24 1 Исо маъбаддан чиқиб кетаётганида, Унинг шогирдлари маъбаднинг биноларини Унга кўрсатиш учун, Унинг олдига келдилар. 2 Исо уларга: “Буларнинг ҳаммасини кўряпсизларми? Сизларга ростини айтаманки, бу ерда тош устида тош қолмайди, ҳаммаси вайрон бўлади”,- деди. 3 Сўнг У Зайтун тоғида бир Ўзи ўтирганида, шогирдлари Унинг олдига алоҳида келиб сўрадилар: “Бизга айт, бу ҳодисалар қачон бўлади? Сенинг келишинг ва охирги замоннинг аломати қандай бўлади?” 4 Исо эса уларга жавобан деди: “Эҳтиёт бўлинглар, токи ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмасин. 5 Чунки кўплар Менинг номимдан келиб: Мен Масиҳман,- деб кўпларни йўлдан оздирадилар. 6 Шунингдек, уруш ва уруш хабарларини эшитасизлар. Қаранглар, қўрқманглар, чунки буларнинг ҳаммаси бўлиши керак, лекин бу ҳали охири эмас. 7 Зеро халқ халққа, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда очарчиликлар, ўлатлар ва зилзилалар бўлади. 8 Буларнинг ҳаммаси эса ҳали азобларнинг бошланишидир. 9 Шунда сизларни қийноққа топшириб ўлдирадилар. Барча халқлар Менинг номим учун сизлардан нафратланадилар. 10 Ўшанда кўплар васвасага тушадилар, бир-бирини хоинона тутиб берадилар ва бир-биридан нафратланадилар. 11 Кўплаб сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, кўпларни йўлдан оздирадилар. 12 Қонунбузарликнинг кўпайиши туфайли кўпларда севги совийди. 13 Охиригача чидаган эса нажот топади. 14 Шоҳлик Хушхабари барча халқларга гувоҳлик учун бутун ер юзида воизлик қилинади, шунда охири келади. 15 Шунда Дониэл пайғамбар орқали айтилган, муқаддас жойда турган жирканч харобаликни кўрганингизда, (ўқиётган ўзи фаҳмласин), 16 шунда Яҳудияда бўлганлар тоққа югурсинлар. 17 Ким томда бўлса, ўз уйидан бирор нарсани олиш учун тушмасин. 18 Ким далада бўлса, ўз кийимларини олиш учун ҳам ортига қайтмасин. 19 Ўша кунларда ҳомиладор ва эмизувчи аёлларнинг ҳолига вой. 20 Қочишларингиз шаббат куни ёки қишда бўлмаслиги учун ибодат қилинглар. 21 Чунки дунё бошланишидан то бугунгача бўлмаган ва келажакда бошқа бўлмайдиган буюк қайғу бўлади. 22 Агар бу кунлар қисқартирилмаганида, унда ҳеч ким қутқарилмас эди. Лекин танланганлар учун ўша кунлар қисқартирилади. 23 Шунда агар кимдир сизларга: Мана, Масиҳ бу ерда ёки у ерда,- деса, ишонманглар. 24 Чунки сохта масиҳ ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, имкони бўлса, танланганларни ҳам йўлдан уриш учун буюк аломатлар ва мўъжизалар кўрсатадилар. 25 Мана, Мен сизларга олдиндан буни айтдим. 26 Шунинг учун агар сизларга: Мана, У саҳрода,- десалар, чиқманглар. Агар: Мана, У яширин хоналарда,- десалар, ишонманглар. 27 Чунки чақмоқ шарқдан чиқиб ғарбгача кўринганидек, Инсон Ўғлининг келиши ҳам шундай бўлади. 28 Чунки қаерда мурда бўлса, ўша ерда калхатлар тўпланади. 29 Ўша кунлардаги қайғудан сўнг бирданига қуёш хиралашади ва ой ўз нурини бермайди, юлдузлар осмондан тўкилади ва само кучлари ларзага келади. 30 Шунда Инсон Ўғлининг аломати осмонда зоҳир бўлади. Барча қабилалар эса йиғлаб, Инсон Ўғлининг буюк шуҳрат ва куч билан самовий булутларда келаётганини кўрадилар. 31 У карнайнинг баланд овози билан Ўз фаришталарини жўнатади. Улар эса дунёнинг тўрт шамолидан, осмоннинг бир четидан бошқа четигача Унинг танланганларини йиғадилар. 32 Анжир дарахтидан ибрат олинглар: унинг шохлари юмшоқ бўлиб, барг чиқараётганида, ёзнинг яқин эканлигини биласизлар. 33 Шунинг учун буларнинг ҳаммасини кўрганингизда, билингларки, У яқин, эшик олдида турибди. 34 Сизларга ростини айтаманки, бу авлод ўтмасдан, буларнинг ҳаммаси содир бўлади. 35 Осмон ва ер ўтиб кетади, аммо Менинг сўзларим ўтиб кетмайди. 36 Ўша кун ва соат ҳақида бирон одам ҳам, Осмондаги фаришталар ҳам билмайдилар, фақат ёлғиз Менинг Отам билади. 37 Лекин Нуҳ кунларида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғлининг келишида ҳам шундай бўлади. 38 Зеро худди тўфон кунларидан олдин, Нуҳ кемага киргунига қадар, одамлар еб-ичдилар, уйландилар, эрга тегдилар, 39 бироқ тўфон келиб, ҳаммани қирғин қилмагунча, улар англамаганларидай, Инсон Ўғлининг келишида ҳам худди шундай бўлади. 40 Шунда икки киши далада бўлади, бири олинади, бошқаси қолдирилади. 41 Икки киши тегирмонда ишлаётган бўлади, бири олинади, бошқаси қолдирилади. 42 Шунинг учун бедор бўлинглар, чунки Раббингиз қайси соатда келишини билмайсизлар. 43 Лекин сизлар буни биласизларки, агар уй эгаси ўғрининг қайси вақтда келишини билганида, у бедор туриб, ўз уйини ковлашга йўл қўймас эди. 44 Шунинг учун сизлар ҳам тайёр бўлиб туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар ўйламаган вақт-соатда келади. 45 Хўжайин хонадонига ўз вақтида ризқини бериш учун бошлиқ қилиб қўйган содиқ ва ақлли қул ким? 46 Хўжайини келиб, ўз қулини шундай иш тутаётганини топса, ўша қул нақадар бахтлидир. 47 Сизларга ростини айтаманки, уни ўзининг бутун мол-мулки устидан қўяди. 48 Агарда ўша қул ёвуз бўлиб, ўз юрагида: Хўжайиним яқин орада келмайди,- деб айтиб, 49 ўз ўртоқларини уриб, ичкиликбозлар билан ичса, 50 унда хўжайин қули кутмаган бир кунда, ўйламаган бир соатда келиб, 51 уни тилка-пора қилади ва унга иккиюзламачилар билан бир қисматни беради. У ерда йиғи-сиғи ва тишлар ғижирлаши бўлади”.