ўстириши керак.
6
У ўзини Раббийга назорийликка бағишлаган барча кунларида ўлик танага яқинлашмаслиги керак.
7
У ўз отаси, онаси, биродари, опа-синглиси ўлганида уларга тегиб, булғанмаслиги керак, чунки Худога бағишланиш унинг бошидадир.
8
У ўзининг назорийлигининг барча кунларида Раббийга муқаддасдир.
9
Агар унинг ёнида тўсатдан бирор киши ўлиб қолса ва у ўзининг назорийлик бошини булғаб қўйса, унда у ўзининг покланиши кунида бошидаги сочини қириши керак ва еттинчи куни уни қириши керак.
10
Саккизинчи куни эса иккита мусича ёки иккита ёш кабутарни руҳонийга, Йиғин Чодирининг кириш жойига олиб келиши керак.
11
Руҳоний қушлардан бирини гуноҳ учун қурбонликка, иккинчисини эса тамоман ёндириш қурбонлигига келтиради ва уни ўлик танадан булғанганлигидан поклайди ҳамда ўша куни унинг бошини муқаддаслайди.
12
Сўнгра у Раббийга бағишлаган назорийлик кунларини янгидан бошлаши керак ва бир ёшли қўзини айб қурбонлигига келтириши керак, лекин олдинги назорийлик кунлари куйиб кетди, чунки унинг назорийлиги булғанди.
13
Мана бу ― назорийлик қонунидир: Унинг назорийлик кунлари тугагач, уни Йиғин Чодирининг кириш жойига олиб келиш керак.
14
У Раббий учун бир ёшли бенуқсон қўзини тамоман ёндириш қурбонлигига, битта бир ёшли бенуқсон қўзини гуноҳ учун қурбонликка ва битта бенуқсон қўйни тинчлик қурбонлигига келтиради.
15
Шунингдек, буғдой унидан тайёрланган бир сават ачитқисиз нонларни, мой қўшиб пиширилган кулчаларни ва мой суртилган ачитқисиз қотир нонларни ва уларга қўшиб нон бағишловларини ҳамда суюқлик бағишловларини олиб келиши керак.
16
Руҳоний буларни Раббийнинг олдига тақдим қилади ва унинг гуноҳ учун қурбонлигини ҳамда тамоман ёндириш қурбонлигини келтиради.
17
Шунингдек, Раббийга тинчлик қурбонлигига бир сават ачитқисиз нонлар билан қўй келтирсин. Сўнг руҳоний унинг нон бағишловлари ва суюқлик бағишловларини қурбонликка келтиради.
18
Назорий киши ўзининг назорийлик бошини Йиғин Чодирининг кириш жойи қаршисида қирсин ва ўзининг назорийлик сочини олиб, тинчлик қурбонлиги остидаги оловга қўйсин.
19
Руҳоний қўйнинг пиширилган елкасини, саватдан битта ачитқисиз кулча ва битта ачитқисиз қотир нонни олиб, назорий киши ўзининг назорийлик бошини қириб бўлганидан сўнг унинг қўлига қўяди.
20
Руҳоний буларни Раббийнинг олдида силкитиб олиб келади. Бу муқаддасворлик ― силкитиб келтирилган тўш ва қурбонликка келтирилган елка билан бирга руҳонийга тегишлидир. Шундан сўнг назорий киши шароб ичиши мумкин.
21
Бу ― назорийликка ваъда берган киши учун назорийлик қонуни ва Раббийга назорийлиги учун қўли етганидан ташқари келтирадиган қурбонлигидир. У назорийлиги ҳақида қонунда белгиланганидан ташқари нимани ваъда берса, шуни қилиши керак”.
22
Шунда Раббий Мусога сўзлаб деди:
23
“Аҳарўн ва унинг ўғилларига айтгин: Исроил ўғилларини дуо қилганларингизда, шундай деб айтинглар:
24
Раббий сени дуо қилсин ва асрасин!
25
Раббий Ўзининг ёруғ юзи билан сенга назар солсин ва сенга шафқат қилсин.
26
Раббий Ўз юзини сенга ўгирсин ва сенга тинчлик берсин!
27
Шу тарзда, улар Исроил ўғилларининг устига Менинг номимни чақирсинлар ва Мен уларни дуо қиламан”.