8 1 Исо тоғдан тушганида, кўплаб халқ Унинг ортидан эргашди. 2 Шунда бир мохов киши келди-да, Унга сажда қилиб: “Ҳазратим, агар истасанг, мени поклай оласан”,- деди. 3 Исо қўлини узатди ва унга тегиб: “Истайман, пок бўлгин”,- деди. Шу лаҳзада у моховдан покланди. 4 Исо унга: “Қара, ҳеч кимга айтмагин, лекин бориб, ўзингни руҳонийга кўрсатгин. Уларга гувоҳлик бўлиши учун Мусо амр этган қурбонликни келтиргин”,- деди. 5 Исо Кафарнаҳум шаҳрига кирганида, Унинг олдига юзбоши келиб, Ундан ёлворди: 6 ”Ҳазрат! Менинг хизматкорим шол бўлиб, жуда азобланиб, уйда ётибди”. 7 Исо унга: “Мен бориб, уни шифолайман”,- деди. 8 Юзбоши эса жавоб бериб, деди: “Ҳазрат! Сен менинг томим остига киришингга мен лойиқ эмасман. Фақатгина бир сўз айтгин ва менинг хизматкорим шифо топади. 9 Зеро мен ҳам ҳокимият остидаги одамман, менинг қўл остимда ҳам аскарларим бор. Бирига: Бор,- десам, у боради, бошқага: Кел,- десам, у келади, бирор хизматкоримга: Буни қил,- десам, у бажаради. 10 Исо буни эшитганида ажабланди ва ортидан эргашганларга: “Мен сизларга ростини айтаманки, бундай катта имонни ҳатто Исроилда топмадим,- деди,- 11 Сизларга айтаманки, кўпчилик шарқу ғарбдан келиб, Осмон Шоҳлигида Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан бирга ёнбошлайдилар. 12 Лекин Шоҳликнинг ўғиллари ташқи зулматга чиқариб ташланадилар, у ерда йиғи-сиғи ва тишлар ғижирлаши бўлади”. 13 Исо юзбошига: “Бор! Ишонишингга кўра сенга бўлсин!”- деди. Унинг хизматкори шу лаҳзада шифо топди. 14 Исо Петъёрнинг уйига келганида, унинг қайнонаси иситмалаб ётган эди. 15 Исо унинг қўлига тегди ва иситма уни тарк этди. У эса ўрнидан туриб, уларга хизмат қила бошлади. 16 Оқшом кирганида, жинга чалинган кўпларни Унинг олдига олиб келдилар. У сўз билан руҳларни қувди ва беморларнинг ҳаммасини шифолади. 17 Шу йўсинда, Йешайаҳ пайғамбарнинг: “У касалликларимизни Ўзига олди ва оғриқларимизни кўтариб кетди”,- дегани амалга ошди. 18 Исо атрофида кўп халойиқни кўриб, шогирдларига бошқа қирғоққа сузиб ўтишни буюрди. 19 Шунда бир уламо яқин келиб, Унга: “Устоз! Сен қаерга борсанг, мен ҳам Сенинг ортингдан бораман”,- деди. 20 Исо унга жавоб бериб, деди: “Тулкиларнинг уялари бор, қушларнинг инлари бор, лекин Инсон Ўғлининг бошини қўядиган жойи йўқ”. 21 Унинг шогирдларидан бошқа бири Унга: “Ҳазратим, олдин отамни кўмиб келишимга ижозат бергин”,- деди. 22 Лекин Исо унга: “Менинг ортимдан юр! Ўз ўликларини кўмишни эса ўликларга қўйиб бер”,- деди. 23 Исо қайиққа тушганида, Унинг шогирдлари Унга эргашдилар. 24 Шу орада денгизда кучли тўфон кўтарилдики, қайиқни тўлқинлар қоплаб олар эди. Исо эса ухлаб ётар эди. 25 Унинг шогирдлари яқинлашди-да, Уни турғизиб: “Ҳазрат, бизни қутқар, ҳалок бўляпмиз”,- дедилар. 26 У уларга: “Эй, имони камлар, нега бундай қўрқоқсизлар?”- деди. Кейин Исо туриб, шамол ва денгизга тақиқлади, шунда буюк жимжитлик бўлди. 27 Одамлар ҳайратланиб: “Бу Ким экан, ҳатто шамоллар ва денгиз ҳам Унга бўйсунса?!”- дедилар. 28 Исо нариги қирғоққа, Гиргош юртига келганида, жин чалган икки киши қабристондан чиқиб, Унга дуч келди. Улар ўта ваҳший бўлганликлари учун ҳеч кимнинг у йўлдан ўтишга ҳадди сиғмас эди. 29 Улар: “Бизга нима ишинг бор, эй, Худонинг Ўғли? Бизни вақтидан олдин қийнаш учун келдингми?”- дедилар. 30 Улардан узоқроқда тўнғизнинг катта подаси ўтлаб юрар эди. 31 Жинлар Исога ёлвориб: “Агар бизни қувиб чиқарадиган бўлсанг, унда бизни тўнғиз подасига юборгин”,- дедилар. 32 У уларга: “Боринглар”,- деди. Шунда улар чиқиб, тўнғиз подасига кириб олдилар. Шу онда бутун тўнғиз подаси тиккаликдан денгизга ташланиб, сувда ҳалок бўлишди. 33 Тўнғиз боқувчилар эса югуриб кетиб, шаҳарга келдилар ва ҳамма нарсани, шунингдек, жин чалганлар билан нима воқеа содир бўлганини айтиб бердилар. 34 Шунда бутун шаҳар аҳолиси Исо билан учрашгани чиқди ва Уни кўрганларида, уларнинг ҳудудларидан чиқиб кетишини Ундан илтимос қилдилар.