4 1 Ўшанда Исо иблиснинг васвасасидан ўтиш учун Муқаддас Руҳ томонидан саҳрога олиб борилди. 2 У қирқ кун ва қирқ тун рўза тутиб, охири оч қолди. 3 Шунда васваса қилувчи Унинг олдига келиб: “Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, буюргин, бу тошлар нонга айлансин”,- деди. 4 Исо унга жавоб бериб: “Инсон биргина нон билан эмас, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир Сўз билан яшайди,- деб ёзилган”,- деди. 5 Сўнгра иблис Уни муқаддас шаҳарга олиб борди ва маъбаднинг чўққисига қўйиб, 6 Унга деди: “Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни пастга ташла. Зеро ёзилган: У Ўз фаришталарига Сен ҳақингда амр беради. Улар Сени қўлларида кўтариб юрадилар, оёғинг билан тошга ҳам қоқинмайсан”. 7 Исо эса унга: “Раббий Худойингни васваса қилма,- деб ёзилгани ҳам бор”,- деди. 8 Яна шайтон Исони баланд тоққа олиб чиқиб, Унга дунёнинг барча шоҳликлари ва уларнинг шуҳратини кўрсатиб, 9 Унга: “Агар тиз чўкиб, менга сажда қилсанг, буларнинг ҳаммасини Сенга бераман”,- деди. 10 Шунда Исо унга деди: “Йўқол, шайтон! Зеро ёзилганки: Раббий Худойингга сажда қил, биргина Унга хизмат қил!” 11 Шундан сўнг иблис Уни тарк этди. Фаришталар эса келиб, Унга хизмат қилдилар. 12 Исо Яҳёнинг ҳибсга олинганини эшитиб, Галилега кетди. 13 У Нозара шаҳрини тарк этиб, Забулун ва Нафтали чегарасидаги, денгиз соҳилидаги Кафарнаҳум шаҳрига келиб, у ерда жойлашди, 14 токи Йешайаҳ пайғамбар орқали айтилгани бажо келсин: 15 “Эй, Забулун ери ва Нафтали ери! Эй, денгиз йўлидаги, Йордан ортидаги мажусийларнинг Галилеси! 16 Зулматда ўтирган халқ буюк нур кўрди ва ўлим сояси ерида ўтирганларга нур порлади”. 17 Ўша пайтдан Исо воизлик қилиб айта бошлар эди: “Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди!” 18 Исо Галиле денгизи соҳилидан ўтаётиб, денгизга тўр ташлаётган икки ака-ука – Петъёр, деб аталган Шимўн ва унинг укаси Андерни кўрди, чунки улар балиқчилар эдилар. 19 Исо уларга: “Менга эргашинглар ва Мен сизларни инсон овчилари қиламан”,- деди. 20 Улар дарҳол ўз тўрларини ташлаб, Унга эргашдилар. 21 У ердан кетаётиб, Исо бошқа икки ака-ука – Забадийнинг ўғли Ёқуб ва унинг укаси Юҳаннони кўрди. Улар отаси Забадий билан биргаликда қайиқда тўрларини ямаб ўтирган эдилар. Исо уларни ҳам чақирди. 22 Улар дарҳол отаси ва қайиқни қолдириб, Исонинг ортидан эргашдилар. 23 Исо бутун Галилени айланиб, уларнинг синагогаларида таълим бериб, Шоҳликнинг Хушхабарини воизлик қилар ва одамлардаги барча касалликларни ва барча заифликларни шифолар эди. 24 У ҳақидаги хабар бутун Сурияга тарқалди. Унинг олдига ҳар хил касалликлару азобларга дучор бўлган барча хаста одамлар, жинга чалинганлар, тутқаноқлар ва шол одамларни олиб келдилар. Исо эса уларни шифолади. 25 Шу тариқа, Галиледан, Дикаполисдан, Йерусалимдан, Яҳудиядан ҳамда Йорданнинг нариги томонидан келган кўплаб халойиқ Унинг ортидан эргашди.