26 1 Исо шу ҳамма сўзларини тугатганидан сўнг, Ўз шогирдларига: 2 “Икки кундан кейин Песаҳ байрами бўлишини биласизлар. Ўшанда Инсон Ўғли хочга михланиш учун тутиб берилади”,- деди. 3 Шу орада олий руҳонийлар, уламолар ва оқсоқоллар Кайафа исмли олий руҳонийнинг ҳовлисида тўпландилар. 4 Улар Исони айёрлик билан қўлга олиб ўлдиришни ўзаро маслаҳатлашиб олдилар. 5 Аммо улар: “Халқ орасида ғалаён бўлмаслиги учун буни байрам кунлари қилиш керак эмас”,- деб айтдилар. 6 Бир куни Исо Бейт-Аниада мохов Шимўннинг уйида бўлганида, 7 Унинг олдига бир аёл келди. У ганч идишда қимматбаҳо хушбўй мой келтириб, буни ёнбошлаган Исонинг бошига қуя бошлади. 8 Унинг шогирдлари буни кўргач, аччиқланиб дедилар: “Бу исрофгарчиликнинг нима кераги бор? 9 Бу хушбўй мойни қиммат нархга сотиб, қашшоқларга бериш мумкин эди-ку”. 10 Лекин Исо буни англаб уларга: “Нима учун аёлни хижолат қиляпсизлар?- деди,- У Мен учун яхши иш қилди. 11 Чунки қашшоқлар ҳар доим сизлар билан биргадирлар, Мен эса доим сизлар билан бирга бўлмайман. 12 Бу хушбўй мойни Менинг танамга қуйиб, у Мени дафн қилинишга тайёрлади. 13 Сизларга ростини айтаманки, бу Хушхабар қаерда воизлик қилинмасин, бутун оламда бу аёлнинг хотирасига унинг қилган иши ҳақида айтилади”. 14 Шу орада Яҳудо Искариот деган ўн иккита шогирддан бири олий руҳонийларнинг олдига бориб: 15 ”Менга нима берасизлар, мен Уни сизларга тутиб бераман”,- деди. Улар унга ўттиз кумуш танга бердилар. 16 Шу кундан бошлаб, у Исони топшириш учун қулай фурсат излай бошлади. 17 Ачитқисиз нонлар байрамининг биринчи кунида, шогирдлари Исонинг олдига келиб, Унга: “Сен учун Песаҳ таомини қаерда тайёрлашимизни буюрасан?”- дедилар. 18 У эса жавоб берди: “Шаҳарга кириб, фалон одамнинг олдига боринглар ва унга шундай деб айтинглар: Устозимиз: Вақтим етди. Шогирдларим билан бирга Песаҳни сеникида нишонлайман,- деди”. 19 Шогирдлари Исо айтганидек қилиб, Песаҳ таомини тайёрладилар. 20 Кеч тушганида, У ўн иккита шогирди билан бирга дастурхон атрофида ёнбошлади. 21 Улар таомни еяётганларида, Исо: “Сизларга ростини айтаманки, сизлардан бирингиз Менга хиёнат қиласиз”,- деди. 22 Улар ўта ғамга ботдилар ва улардан ҳар бири Унга: “Ҳазрат, ўша мен эмасми?”- дея бошладилар. 23 Исо уларга жавоб бериб деди: “Мен билан идишга қўлини солаётган Менга хиёнат қилади. 24 Ҳолбуки, Инсон Ўғли У ҳақида ёзилгани бўйича кетмоқда, аммо Инсон Ўғлига хиёнат қиладиган одамнинг ҳолига вой. Ўша одам учун унинг туғилмагани яхшироқ бўлар эди”. 25 Шунда Унга хиёнат қилаётган Яҳудо ҳам: “Раввий, ўша мен эмасми?”- деди. Исо унга: “Сен айтдинг”,- деди. 26 Улар таомни еяётганларида, Исо нонни олиб, дуо қилди ва уни синдириб, шогирдларига тарқатиб: “Олинглар ва енглар, бу Менинг танамдир”,- деди. 27 Сўнг косани олиб, миннатдорчилик билдирди ва уни уларга узатиб, шундай деди: “Бундан ҳаммаларингиз ичинглар. 28 Чунки бу – кўпларнинг гуноҳлари кечирилиши учун тўкилаётган Янги Аҳддаги Менинг Қонимдир. 