5 1 Исо халқни кўрганида, тоққа чиқиб ўтирди. Шогирдлари эса Унинг олдига келдилар. 2 Шунда Исо уларга таълим бериб, гап бошлади: 3 ”Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидирлар, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир. 4 Йиғлаётганлар бахтлидирлар, чунки улар тасалли топадилар. 5 Камтарин бўлганлар бахтлидирлар, чунки улар ерни мерос қилиб оладилар. 6 Ҳақликка оч ва ташна бўлганлар бахтлидирлар, чунки улар тўқ бўладилар. 7 Раҳм-шафқатли бўлганлар бахтлидирлар, чунки улар раҳм-шафқат топадилар. 8 Юраги поклар бахтлидирлар, чунки улар Худони кўрадилар. 9 Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидирлар, чунки улар Худонинг ўғиллари, деб аталадилар. 10 Ҳақлик учун қувғинга учраганлар бахтлидирлар, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир. 11 Мен туфайли сизларни ҳар хил бўҳтон сўзлар билан ёмонлаганларида ва сизларни ҳақоратлаб қувғин қилганларида, сизлар бахтлисизлар. 12 Қувониб шодланинглар, чунки сизларнинг Осмондаги мукофотингиз буюкдир! Сизлардан олдин пайғамбарлар ҳам шундай қувғинга дучор бўлганлар. 13 Сизлар ернинг тузисизлар, агар туз ўз кучини йўқотса, уни қандай шўр қилиш мумкин? У энди ташлаб юборишдан ва одамларнинг оёғи остида топталишдан бошқа ҳеч нарсага ярамайди. 14 Сизлар дунёнинг нурисизлар. Тоғнинг тепасида турган шаҳар яширин қола олмайди. 15 Шамни ёқиб, идишнинг остига қўймайдилар, балки уйдагиларнинг ҳаммасига нур бериши учун уни шамдонга қўядилар. 16 Сизларнинг нурингиз одамларнинг олдида шундай порласинки, токи улар сизларнинг яхши ишларингизни кўриб, Осмондаги Отангизни улуғласинлар. 17 Мени Қонун ёки пайғамбарларни бекор қилгани келган, деб ўйламанглар, Мен бекор қилгани эмас, балки бажо келтиргани келганман. 18 Сизларга ростини айтаманки, еру осмон ўтмагунича ва ҳамма нарса амалга ошмагунича, Қонундан бирор ҳарф ҳам, бирор чизиқча ҳам ўчмайди. 19 Шундай қилиб, ким шу амрлардан энг кичигини бузиб, одамларга шундай ўргатса, у Осмон Шоҳлигида энг кичик, деб аталади. Аммо ким буларни бажариб, бошқаларга ҳам ўргатса, Осмон Шоҳлигида буюк, деб аталади. 20 Зеро сизларга айтаманки, агар сизларнинг ҳақлигингиз уламолару фарзийларнинг ҳақлигидан устун бўлмаса, Осмон Шоҳлигига кира олмайсизлар. 21 Сизлар қадимгиларга: Ўлдирма! Ким ўлдирса, суд ҳукмига маҳкум бўлади,- дейилганини эшитгансизлар. 22 Аммо Мен сизларга айтаманки, ким ўз биродаридан ғазабланса, суд ҳукмига муҳкум бўлади. Ким ўз биродарига “аҳмоқ” деса, синедрион ҳукмига маҳкум бўлади. Ким ўз биродарига “телба” деса, дўзах оловига маҳкум бўлади. 23 Шундай қилиб, сен қурбонгоҳга бағишловингни олиб келиб, у ерда биродарингнинг сенга қарши даъвоси борлиги ёдингга тушса, 24 бағишловингни қурбонгоҳнинг олдида қолдир ва бориб, олдин биродаринг билан ярашгин, ўшанда келиб, бағишловингни келтиргин. 