2 1 Подшоҳ Ҳирод даврида Исо Яҳудиядаги Бейт-Леҳем шаҳрида туғилганидан кейин, шарқдан Йерусалимга мунажжимлар келиб, дейишди: 2 ”Яҳудийларнинг туғилган Подшоҳи қаерда? Зеро биз шарқда Унинг юлдузини кўрдик ва Унга сажда қилиш учун келдик”. 3 Подшоҳ Ҳирод буни эшитиб, ўзи ҳам, у билан бирга бутун Йерусалим ҳам безовталаниб кетди. 4 У барча олий руҳонийлар ва халқ уламоларини йиғиб, улардан: “Масиҳ қаерда туғилиши керак?”- деб сўради. 5 Улар унга жавобан: “Яҳудиядаги Бейт-Леҳем шаҳрида,- дедилар,- зеро пайғамбар томонидан шундай ёзилган: 6 Сен, эй, Бейт-Леҳем, Яҳудия юрти, сен Яҳудия бошлиқлари орасида ҳеч ҳам кам эмассан, чунки Менинг халқим Исроилга чўпонлик қилувчи Ҳукмдор сендан келиб чиқади”. 7 Шунда Ҳирод мунажжимларни яширинча чақириб, улардан юлдуз қачон пайдо бўлганини сўраб суриштирди. 8 Сўнг уларни Бейт-Леҳемга юбориб, уларга деди: “Бориб, Гўдакни синчиклаб суриштиринглар. Уни топганларингда эса менга хабар беринглар, токи мен ҳам бориб, Унга сажда қилай”. 9 Улар эса подшоҳни эшитиб бўлгач, йўлга тушдилар. Шундай қилиб, улар шарқда кўрган юлдуз уларнинг олдида борар эди ва Гўдак бўлган жойга келиб тўхтади. 10 Улар юлдузни кўрганларида, буюк қувонч билан қувондилар. 11 Уйга кириб, улар Гўдакни онаси Мирйам билан бирга кўрдилар ва тиз чўкиб, Унга сажда қилдилар. Сўнг хазиналарини очиб, Унга инъомларини – олтин, хушбўй тутатқилар ва миррани тақдим қилдилар. 12 Улар Ҳироднинг олдига қайтмаслик ҳақида тушларида ваҳий олиб, ўз юртларига бошқа йўл билан қайтиб кетдилар. 13 Мунажжимларнинг кетганларидан сўнг, мана, Раббийнинг фариштаси Юсуфга унинг тушида зоҳир бўлиб, унга: “Ўрнингдан тургин, Гўдакни ва Унинг онасини олиб, Мисрга кетгин. Мен сенга айтгунимча, ўша ерда бўлгин, чунки Ҳирод Гўдакни ўлдириш учун изламоқда”,- деди. 14 У туриб, Гўдакни онаси билан бирга олди ва тунда Мисрга кетди. 15 Ҳирод вафот этгунича Юсуф ўша ерда қолди, токи Раббийнинг пайғамбар орқали: “Ўғлимни Мисрдан чақирдим”,- деган сўзи амалга ошсин. 16 Ҳирод эса мунажжимлар томонидан мазах қилинганини кўргач, ўта дарғазаб бўлди. Шунда улардан билиб олган вақтга кўра, у Бейт-Леҳемдаги ҳамда унинг атрофидаги икки ёш ва ундан кичик бўлган ҳамма гўдакни қириш учун одамларни юборди. 17 Ўшанда Йермийаҳ пайғамбарнинг айтган сўзлари бажо бўлди: 18 “Рамаҳда йиғи, нола овози ва буюк фарёд эшитилмоқда. Роҳила ўз болалари учун йиғламоқда ва у юпанишни истамайди, чунки улар йўқ”. 19 Ҳироднинг ўлимидан кейин Худонинг фариштаси Юсуфга Мисрда намоён бўлиб: 20 “Ўрнингдан тургин, Гўдакни онаси билан бирга олиб, Исроил ерига боргин, чунки Гўдакнинг жонини излаётган ўлди”,- деди. 21 У ўрнидан туриб, Гўдакни онаси билан бирга олди ва Исроил ерига келди. 22 Аммо Ҳироднинг ўз отаси Архелайнинг ўрнига Яҳудия устидан ҳукмронлик қилаётганини эшитиб, Юсуф у ерга боришга қўрқди. Тушида эса ваҳий кўриб, у Галиле ҳудудларига кетди. 23 У Нозара, деб аталадиган шаҳарга келиб, ўша ерда яшай бошлади, токи пайғамбарлар орқали: “У Нозарий, деб аталади”,- деган сўз амалга ошсин.