10 1 Исо Ўзининг ўн икки шогирдини чақириб, уларга ҳар қандай дарду касалликларни шифолаш учун куч-қудрат ва нопок руҳларни қувиб чиқариш учун ҳокимиятни берди. 2 Ўн иккита ҳаворийнинг исмлари қуйидагича: биринчиси Петъёр, деб аталган Шимўн ва унинг укаси Андер, Забадийнинг ўғли Ёқуб ва унинг укаси Юҳанно, 3 Филип ва Бартолмей, Тўма ва солиқчи Матто, Алфейнинг ўғли Ёқуб ва Таддей, 4 рашкчи Симун ва Исога хиёнат қилган Яҳудо Искариот. 5 Исо шу ўн икки шогирдини жўнатиб, уларга қуйидагиларни амр берди: “Мажусийларнинг йўлларига борманглар ва самарияликларнинг шаҳрига кирманглар. 6 Аксинча, Исроил хонадонининг ҳалок бўлган қўйларига боринглар. 7 Бораётиб: Осмон Шоҳлиги яқинлашди,- деб воизлик қилинглар. 8 Беморларни шифоланглар, моховларни покланглар, ўликларни тирилтиринглар, жинларни қувиб чиқаринглар. Текин олдингизлар, текин беринглар. 9 Белбоғингизга олтин, кумуш ёки мис пул ҳам олманглар. 10 Йўлингизга тўрва ҳам, иккита кўйлак ҳам, пойафзал ҳам, ҳасса ҳам олманглар, чунки меҳнаткаш ўз озиқ-овқатига муносибдир. 11 Қайси бир шаҳар ёки қишлоққа кирсангизлар, у ерда ким лойиқ эканини билиб олинглар. Шундай қилиб, йўлга тушгунингизча, ўша ерда қолинглар. 12 Уйга кираётганингизда, уларга: Уйингизга тинчлик бўлсин,- деб салом беринглар. 13 Агар уй аҳли лойиқ бўлса, сизларнинг тинчлигингиз уларга келади, агар лойиқ бўлмаса, сизларнинг тинчлигингиз ўзларингизга қайтади. 14 Агар сизларни кимдир қабул қилмаса ёки сизларнинг сўзларингизни эшитмаса, у уйдан ёки шаҳардан чиқиб кетаётганингизда, оёқларингизнинг чангини қоқиб кетинглар. 15 Сизларга ростини айтаманки, ҳукм кунида у шаҳардан кўра Садўм ва Ғамўранинг ерига осонроқ бўлади. 16 Мана, Мен сизларни бўриларнинг орасига қўйдек юборяпман. Шунинг учун илондек доно ва кабутардек содда бўлинглар. 17 Одамлардан эҳтиёт бўлинглар, чунки улар сизларни Синедрионга топширадилар ва сизларни ўзларининг синагогаларида калтаклайдилар. 18 Сизларни Мен туфайли шоҳлару ҳокимларнинг олдиларига олиб борадилар, токи сизлар уларнинг ва мажусийларнинг қаршисида гувоҳлик беринглар. 19 Сизларни тутиб бераётганларида, нима дейиш ва қандай айтиш ҳақида ташвишланманглар, чунки ўша пайтда сизларга нима дейишингиз кераклиги айтилади. 20 Чунки сизлар гапирмайсизлар, аммо сизларнинг Отангизнинг Руҳи сизларда гапиради. 21 Ака укасини, ота ўғлини ўлимга топширади. Болалар ўз ота-оналарига қарши чиқиб, уларни ҳалок қиладилар. 22 Менинг номим ҳақи ҳамма сизлардан нафратланади, охиригача чидаган эса нажот топади. 23 Сизларни бир шаҳардан қувганларида, бошқа шаҳарга қочинглар. Зеро сизларга ростини айтаманки, сизлар Исроил шаҳарларини айланиб чиқишга улгурмагунингизча, инсон Ўғли келади. 24 Шогирд ўз устозидан юқори бўлмас ва қул ўз хўжайинидан юқори бўлмас, 25 аммо шогирд учун ўз устозидек ва қул учун ўз хўжайинидек бўлиш етарлидир. Агар уйнинг эгасини Баалзебуб, деб атаган бўлсалар, боз устига уй аҳлини шундай аташмайдими? 26 Шунинг учун улардан қўрқманглар! Чунки очилмай қоладиган ҳеч бир яширин нарса йўқ, билинмай қоладиган ҳеч бир сирли нарса ҳам йўқ. 27 Қоронғиликда сизларга нимани айтсам, ёруғликда гапиринглар. Қулоғингизга солган нарсани эшитсангизлар, шуни томларнинг устида воизлик қилаверинглар. 28 Танани ўлдириб, жонни ўлдира олмайдиганлардан қўрқманглар, лекин танани ҳам, жонни ҳам дўзахда ҳалок қила оладиган Ўшадан кўпроқ қўрқинглар. 29 Иккита чумчуқ бир ассарийга сотилмайдими? Улардан бирортаси ҳам Отангизнинг иродасисиз ерга тушмайди. 30 Сизларнинг эса бошингиздаги бор сочларингиз ҳам саналган. 31 Шунинг учун қўрқманглар, сизлар кўпгина чумчуқлардан қадрлироқсизлар. 32 Зотан инсонлар олдида Мени очиқ эътироф этадиган ҳар бир одамни Мен ҳам Осмондаги Отам олдида очиқ эътироф этаман. 33 Аммо инсонлар олдида Мени инкор этадиган одамни Мен ҳам Осмондаги Отам олдида инкор этаман. 34 Сизлар Мени ерга тинчлик олиб келгани келган, деб ўйламанглар. Мен тинчлик эмас, балки қилич олиб келгани келганман. 35 Зеро Мен одамни ўз отасидан, қизни ўз онасидан ва келинни ўз қайнанасидан ажратишга келганман. 36 Одамнинг душманлари эса – унинг уйидагиларидир. 37 Ким ўз отаси ёки онасини Мендан кўра кўпроқ севса, у Менга лойиқ эмас, ким ўз ўғлини ёки қизини Мендан кўра кўпроқ севса, Менга лойиқ эмас. 38 Ким Менинг ортимдан бориб, ўз хочини олмаса, Менга лойиқ эмас. 39 Ўз жонини топмоқчи бўлган уни йўқотади, ўз жонини Мен учун йўқотган эса уни топади. 40 Ким сизларни қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади, ким Мени қабул қилса, Мени Юборганни қабул қилган бўлади. 41 Ким пайғамбарни пайғамбар номи ҳақи қабул қилса, пайғамбарнинг мукофотини олади. Ким ҳақ одамни ҳақ одам номи ҳақи қабул қилса, ҳақ одамнинг мукофотини олади. 42 Кимки бу кичиклардан бирига бир пиёла совуқ сувни шогирд номи ҳақи берса, сизларга ростини айтаманки, ўз мукофотини йўқотмайди”.