27 1 Тонг отганида, олий руҳонийлар билан халқ оқсоқолларининг ҳаммалари Исони ўлимга топширишга келишдилар. 2 Шундай қилиб, Уни боғлаб, ҳоким Понтий Пилатнинг олдига олиб бориб, Исони унга топширдилар. 3 Шунда Исога хиёнат қилган Яҳудо, Унинг ҳукм қилинганини кўриб, тавба қилди ва олий руҳонийлар билан оқсоқолларга ўттиз кумуш тангани қайтариб бериб: 4 ”Бегуноҳ қонга хиёнат қилиб, гуноҳ қилдим”,- деди. Улар эса унга: ”Бу билан нима ишимиз бор? Ўзинг қара”,- дедилар. 5 Яҳудо эса кумушларни маъбадга ташлаб, чиқиб кетди ва бориб ўзини-ўзи осди. 6 Олий руҳонийлар кумушларни олиб: “Буларни маъбад хазинасига қўйиш жоиз эмас, чунки улар қоннинг нархидир”,- дедилар. 7 Шунда улар маслаҳат қилишиб, бу пулга мусофирларни дафн қилиш учун кулолнинг даласини сотиб олдилар. 8 Шунинг учун у ер бугунги кунларга қадар “қон даласи”, деб аталади. 9 Шундай қилиб, Йермийаҳ пайғамбарнинг айтилган сўзлари бажо бўлди: “Исроил ўғиллари томонидан Баҳоланганнинг баҳосини, ўттиз кумуш тангани олдилар. 10 Раббим менга тайинлаганидек, уларни кулолнинг даласи учун бердилар”. 11 Шу орада Исо ҳоким қаршисига келтирилди. Ҳоким Ундан: “Сен Яҳудия подшоҳимисан?”- деб сўради. Исо унга: “Сен айтяпсан”,- деди. 12 Олий руҳонийлар билан оқсоқоллар Уни айблаганларида, У жавоб қайтармади. 13 Шунда Пилат Унга: ”Сенга қарши қанча гувоҳлик беришаётганини эшитмаяпсанми?”- деди. 14 Исо унга бир оғиз сўз ҳам жавоб бермади, бундан эса ҳоким жуда ҳайратланди. 15 Ҳар Песаҳ байрамида ҳокимнинг халқ истаган бир маҳбусни озод қилиш одати бор эди. 16 Ўша пайтда Барабба деган таниқли бир маҳбус қамоқда эди. 17 Халқ оломони йиғилганида, Пилат уларга: ”Сизларга кимни қўйиб юборишимни хоҳлайсизлар: Бараббаними ёки Масиҳ, деб аталган Исоними?”- деди. 18 Чунки Пилат Исонинг ҳасад туфайли қўлга топширилганини билар эди. 19 Шу орада у суд курсисида ўтирганида, хотини унинг олдига одам жўнатиб: “Бу Ҳақ Одамга ҳеч нарса қилма, чунки мен бугунги тушимда У туфайли кўп азоб чекдим”,- деди. 20 Лекин олий руҳонийлар билан оқсоқоллар Бараббани озод қилишни, Исони эса ўлдиришни сўрашга халқни қўзғатдилар. 21 Шунда ҳоким улардан: ”Бу иккитасидан сизларга кимни қўйиб юборишимни хоҳлайсизлар?”- деб сўради. Улар: “Бараббани”,- дедилар. 22 Пилат уларга: “Масиҳ, деб аталган Исони нима қилай?”- деди. Ҳаммалари унга: “Хочга михлансин!”- дедилар. 23 Ҳоким: “У нима ёмонлик қилган экан?”- деди. Лекин улар: “Хочга михлансин!”- деб янада қаттиқроқ бақирдилар. 24 Пилат ҳеч нарса ёрдам бермаётганини, аммо қўзғолон кучайиб бораётганини кўриб, сув олди ва халқнинг қаршисида қўлини ювиб: “Бу Ҳақ Одамнинг қонида мен айбдор эмасман, ўзларингиз қаранглар”,- деди. 25 Бутун халқ эса жавоб бериб: “Унинг қони бизнинг ва болаларимизнинг бошида”,- дедилар. 26 Шунда Пилат уларга Бараббани қўйиб юборди, Исони эса қамчилатиб, хочга михлашни буюрди. 27 Сўнгра ҳокимнинг аскарлари Исони преторионга олиб кириб, Унга қарши бутун аскарлар бўлинмасини тўпладилар. 28 Уни ечинтириб, Унга тўқ қизил ридо кийдирдилар. 29 Шунингдек, тикандан тож тўқиб, Унинг бошига қўйдилар. Кейин Унинг ўнг қўлига таёқ бериб, қаршисида тиз чўкиб: “Қувонгин, эй, Яҳудийларнинг Подшоҳи!”- деб масхара қилдилар. 30 Унга қараб тупурдилар ва таёқни олиб, Унинг бошига урдилар. 31 Уни мазах қилиб бўлишгач, Ундан тўқ қизил ридони ечиб олиб, Ўзининг кийимини кийдирдилар ва Уни хочга михлаш учун олиб кетдилар. 32 Улар чиқиб кетаётганларида, Шимўн исмли киринеялик бир кишини учратиб, уни Исонинг хочини кўтариб боришга мажбур қилдилар. 