28 1 Шаббат кунидан сўнг, ҳафтанинг биринчи куни тонг пайтида магдалалик Мирйам бошқа Мирйам билан қабрни кўриш учун келдилар. 2 Мана, кучли зилзила бўлди, чунки самодан тушган Худонинг фариштаси келиб, қабр оғзидаги тошни ағдариб ташлади ва унинг устига ўтирди. 3 Унинг кўриниши худди чақмоқдек, унинг либоси эса худди қордек оппоқ эди. 4 Ундан қўрқиб кетиб, қўриқчилар титрадилар ва мурдадек бўлиб қолдилар. 5 Фаришта эса аёлларга сўзлаб деди: “Қўрқманглар, зеро сизлар хочга михланган Исони излаётганингизни биламан. 6 У бу ерда йўқ. Ўзи айтганидек, қайта тирилди. Келинглар, Раббий ётган жойни кўринглар. 7 Энди тезда бориб, шогирдларига Унинг ўликдан тирилганини ва сизларни Галиледа кутаётганини айтинглар. Ўша ерда Уни кўрасизлар. Мана, мен сизларга айтдим”. 8 Аёллар эса буюк қувонч ва қўрқув билан қабрдан шошилиб чиқиб, Унинг шогирдларига хабар бергани югуриб кетдилар. 9 Улар шогирдларга хабар етказгани кетаётганларида, мана, Исо уларни учратиб: “Қувонинглар!”- деди. Улар яқинлашиб, Исонинг оёқларидан қучоқлаб, Унга сажда қилдилар. 10 Шунда Исо уларга: “Қўрқманглар, бориб Менинг биродарларимга Галилега боришларини айтинглар. Ўша ерда улар Мени кўрадилар”,- деди. 11 Аёллар кетгач, мана, қўриқчилардан бир нечтаси шаҳарга келиб, содир бўлган ҳамма ҳодисани олий руҳонийларга айтиб бердилар. 12 Ўшалар оқсоқоллар билан бирга тўпланиб маслаҳатлашгач, аскарларга анча пул бериб, 13 шундай дедилар: “Сизлар: Биз тунда ухлаб ётганимизда, Унинг шогирдлари келиб, Уни ўғирлаб кетдилар,- деб айтинглар. 14 Агарда бу гап ҳокимнинг қулоғига етиб борса, биз уни ишонтириб, сизларни бу кўнгилсизликдан қутқарамиз”. 15 Шундай қилиб, улар пулни олиб, уларга қандай ўргатилган бўлса, худди шундай қилдилар. Бу сўз яҳудийлар орасида ҳозирги кунларгача тарқалиб кетган. 16 Ўн бир шогирд эса Галилега, Исо уларга белгилаган тоққа бордилар. 17 Шунда Исони кўриб, улар Унга сажда қилдилар, баъзилари эса шубҳаландилар. 18 Исо уларга яқинлашиб, шундай деди: “Осмонда ҳам, ерда ҳам бор ҳокимият Менга берилган. 19 Шундай экан, боринглар ва барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номидан сувга чўмдириб, 20 Мен сизларга буюрган барча нарсаларга риоя қилишни ўргатинглар. Мана, то дунёнинг тугашигача ҳар куни Мен сизлар билан биргаман. Омин”.