25 Сен рақибинг билан ҳали йўлда кетаётганингда, тезда ярашиб олгин, токи рақибинг сени қозига топширмасин, қози эса сени миршабга топширмасин ва сени зиндонга ташламасин. 26 Сенга ростини айтаманки, охирги тийинингни бермагунингча, у ердан чиқмайсан. 27 Сизлар қадимгиларга: Зино қилма,- дейилганини эшитгансизлар. 28 Аммо Мен сизларга айтаманки, ким аёлга ҳирс билан қараса, аллақачон ўз юрагида у билан зино қилган бўлади. 29 Агар ўнг кўзинг сени васвасага солса, уни суғуриб олиб, ўзингдан улоқтириб ташла, чунки бутун тананг дўзахга ташланишидан кўра, аъзоларингдан бирининг ҳалок бўлгани сен учун афзалроқдир. 30 Агар ўнг қўлинг сени васвасага солса, уни кесиб, ўзингдан улоқтириб ташла, чунки бутун тананг дўзахга ташланишидан кўра, аъзоларингдан бирининг ҳалок бўлгани сен учун афзалроқдир. 31 Шунингдек, Ёзувларда: Ким хотини билан ажралса, унга ажралиш хатини берсин,- дейилган. 32 Аммо Мен сизларга айтаманки, ким зино айбидан бошқа сабаб билан хотинидан ажралса, унга зино қилишга сабаб беради. Ким ажралган хотинга уйланса, у зино қилаётган бўлади. 33 Сизлар яна қадимгиларга: Ичган қасамингдан қайтма, аммо Раббийнинг олдида қасамларингни бажаргин,- дейилганини эшитгансизлар. 34 Аммо Мен сизларга айтаманки, умуман қасам ичманглар – на Осмон ҳақи, чунки у Худонинг тахтидир, 35 на ер ҳақи, чунки у Худо оёғининг супачасидир, на Йерусалим ҳақи, чунки бу буюк Подшоҳнинг шаҳридир. 36 Бошинг ҳақи ҳам қасам ичмагин, чунки сен бир тола сочингни оқ ёки қора қила олмайсан. 37 Аммо сизларнинг сўзингиз: “ҳа” – “ҳа”, “йўқ” – “йўқ” бўлсин, бундан ортиғи эса ёвуздандир. 38 Сизлар: Кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш,- дейилганини эшитгансизлар. 39 Аммо Мен сизларга айтаманки, ёвузга қаршилик қилманглар. Ким сени ўнг чаккангга урса, унга чап чаккангни ҳам тутиб бергин. 40 Ким сен билан судлашиб, сенинг кўйлагингни олмоқчи бўлса, унга тўнингни ҳам бергин. 41 Ким сени бир масофа юришга мажбур қилса, у билан икки масофа юргин. 42 Сендан сўраётганга бер, сендан қарз олмоқчи бўлгандан юзингни ўгирма. 43 Сизлар: Ўз яқинингни севгин, душманингдан эса нафратлангин,- дейилганини эшитгансизлар. 44 Аммо Мен сизларга айтаманки, душманларингизни севинглар, сизларни лаънатлаётганларни дуо қилинглар, сизлардан нафратланаётганларга яхшилик қилинглар, сизларни ҳақоратлаб қувғин қилаётганлар учун ибодат қилинглар. 45 Шунда сизлар Осмондаги Отангизнинг фарзандлари бўласизлар. Чунки У қуёшни ёвузлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам чиқаради. У ёмғирни ҳақ одамларга ҳам, ноҳақ одамларга ҳам юборади. 46 Агарда сизларни севувчиларни севсангизлар, сизларга қандай мукофот бор? Солиқчилар ҳам шундай қилмайдиларми? 47 Агар сизлар фақатгина биродарларингиз билан саломлашсангизлар, афзалроқ нима иш қиляпсизлар? Мажусийлар ҳам шундай қилмайдиларми? 48 Шундай қилиб, Осмондаги Отангиз баркамол бўлганидек, сизлар ҳам баркамол бўлинглар.