29 Сизларга айтаманки, бундан буён то Отамнинг Шоҳлигида сизлар билан биргаликда янгисини ичмагунимча, Мен узум ҳосилидан бошқа ичмайман”. 30 Сўнг қўшиқ куйлаб, Зайтун тоғига кетдилар. 31 Шунда Исо уларга деди: “Бу кеча ҳаммаларингиз Мен ҳақимда васвасага тушасизлар, чунки ёзилган: Чўпонни шикастлайман ва подасининг қўйлари тарқалиб кетади. 32 Аммо ўликдан тирилганимдан сўнг, Мен сизлардан олдин Галилега бораман”. 33 Петъёр Унга жавоб бериб: “Агар ҳамма Сен ҳақингда васвасага тушса ҳам, мен ҳеч қачон васвасага тушмайман”,- деди. 34 Исо унга: “Сенга ростини айтаманки, бу тун хўроз қичқиришидан олдин, сен Мендан уч марта тонасан”,- деди. 35 Петьор Унга: “Агар Сен билан ўлишим керак бўлса ҳам, Сендан тонмайман”,- деди. Бошқа шогирдлари ҳам худди шундай дедилар. 36 Кейин Исо улар билан Гетсемания, деб аталган жойга келиб, уларга: “Мен у ерга бориб, ибодат қилгунимча, сизлар шу ерда ўтириб туринглар”,- деди. 37 Сўнг Ўзи билан Петъёрни ва Забадийнинг икки ўғлини олиб, Исо қайғура ва қийнала бошлади. 38 Шунда У уларга: “Жоним ўлим қадар қайғуряпти, шу ерда қолиб, Мен билан бедор бўлинглар”,- деди. 39 Улардан бир оз нари кетиб, юз тубан йиқилди ва ибодат қилиб: “Менинг Отам! Агар иложи бўлса, бу коса Мени четлаб ўтсин, аммо Мен хоҳлагандек эмас, Сен хоҳлагандек бўлсин”,- деди. 40 Сўнг Исо шогирдларининг олдига келиб, уларни ухлаб ётган ҳолда топди. Шунда У Петьорга деди: “Сизлар Мен билан бир соат бедор тура олмадингизларми? 41 Васвасага тушмаслик учун бедор бўлинглар ва ибодат қилинглар, зеро руҳ тетик, тана эса заифдир”. 42 Кейин Исо иккинчи марта бориб, яна ибодат қилди-да: “Менинг Отам! Агар бу косани ичмаслигим учун у Мени четлаб ўта олмаса, майли, Сенинг ироданг бўлсин”,- деди. 43 У қайтиб келиб, яна уларни ухлаб ётган ҳолда топди, чунки уларнинг кўзлари оғирлашган эди. 44 Сўнг уларни қолдириб, яна узоқлашди ва учинчи марта ибодат қилиб, ўша-ўша сўзларни такрорлади. 45 Исо шогирдларининг ёнига келганида, уларга деди: “Сизлар ҳали ҳам ухлаб, дам оляпсизларми? Етар, вақти келди. Мана, Инсон Ўғли гуноҳкорларнинг қўлларига топширилмоқда. 46 Туринглар, кетайлик. Мана, Менга хиёнат қилувчи яқинлашди”. 47 У ҳали гапириб турганида, ўн икки шогирддан бири бўлган Яҳудо келиб қолди. У билан бирга олий руҳоний ва халқнинг оқсоқолларидан юборилган, қилич ва таёқлар билан қуролланган катта оломон келди. 48 Унга хиёнат қилаётган Яҳудо эса уларга шундай белги берди: “Кимни ўпсам, бу Ўшадир. Уни қўлга олинглар”. 49 Шу лаҳзада у Исонинг ёнига келиб: “Раввий, қувонгин”,- деди ва Уни ўпди. 50 Исо эса ундан: “Дўстим, нима учун келдинг?”- деб сўради. Шунда улар яқинлашдилар ва Исога қўлларини қўйиб, Уни қўлга олдилар. 51 Исо билан бўлганлардан бири қўлини узатиб, қиличини чиқарди ва олий руҳонийнинг қулини уриб, қулоғини кесиб ташлади. 