23 1 Сўнгра Исо халққа ва ўз шогирдларига сўзлай бошлади: 2 ”Мусонинг курсисига уламолару фарзийлар ўтирдилар. 3 Шунинг учун улар нимага риоя қилишни буюрсалар, риоя қилинглар ва бажаринглар. Уларнинг қилганларини эса қилманглар, чунки улар айтадилар, лекин ўзлари қилмайдилар. 4 Шундай қилиб, улар оғир ва кўтаришга ноқулай бўлган юкларни боғлаб, одамларнинг елкаларига юклайдилар. Ўзлари эса ҳатто бармоқлари билан уларни силжитишни хоҳламайдилар. 5 Улар ҳамма ишларини одамларга кўриниш учун қиладилар: ўз дуо қутиларини йирикроқ, кийимларининг гажимларини эса узунроқ қиладилар. 6 Шунингдек, улар зиёфатларда тўрда ва синагогаларда юқорида ўтиришни, 7 халқ йиғинларида олқишлар олишни ва одамлар уларни: “Устоз! Устоз!”- деб аташларини яхши кўрадилар. 8 Сизлар эса Устоз, деб аталманглар, чунки сизларнинг Устозингиз ягона – Масиҳдир, сизларнинг ҳаммаларингиз эса биродарсизлар. 9 Ер юзида ҳеч кимни Отам, деб ҳам атаманглар, чунки сизларнинг Осмондаги Отангиз ягонадир. 10 Ўқитувчи, деб ҳам аталманглар, чунки сизларнинг Ўқитувчингиз ягона – Масиҳдир. 11 Орангизда ким катта бўлса, сизларга хизматкор бўлсин. 12 Чунки ким ўзини юксалтирса, пасайтирилади. Ким ўзини паст олса, юксалтирилади. 13 Эй, уламолару фарзийлар, иккиюзламачилар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар одамларга Осмон Шоҳлигини бекитиб қўйяпсизлар. Ўзларингиз ҳам унга кирмаяпсизлар ва кирмоқчи бўлганларга ҳам йўл қўймаяпсизлар. 14 Эй, уламолару фарзийлар, иккиюзламачилар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар беваларнинг уйларини еб битиряпсизлар ва иккиюзламачилик билан узоқ ибодат қиляпсизлар. Шунинг учун маҳкумлигингиз оғирроқ бўлади. 15 Эй, уламолару фарзийлар, иккиюзламачилар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар, ҳеч бўлмаса, бир кишини динингизга ўгириш учун денгиз ва қуруқликни кезяпсизлар. Бу содир бўлганида эса, уни ўзларингиздан икки баробар ёмонроқ жаҳаннам ўғлига айлантиряпсизлар. 16 Эй, кўр йўлбошловчилар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар: Агар ким маъбад ҳақи қасам ичса, унда ҳеч нарса эмас, лекин ким маъбаддаги олтин ҳақи қасам ичса, у айбдор бўлади,- деб айтасизлар. 17 Ҳой, аҳмоқлару кўрлар! Қайси бири буюкроқ: олтинми ёки олтинни муқаддаслаётган маъбадми? 18 Шунингдек: Агар ким қурбонгоҳ ҳақи қасам ичса, унда ҳеч нарса эмас, лекин ким қурбонгоҳдаги инъом ҳақи қасам ичса, у айбдор бўлади,- дейсизлар. 19 Ҳой, аҳмоқлару кўрлар! Қайси бири буюкроқ – инъомми ёки инъомни муқаддаслаётган қурбонгоҳми? 20 Шу тариқа, қурбонгоҳ ҳақи қасам ичаётган одам қурбонгоҳнинг ўзи ва ундаги ҳамма нарса ҳақи қасам ичмоқда. 21 Шунингдек, маъбад ҳақи қасам ичаётган одам маъбаднинг ўзи ва унда истиқомат Қилаётган ҳақи қасам ичмоқда. 22 Осмон ҳақи қасам ичаётган одам Худонинг тахти ва унда Ўтирган ҳақи қасам ичмоқда. 23 Эй, уламолару фарзийлар, иккиюзламачилар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар ялпиз, арпабодиён ва зирадан ушр берасизлар, аммо Қонундаги муҳим бўлган нарсаларни – одил ҳукм, шафқат ва имонни қолдирдингизлар. Буларни бажаришингиз ва уларни ҳам тарк этмаслигингиз керак эди. 24 Сизлар чивинни сиқиб, туяни ютиб юборадиган кўр йўлбошловчисизлар. 25 Эй, уламолару фарзийлар, иккиюзламачилар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар косаю лаганнинг сиртини тозалайсизлар, аммо уларнинг ичи ўғирлик ва баднафсликка тўла. 26 Эй, кўр фарзий! Косаю лаганнинг сирти тоза бўлиши учун сен аввало унинг ичини тозалагин. 27 Эй, уламолару фарзийлар, иккиюзламачилар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар ташқаридан чиройли кўринадиган, ичидан эса ўликларнинг суяклари ва барча нопокликларга тўла, оҳакланган қабрларга ўхшайсизлар. 28 Худди шундай сизлар ҳам ташқаридан ҳақ одамлардек кўринасизлар, аммо ичингиздан иккиюзламачилик ва қонунбузарликка тўлгансизлар. 29 Эй, уламолару фарзийлар, иккиюзламачилар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар пайғамбарларга қабрлар қуриб, ҳақ одамларнинг ёдгорликларини безатиб, 30 шундай деяпсизлар: Агар биз оталаримизнинг кунларида бўлганимизда эди, пайғамбарларнинг қони тўкилишида уларга шерик бўлмас эдик. 31 Аслида, шу билан сизлар пайғамбарларнинг қонини тўкканларнинг ўғиллари эканингиз ҳақида ўзларингизга қарши гувоҳлик беряпсизлар. 32 Хўш, энди оталарингизнинг ўлчовини тўлдиринглар! 33 Эй, илонлар, қора илон зотлари! Сизлар жаҳаннам ҳукмидан қандай қилиб қутуласизлар? 34 Шунинг учун, мана, Мен сизларга пайғамбарлар, донолар ва уламоларни жўнатаман. Сизлар эса уларнинг баъзиларини ўлдирасизлар ва хочга михлайсизлар, баъзиларини эса синагогаларингизда урасизлар ва шаҳардан шаҳарга қувғин қиласизлар. 35 Ер юзида тўкилган барча ҳақ қонлар – ҳақ бўлган Ҳобилнинг қонидан тортиб, то маъбад билан қурбонгоҳ орасида ўлдирилган Варахнинг ўғли Закарийаҳнинг қонигача сизларнинг бошларингизга келсин. 36 Сизларга ростини айтаманки, буларнинг ҳаммаси шу авлодга келади. 37 О, Йерусалим, Йерусалим, пайғамбарларни урувчи ва сенга жўнатилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! Қуш ўз полапонларини ўз қаноти остига йиққанидек, Мен сенинг болаларингни неча марта қанотларим остида йиғишни хоҳлаган эдим, лекин сизлар истамадингизлар. 38 Мана, сизларнинг уйингиз сизларга бўш қолдириляпти. 39 Зеро сизларга айтяпман: Раббий номидан келаётган муборак!- деб ҳайқирмагунингизча, Мени кўрмайсизлар”.