3 1 Ўша кунларда Яҳё чўмдирувчи келди. У Яҳудия саҳросида воизлик қилиб: 2 “Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди!”- деб хитоб қилар эди. 3 Зеро у ҳақида Йешайаҳ пайғамбар шундай деган эди: “Саҳрода фарёд қилаётганнинг овози: Раббий учун йўл тайёрланглар, Унга йўлакларни тўғри қилинглар”. 4 Яҳёнинг ўзи туянинг жунидан кийим кийиб, белига чарм камар таққан эди. Унинг озиғи чигиртка ва ёввойи асал эди. 5 Ўшанда Йерусалимда, бутун Яҳудияда ва Йордан дарёси атрофида яшовчиларнинг ҳаммаси унинг олдига чиқиб келар эди. 6 Улар ўз гуноҳларини эътироф этиб, Йордан дарёсида Яҳёдан сувга чўмдирилар эдилар. 7 Сувга чўмдирилиш учун кўплаб фарзийлару саддуқийларнинг унинг олдига келаётганини кўриб, у уларга деди: “Эй, илонлар зоти, бошингизга келадиган кулфатдан қочишни ким сизларга ўргатди? 8 Энди тавбага муносиб ҳосил келтиринглар. 9 Ичингизда: Иброҳим бизнинг отамиз,- деб айтишни ўйламанглар, чунки мен сизларга айтаман: Худо мана шу тошлардан Иброҳимга авлод тиклашга қодир. 10 Ҳозирдан дарахтларнинг илдизида болта ётибди. Яхши ҳосил бермайдиган ҳар бир дарахт кесилиб, оловга ташланади. 11 Мен сизларни тавба учун сувга чўмдиряпман, лекин мендан кейин Келаётган мендан кўра қудратлидир. Мен Унинг пойафзалини кўтариб юришга ҳам арзимайман. У сизларни Муқаддас Руҳ ва оловга чўмдиради. 12 Унинг паншахаси Унинг қўлидадир! У ўз хирмонини тозалаб, буғдойларини омборларга жамлайди, сомонларни эса сўнмайдиган ўтда ёндириб юборади”. 13 Ўшанда Яҳёдан сувга чўмдирилиш учун Исо Галиледан унинг олдига, Йордан дарёсига келди. 14 Лекин Яҳё Исони тўхтатиб: “Сен мени сувга чўмдиришинг керак, Сен менинг олдимга келяпсанми?”- деди. 15 Исо унга жавоб бериб деди: “Қўй энди, чунки биз бор ҳақиқатни шу йўсинда амалга оширишимиз керак”. Шунда Яҳё рози бўлди. 16 Сувга чўмдирилган Исо ўша заҳоти сувдан чиқди. Мана, Унга осмон очилди ва Яҳё Худонинг Руҳи Исонинг устига кабутардек тушиб келганини кўрди. 17 Осмондан эса: “Бу Менинг севимли Ўғлимдир. Ундан мамнунман”,- деган овоз келди.