33 Гўлгота, яъни “Бош суяги” деган жойга келгач, 34 Исога ичиш учун сафро аралаштирилган сирка бердилар. У эса татиб кўриб, ичишни истамади. 35 Исони хочга михлаганлар эса қуръа ташлаб, Унинг кийимларини бўлишиб олдилар. 36 Сўнг ўша ерда ўтириб, Уни қўриқладилар. 37 Исонинг боши устида: “Бу – Яҳудийларнинг Подшоҳи Исо”,- деб Унинг айбини билдирадиган ёзув қўйилган эди. 38 У билан бирга иккита қароқчи ҳам михланган эди – бириси Унинг ўнг томонида, бошқаси чап томонида эди. 39 Ўтиб кетаётганлар эса бошларини чайқаб, Исони ҳақорат қилиб: 40 “Эй, маъбадни бузиб, уч кунда қурувчи! Ўзингни қутқар! Агар Худонинг Ўғли бўлсанг, хочдан тушгин”,- дейишар эди. 41 Шунингдек, олий руҳонийлар билан уламолар ва оқсоқоллар билан фарзийлар ҳам мазах қилиб, дейишар эди: 42 “Бошқаларни қутқарар эди, Ўзини эса қутқара олмайди. Агар У Исроилнинг Подшоҳи бўлса, энди хочдан тушсин, шунда биз Унга ишонамиз. 43 У Худога умид қилар эди!? Агарда У Худога маъқул бўлса, унда Уни қутқарсин, чунки Унинг Ўзи: Мен Худонинг Ўғлиман,- деб айтган эди”. 44 Шунингдек, У билан михланган қароқчилар ҳам Уни ҳақоратлашар эди. 45 Сўнг соат олтидан то тўққизгача бутун ер юзини зулмат қоплади. 46 Соат тўққизга яқин Исо баланд овоз билан: “Эли, Эли! Лама сабақтани?”, яъни: “Худойим, Худойим! Нима учун Мени ташлаб кетдинг?”- деб фарёд қилди. 47 У ерда турганлардан баъзилари буни эшитиб: “У Элийаҳни чақиряпти”,- дедилар. 48 Шу заҳоти улардан бири югуриб бориб, шимгични олди-да, уни сиркага ботириб, таёққа ўрнатди ва Исога ичишга берди. 49 Бошқалари эса: “Тўхта, кўрайлик-чи, Уни қутқаргани Элийаҳ келармикан”,- дедилар. 50 Исо эса яна баланд овоз билан фарёд қилиб, жон берди. 51 Шунда, мана, маъбаддаги парда тепадан пастгача иккига бўлиниб кетди. Ер қимирлади ва қоялар ёрилди. 52 Қабрлар очилди. Вафот этган кўп муқаддасларнинг таналари тирилди. 53 Исо тирилганидан сўнг, ўшалар қабрларидан чиқиб, муқаддас шаҳарга кирдилар ва кўпларга зоҳир бўлдилар. 54 Юзбоши ва у билан бирга Исони қўриқлаётганлар эса ер қимирлаганини ва содир бўлган ҳамма нарсани кўриб, жуда қўрқиб кетдилар-да: “Ҳақиқатан ҳам, У Худонинг Ўғли экан”,- дедилар. 55 Галиледан Исога эргашган ва Унга хизмат қилган кўп аёллар эса ўша жойда бўлиб, узоқдан қараб туришган эди. 56 Уларнинг орасида магдалалик Мирйам, Ёқуб билан Йошийаҳнинг онаси Мирйам ва Забадий ўғилларининг онаси ҳам бор эди. 57 Оқшом тушгач, Ариматея шаҳридан бўлган Юсуф исмли бир бой одам келди. У ҳам Исонинг шогирди эди. 58 У Пилатнинг ёнига келиб, Исонинг жасадни сўради. Шунда Пилат жасадни беришга буйруқ берди. 59 Юсуф жасадни олиб, уни тоза кафанга ўради. 60 Сўнг қоядан ўйилган ўзининг янги қабрига жасадни қўйди ва қабрнинг оғзини тош билан ёпиб, ўзи кетди. 61 Магдалалик Мирйам билан бошқа Мирйам ҳам ўша ерда бўлиб, қабр қаршисида ўтирар эдилар. 62 Жума кунидан кейин келадиган кунда, олий руҳонийлару фарзийлар Пилатнинг олдида йиғилиб, шундай дедилар: 63 “Ҳазрат, биз бу ёлғончи ҳали тириклигида: Уч кундан кейин қайта тириламан,- деганини эсладик. 64 Энди уч кунгача қабрни қўриқлашга буйруқ бер, токи Унинг шогирдлари тунда келиб, Уни ўғирлаб кетишмасин ва халққа: У ўликлардан тирилди,- деб айтишмасин. Акс ҳолда, охирги ёлғон биринчисидан баттарроқ бўлади”. 65 Пилат эса уларга: “Қўриқчиларга эгасизлар-ку, боринглар, билганингиздек қабрни қўриқланглар”,- деди. 66 Улар бориб, қабр ёнига қўриқчилар қўйдилар ва қабрнинг оғзидаги тошга муҳр босдилар.