9 1 Шунда У қайиққа ўтириб, денгизнинг нариги томонига ўтди ва ўз юртига келди. 2 Мана, Унинг олдига тўшакда ётган шол одамни олиб келдилар. Исо уларниниг имонини кўриб, шолга қараб: “Дадил бўл, болам! Сенинг гуноҳларинг кечирилди”,- деди. 3 Шунда баъзи уламолар ўз-ўзларига: “У куфр қиляпти”,- дедилар. 4 Исо уларнинг фикрларини билиб, деди: “Нима учун сизлар юракларингизда ёмон нарсани ўйлаяпсизлар? 5 Ҳақиқатан ҳам нимани айтиш осонроқ “Сенинг гуноҳларинг кечирилди”, деб айтишми, ёки: “Ўрнингдан туриб юргин”, деб айтишми? 6 Лекин Инсон Ўғлининг ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимиятига эга эканлигини билиб олишингиз учун... Ўрнингдан тур,- деди шолга Исо,- тўшагингни олиб, уйингга бор”. 7 У эса туриб, ўз тўшагини олди ва уйига кетди. 8 Халқ эса буни кўриб ҳайратланди ва одамларга шундай ҳокимият берган Худони улуғлади. 9 Исо у ердан ўтиб, солиқ йиғадиган жойда ўтирган Матто исмли одамни кўрди ва унга: “Менинг ортимдан юргин”,- деди. У туриб, Исонинг ортидан кетди. 10 Сўнг Исо уйда дастурхон атрофида ёнбошлаганида, кўплаб солиқчилар ва гуноҳкорлар келиб, У ва Унинг шогирлари билан бирга ёнбошладилар. 11 Фарзийлар буни кўриб, Унинг шогирдларига: “Нима учун Устозингиз солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб-ичади?”- дедилар. 12 Исо эса буни эшитганида, уларга деди: “Соғлар эмас, балки беморлар шифокорга муҳтождирлар. 13 Энди бориб: Мен қурбонликни эмас, раҳм-шафқатни истайман,- дейилганининг маъносини ўрганинглар. Чунки Мен ҳақ одамларни эмас, балки гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман”. 14 Шунда Унинг олдига Яҳёнинг шогирдлари келиб: “Нима учун фарзийлар билан биз рўза тутамиз, Сенинг шогирдларинг эса рўза тутмайдилар?”- деб сўрадилар Ундан. 15 Исо уларга деди: “Куёв ораларида бўлган пайтда тўйхонадагилар аза тутадиларми? Аммо кунлар келадики, куёв улардан тортиб олинади, шунда рўза тутадилар. 16 Ҳеч ким эски кийимга янги матодан ямоқ қилмайди, чунки ямоқ эски кийимни йиртиб юборади ва йиртиғи баттар бўлади. 17 Шунингдек, янги шаробни ҳам эски мешга қуймайдилар, акс ҳолда эски меш йиртилиб, шароб оқиб кетади, меш ҳам нобуд бўлади. Лекин янги шароб, янги мешларга солинади ва иккаласи ҳам сақлаб қолинади”. 18 Исо уларга буларни айтган заҳоти Унинг олдига бир бошлиқ келди-да, Унга сажда қилиб: “Менинг қизим ҳозир ўлди. Бироқ келиб, унга қўлингни қўй ва у яна тирилади”,- деди. 19 Исо туриб, унинг ортидан кетди. Шогирдлари ҳам Исога эргашдилар. 20 Шу пайт ўн икки йилдан бери қон кетишидан қийналиб юрган бир аёл орқа томондан келиб, Исонинг кийимининг этагига тегди, 21 чунки у ўз ичида: “Агар Унинг кийимига тегсам, шифо топаман”,- деган эди. 22 Исо эса ўгирилиб, аёлни кўргач, унга: “Дадил бўл, қизим! Сенинг имонинг сени қутқарди”,- деди. Аёл ўша вақтнинг ўзида шифо топди. 23 Исо бошлиқнинг уйига келганида, най чалувчиларни ва саросимага тушган халқни кўрди. 24 Исо уларга: “Чиқиб кетинглар, чунки қизалоқ ўлган эмас, у ухлаяпти”,- деди. Улар эса Унинг устидан кулишди. 25 Халқ чиқарилганидан сўнг, Исо ичкарига кириб, қизчанинг қўлидан тутди ва қизча ўрнидан турди. 26 Бу ҳақида овоза бутун ўша юрт бўйлаб тарқалди. 27 Исо у ердан жўнаётганида, Унинг ортидан иккита кўр эргашиб: “Эй, Довуднинг Ўғли, бизга раҳм-шафқат қилгин”,- деб бақирдилар. 28 У эса уйга келганида, кўрлар Унинг ёнига келишди. Исо уларга: “Мен буни қила олишимга ишонасизларми?”- деди. Улар Унга: “Ҳа, Ҳазрат”,- дедилар. 29 Шунда Исо уларнинг кўзларига тегиб: “Имонингизга яраша сизларга бўлсин”,- деди. 30 Уларнинг кўзлари очилди. Исо уларга: “Қаранглар, буни ҳеч ким билмасин”,- дея қатъий буюрди. 31 Улар эса чиқиб, ўша ернинг ҳамма жойида У ҳақида овоза қилдилар. 32 Сўнг улар кетаётганларида, Исонинг олдига жинга чалинган соқовни олиб келдилар. 33 Жин қувилганидан сўнг, соқов тилга киргани учун халойиқ ҳайратланиб: “Ҳеч қачон Исроилда бундай ҳодиса содир бўлмаган”,- дейишди. 34 Бунга фарзийлар: “У жинлар бошлиғининг кучи билан жинларни қувиб чиқармоқда”,- дейишди. 35 Исо эса бутун шаҳар ва қишлоқларни айланиб юриб, уларнинг синагогаларида таълим берди ва Шоҳлик хушхабарини воизлик қилиб, одамларнинг ҳар хил касалликларию хасталикларини шифолади. 36 Тўда-тўда оломонни кўриб, Исо уларга ачинди, чунки улар чўпонсиз қўйлар каби тарқалиб кетган ва заифлашган эдилар. 37 Шунда У Ўз шогирдларига деди: “Ҳосил кўп, аммо ишчилар оз. 38 Шунинг учун: Ўз ўрим-йиғимингга ишчиларни юбор, деб ҳосил Эгасига ибодат қилинглар”.