52 Шунда Исо унга деди: “Қиличингни қинига солгин, чунки қилич кўтарганларнинг ҳаммаси қиличдан ўлади. 53 Ёки ўйлайсанки, Мен Отамга илтижо қила олмайманми ва У Менга ўн икки легиондан ортиқ фаришталарни юбормайдими? 54 У ҳолда, буларнинг содир бўлмоғи кераклиги ҳақидаги Ёзув қандай бажо бўлади?” 55 Шу пайт Исо халққа деди: “Сизлар Мени қўлга олиш учун худди қароқчининг олдига чиққандек, қилич ва таёқ билан қуролланиб чиқибсизлар, бироқ Мен маъбадда таълим бериб, ҳар куни сизлар билан бирга ўтирар эдим, сизлар эса Мени қўлга олмас эдингизлар. 56 Бироқ буларнинг ҳаммаси пайғамбарларнинг ёзувлари бажо бўлиши учун содир бўлди”. Шунда ҳамма шогирдлари Уни ташлаб, қочдилар. 57 Исони қўлга олганлар Уни олий руҳоний Кайафаникига олиб бордилар. У ерда уламолар билан оқсоқоллар ҳам йиғилган эдилар. 58 Петъёр эса узоқдан олий руҳонийнинг ҳовлисигача Унга эргашиб борди. У ичкарига кириб, бу воқеанинг охирини кўриш учун хизматкорлар билан бирга ўтирди. 59 Олий руҳонийлару оқсоқоллар ва бутун Синедрион Исони ўлимга топшириш учун Унга қарши ёлғон гувоҳлик қидирдилар, 60 аммо кўп сохта гувоҳлар келсалар ҳам, буни топа олмадилар. Ниҳоят иккита сохта гувоҳ келиб: 61 ”Бу Одам: Мен Худонинг маъбадини бузиб, уч кунда уни тиклайман,- деган”,- деб айтдилар. 62 Шунда олий руҳоний ўрнидан туриб, Исога: “Нима учун ҳеч қандай жавоб бермайсан? Сенга қарши уларнинг бераётган гувоҳлигига нима дейсан?”- деди. 63 Исо эса жим турар эди. Шунда олий руҳоний Унга сўзлаб: “Тирик Худо ҳақи сўрайман, бизга айт, Худонинг Ўғли Масиҳ Сенмисан?”- деди. 64 Исо унга: “Сен айтдинг. Боз устига, сизларга айтаманки, бундан буён сизлар Қудратнинг ўнг томонида ўтирган ва самовий булутларда келаётган Инсон Ўғлини кўрасизлар”,- деди. 65 Шунда олий руҳоний ўз кийимларини йиртиб, деди: “У куфрлик қиляпти, бизга яна гувоҳларнинг нима кераги бор? Мана, энди Унинг куфрлик қилаётганлигини сизлар эшитдингизлар! 66 Нима, деб ўйлайсизлар?” Улар эса жавоб бериб: “Ўлимга лойиқ!”- дедилар. 67 Шунда Исонинг юзига тупуриб, қулоқларига муштлаб, Уни урдилар. Бошқалари эса Унинг юзига тарсаки тушириб: 68 ”Эй, Масиҳ, бизга башорат қил, ким Сени урди?”- дедилар. 69 Петъёр эса ташқи ҳовлида ўтирар эди. Унинг ёнига чўрилардан бири келиб: “Cен ҳам галилелик Исо билан бирга эдинг”,- деди. 70 Лекин у ҳамманинг олдида инкор этиб: “Сен нима деяётганингни билмайман”,- деди. 71 У дарвозадан ташқарига чиқаётганида, уни бошқа чўри кўриб қолиб, у ердагиларга: “Мана, бу одам ҳам нозарий Исо билан бирга эди”,- деб айтди. 72 Петъёр эса яна: “Бу Одамни билмайман”,- деб қасам ичиб, Исодан тонди. 73 Кўп вақт ўтмай, у ерда турганлар келиб, Петъёрга: “Аниқ сен ҳам улардансан, чунки гапинг сени фош қилмоқда”,- дедилар. 74 Шунда у бу Одамни танимаслигига Худо ҳақи қасам ича бошлади. Шу вақт бирдан хўроз қичқирди. 75 Петьор эса Исонинг: “Хўроз қичқиришидан олдин Мендан уч марта тонасан”,- деган сўзларини эслади ва ташқарига чиқиб, аччиқ йиғлади.