22 1 Исо уларга масал билан гапиришда давом этиб, деди: 2 “Осмон Шоҳлиги эса ўз ўғли учун никоҳ тўйи қилган бир подшоҳга ўхшайди. 3 У никоҳ тўйига таклиф этилганларни чақириш учун ўз қулларини юборди. Улар эса келишни истамадилар. 4 Яна бошқа қулларини юбориб, уларга деди: Таклиф этилганларга айтинглар, мана, мен зиёфат дастурхонини тайёрлаб қўйдим. Менинг ҳўкизу бўрдоқиларим сўйилган. Ҳаммаси тайёр. Никоҳ тўйига келинглар. 5 Лекин улар писанд қилмасдан, кимдир ўзининг даласига, кимдир эса ўзининг савдо-сотиғига кетди. 6 Қолганлари эса унинг қулларини ушлаб олиб, уларни ҳақорат қилиб ўлдирдилар. 7 Буни эшитиб, подшоҳ ғазабланди ва ўз лашкарларини юбориб, бу қотилларни қириб ташлади ва шаҳарларини ёқиб юборди. 8 Шунда у ўз қулларига деди: Никоҳ тўйи тайёр, лекин чақирилганлар эса лойиқ эмас эканлар. 9 Шунинг учун чорраҳаларга боринглар ва топганларингизнинг барчасини никоҳ тўйига чақиринглар. 10 Қуллар эса кўчаларга чиқиб, топганларининг барчасини – ёмонларни ҳам, яхшиларни ҳам йиғдилар. Шундай қилиб, никоҳ тўйи ёнбошловчилар билан тўлди. 11 Подшоҳ ёнбошлаб ётганларни кўриш учун киргач, у eрда тўй кийимини киймаган одамни кўрди. 12 У унга: Дўстим! Сен тўй кийимисиз қандай қилиб бу ерга кирдинг?- деди. У эса жим турди. 13 Шунда подшоҳ хизматкорларига деди: Унинг қўл-оёғини боғлаб, олиб чиқинглар ва ташқи зулматга ташланглар. У ерда йиғи-сиғи ва тишлар ғижирлаши бўлади. 14 Зеро чақирилганлар кўп, танланганлар эса оздир”. 15 Шунда фарзийлар бориб, Исони қандай Унинг сўзларидан ушлашни ўзаро маслаҳатлашдилар 16 ва Унинг олдига ўз шогирдларини ҳиродчилар билан бирга жўнатдилар. Улар келиб: “Устоз,- дедилар,- биз Сенинг адолатли эканлигингни, Худонинг йўлини ҳақиқатда ўргатишингни, бирор кишига ёқишга ҳаракат қилмаслигингни, чунки юзхотирчилик қилмаслигингни биламиз. 17 Энди, бизга айт-чи: Императорга солиқ тўлаш биз учун жоизми ёки йўқми?” 18 Лекин Исо уларнинг бетавфиқликларини кўриб, деди: “Эй, иккиюзламачилар! Нима учун Мени васвасага соляпсизлар? 19 Менга солиқ тўланадиган тангани кўрсатинглар”. Улар Унга бир динорни олиб келдилар. 20 Исо уларга: “Бу сурат ва ёзув кимники?”- деди. 21 Унга жавобан: “Императорники”,- дедилар. Шунда У уларга: “Ундай бўлса, императорникини императорга, Худоникини Худога беринглар”,- деди. 22 Буни эшитиб, улар ҳайрон қолдилар. Сўнг Уни тарк этиб кетдилар. 23 Ўша куни Исонинг олдига: Қайта тирилиш йўқ,- деб айтадиган саддуқийлар келиб, Ундан сўрадилар: 24 ”Устоз! Мусо айтганки: Агар ким фарзанди бўлмай ўлиб кетса, унинг биродари унинг хотинини ўзига олиб, акасининг уруғини тикласин. 25 Бизда етти ака-ука бор эди. Биринчиси уйланиб, фарзанди бўлмай ўлди ва хотинини ўз укасига қолдирди. 26 У сингари иккинчиси ҳам, учинчиси ҳам, ҳаттоки еттинчисигача оламдан ўтишди. 27 Ҳаммасидан кейин хотин ҳам ўлди. 28 Шундай қилиб, тирилишда у қайси бирининг хотини бўлади? Зеро унга ҳаммалари эга бўлганлар”. 29 Исо эса уларга жавоб бериб деди: “Сизлар Худонинг кучини ҳам, Ёзувни ҳам билмасдан, адашяпсизлар. 30 Чунки тирилишда уйланмайдилар ҳам, эрга ҳам тегмайдилар, аммо улар самода Худонинг фаришталари каби бўладилар. 31 Ўликларнинг тирилиши ҳақида эса Худо сизларга айтганини ўқимаганмисизлар: 32 Мен Иброҳимнинг Худоси, Исҳоқнинг Худоси, Ёқубнинг Худосиман. Худо ўликларнинг эмас, балки тирикларнинг Худосидир”. 33 Халқ эшитиб, Унинг таълимотидан ҳайрон бўлар эди. 34 Фарзийлар эса Исо саддуқийларни жим қилганини эшитиб, бирга йиғилишди. 35 Сўнг улардан бири қонуншунос Уни васвасага солиб, Ундан сўради: 36 ”Устоз! Қонундаги қайси амр энг буюк?” 37 Исо унга деди: “Раббий Худойингни бутун юрагинг, бутун жонинг ва бутун онгинг билан севгин. 38 Мана шу биринчи ва энг буюк амрдир. 39 Иккинчиси эса шунга ўхшашдир: Ўз яқинингни ўзингни севгандек севгин. 40 Бутун Қонун ва пайғамбарлар мана шу иккита амрда асосланган”. 41 Фарзийлар йиғилганида, Исо улардан сўради: 42 ”Масиҳ ҳақида нима, деб ўйлайсизлар? У кимнинг Ўғли?” Унга: “Довуднинг”,- деб жавоб бердилар. 43 Шунда Исо уларга деди: “Қандай қилиб Довуд Руҳ таъсирида Уни Раббим, деб атайди: 44 Раббий менинг Раббимга деди: Душманларингни оёқларинг остига қулатгунимча, Менинг ўнг томонимда ўтириб тургин. 45 Агар Довуд Уни Раббим, деб атаётган бўлса, қандай қилиб У унга Ўғил бўлади?” 46 Бунга ҳеч ким Унга бир сўз жавоб бера олмади. Шу кундан бошлаб, ҳеч ким Ундан яна бирор нарсани сўрашга журъат эта олмади.