7 1 Ҳукм қилманглар, шунда сизлар ҳам ҳукм қилинмайсизлар. 2 Зеро қандай ҳукм қилсангизлар, сизлар ҳам шундай ҳукм қилинасизлар, қандай ўлчов билан ўлчасангизлар, сизларга ҳам шундай ўлчанади. 3 Сен нимага биродарингнинг кўзидаги зирапчага қараяпсан, аммо ўз кўзингдаги ходани сезмаяпсан? 4 Ўз кўзингда хода бор экан, қандай қилиб биродарингга: Кел, сенинг кўзингдан зирапчани чиқариб оламан,- деб айта оласан? 5 Эй, иккиюзламачи! Олдин ўз кўзингдаги ходани чиқариб ташла, ўшандагина ўз биродарингнинг кўзидаги зирапчани қандай чиқариб олишни аниқ кўрасан. 6 Муқаддасворликларни итларга берманглар ва ўз марваридларингизни чўчқалар олдига ташламанглар, токи улар буларни оёқ ости қилмасинлар ва ўгирилиб, сизларни тилка-пора қилмасинлар. 7 Сўранглар ва сизларга берилади, изланглар ва топасизлар, тақиллатинглар ва сизларга очилади. 8 Чунки сўрайдиган ҳар бир одам олади, излайдиган топади ва тақиллатаётганга очилади. 9 Сизларнинг орангизда бир кимса борми, ўғли ундан нон сўраганида, унга тош берса? 10 Ёки балиқ сўраганида, унга илон берса? 11 Агар сизлар ёвуз бўла туриб, фарзандларингизга яхши ҳадялар беришни билсангизлар, унда боз устига, сизларнинг Осмондаги Отангиз Ундан сўраганларга яхши нарсаларни беради. 12 Ҳамма нарсада одамлар сизларга қандай муомала қилишларини истасангизлар, сизлар ҳам уларга шундай муомалада бўлинглар, чунки Қонун ва пайғамбарлар шундадир. 13 Тор дарвозадан киринглар! Чунки ҳалокатга олиб борадиган йўл энли ва дарвоза кенгдир, кўплар ана шу йўлдан бормоқдалар. 14 Ҳаётга олиб борадиган йўл эса танг ва эшик тордир, оз одам бу йўлни топади. 15 Сизларнинг олдингизга қўй кийимида келадиган, аслида, ичида йиртқич бўри бўлган сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар. 16 Уларни ҳосилларидан билиб оласизлар: тиканакдан узум ёки янтоқдан анжир теришадими? 17 Шунингдек, ҳар қандай яхши дарахт яхши ҳосил беради, ёмон дарахт эса ёмон ҳосил беради. 18 Яхши дарахт ёмон ҳосил бера олмайди, ёмон дарахт эса яхши ҳосил бера олмайди. 19 Яхши ҳосил келтирмайдиган ҳар қандай дарахт кесилиб, оловга ташланади. 20 Шундай қилиб, уларни ҳосилларидан билиб оласизлар. 21 Менга: Ё, Раббий! Ё, Раббий!- деганларнинг ҳар бири эмас, балки Осмондаги Отамнинг иродасини бажарадиган одам Осмон Шоҳлигига киради. 22 Ўша кунда кўпчилик Менга: Ё, Раббий, ё, Раббий, биз Сенинг номингдан башорат қилмадикми? Сенинг номингдан жинларни қувиб чиқармадикми? Сенинг номингдан кўпгина мўъжизаларни яратмадикми?- дейдилар. 23 Мен эса уларга эълон қиламан: Мен сизларни ҳеч қачон билганим йўқ. Менинг олдимдан кетинглар, эй, қонунсизлик қилувчилар! 24 Шундай қилиб, кимки Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларни бажарса, уни ўз уйини тош устида қурган фаросатли одамга ўхшатаман. 25 Ёмғир ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, шу уйга ёпирилди, лекин у қуламади, чунки тош устида ўрнатилган эди. 26 Кимки Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларни бажармаса, у уйини қум устига қурган фаросатсиз одамга ўхшайди. 27 Ёмғир ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, шу уйни босиб қўйди ва у қулади. Унинг қулаши эса улкан бўлди”. 28 Исо бу сўзларини тугатганида, халқ Унинг таълимотидан ҳайратланди, 29 чунки У уламолар каби эмас, балки ҳокимият эгасидек таълим берар эди.