11
1
Халқ Раббийга эшиттириб нолий бошлади. Раббий буни эшитганида, Унинг ғазаби алангаланди ва уларнинг орасида Раббийнинг олови ёниб, қароргоҳнинг четини еб битира бошлади.
2
Шунинг учун халқ Мусога фарёд қилди. Мусо эса Раббийга ибодат қилди ва олов тинчланди.
3
Сўнг бу жойни “Табераҳ” (Ёниш), деб атади, чунки уларнинг орасида Раббийнинг олови алангаланди.
4
Уларнинг орасидаги мусофирлар очкўзлик қила бошладилар. Улар билан бирга Исроил ўғиллари ҳам яна йиғлаб, дедилар: “Ким бизни гўшт билан боқади?
5
Биз Мисрда текинга еган балиқ, бодринглар, қовунлар, кўк пиёз, бошпиёз ва саримсоқлар ёдимизда,
6
энди эса жонимиз ўртанмоқда. Ҳеч нарса йўқ, кўз ўнгимизда фақат манна”.
7
Манна эса кашнич уруғига ўхшар эди, унинг ранги эса хушбўй қатрон рангидай эди.
8
Халқ юриб, уни терар эди ва уни тегирмон тошида янчар ёки ўғирда туяр эди. Сўнг уни қозонда пиширар ва ундан нон қилар эди. Унинг таъми эса мойли нонга ўхшар эди.
9
Тунда қароргоҳга шудринг тушганида, у билан бирга манна ҳам тушар эди.
10
Мусо халқнинг ҳар бири ўз оилаларида, ҳар бири чодирининг эшиги олдида йиғлаётганини эшитди. Шунда Раббийнинг ғазаби ўта алангаланди ва Мусони қайғу босди.
11
Сўнгра Мусо Раббийга деди: “Нима учун Сен Ўз қулингни азобламоқдасан? Нима учун мен Сенинг нигоҳингда илтифот топмадимки, Сен ушбу халқнинг бутун юкини менга юкладинг?
12
Ахир бу бутун халқни мен қорнимда кўтариб юрдимми ва мен уни туғдиммики, Сен оталарига қасам ичиб беришни ваъда берган ерга уларни "энага болани кўтариб юргани каби, қўлингда кўтариб бор", деб Сен менга айтасан?
13
Бутун бу халққа бериш учун гўштни қаердан олайин? Зеро улар менинг олдимда йиғлаб: Бизга ейишга гўшт бер,- демоқдалар.
14
Мен бутун бу халқни бир ўзим кўтариб юра олмайман, чунки у мен учун оғирдир.
15
Агар Сен мен билан шундай йўл тутаётган бўлсанг, яхшиси, мени ўлдиргин. Агар мен Сенинг нигоҳингда илтифот топган бўлсам, мен ўз кулфатимни кўришимга йўл қўймагин”.
16
Раббий Мусога деди: “Исроил оқсоқолларидан, сенинг ўзинг оқсоқол ва назоратчи эканликларини билган етмиш кишини Менинг олдимга йиққин. Уларни Йиғин Чодирига олиб келгин ва улар сен билан бирга ўша жойда турсинлар.
17
Мен тушиб келаман ва ўша ерда сен билан гаплашаман. Сендаги Руҳдан олиб, уларга соламан ва улар сен билан бирга халқнинг юкини кўтариб юрадилар, токи сенинг бир ўзинг кўтариб юрмагин.
18
Халққа эса айтгин: Эртанги кунга покланинглар ва гўшт ейсизлар. Чунки сизлар Раббийнинг қулоғига йиғлаб: "Ким бизни гўшт билан боқади? Бизга Мисрда яхши эди,"- дедингизлар. Шунинг учун Раббий сизларга гўшт беради ва сизлар ейсизлар.
19
Бир кун эмас, икки кун эмас, беш кун эмас, ўн кун эмас ва йигирма кун эмас,
20
бироқ у сизларнинг бурнингиздан чиқмагунича ва сизлар учун жирканч бўлмагунича, тўлиқ бир ой ейсизлар. Зеро сизлар орангиздаги Раббийни менсимадингизлар ва Унинг олдида йиғлаб: Бизнинг Мисрдан чиқишимизнинг нима кераги бор эди?- дедингизлар”.
21
Мусо деди: “Мен орасида яшаётган бу халқда олти юз мингта пиёда бор. Сен эса: Мен уларга гўшт бераман ва тўлиқ бир ой ейдилар,- демоқдасан.
22
Уларга етарли бўлиши учун барча қўй ва ҳўкизларни сўйиш керакми? Ёки уларга етарли бўлиши учун денгизнинг барча балиқларини йиғиш керакми?”
23
Шунда Раббий Мусога: “Наҳот Раббийнинг қўли калта бўлса? Менинг сўзим сен учун амалга ошадими ёки йўқми, энди кўрасан”,- деди.
24
Сўнг Мусо чиқиб, халққа Раббийнинг сўзларини айтди ва халқнинг оқсоқолларидан етмиш кишини йиғиб, уларни Чодирнинг олдига қўйди.
25
Шунда Раббий булутда тушиб келди ва унга гапирди. У ундаги Руҳдан олиб, етмиш нафар оқсоқолга берди. Уларга Руҳ тушганида, улар башорат қила бошладилар, лекин кейин тўхтадилар.
26
Эркаклардан икки нафари қароргоҳда қолган эди. Бирининг исми Элдад ва иккинчисининг исми Медад эди. Уларга ҳам Руҳ тушди ва улар қароргоҳда башорат қилдилар.
27
Бир ўспирин югуриб келиб, Мусога хабар бериб: “Элдад ва Медад қароргоҳда башорат қилмоқда”,- деди.
28
Бунга жавобан, Мусонинг хизматкори, унинг йигитларидан бири Нўн ўғли Йешуа: “Менинг хўжайиним Мусо, уларга ман қилинг”,- деди.
29
Лекин Мусо унга: “Сен мен учун рашк қилмаяпсанми? Қани эди, Раббий Ўз Руҳини уларнинг устига қўйганида, Раббийнинг халқидан ҳамма пайғамбар бўлса эди”,- деди.
30
Мусо ва Исроил оқсоқоллари қароргоҳга қайтдилар.
31
Сўнг Раббийдан шамол кўтарилиб, денгиздан беданаларни учириб келди ва уларни қароргоҳнинг олдига: бир томонидан бир кунлик йўл масофада, иккинчи томонидан ҳам бир кунлик йўл масофада қароргоҳнинг олдига, ердан қарийб икки тирсак баландликда уйиб ташлади.
32
Халқ туриб, ўша бутун кун давомида ва бутун туни давомида, кейинги бутун кун давомида ҳам беданаларни тердилар. Энг кам терган киши ўн хомер терган эди ва уларни ўзлари учун қароргоҳнинг атрофига ёйиб чиқдилар.
33
Гўшт ҳали уларнинг тишларидалигида ва ҳали ейилмасидан, Раббийнинг ғазаби халққа алангаланди ва Раббий халқни ўта улкан ўлат билан шикастлади.
34
Ушбу жойга “Киброт-Хаттаваҳ” (Шаҳват Гўрлари), деб ном қўйдилар, чунки улар у ерда очкўз халқни дафн этдилар.
35
Халқ Киброт-Хаттаваҳдан Ҳазеротга сафар қилди ва Ҳазеротда тўхтади.