21 1 Улар Йерусалимга яқинлашаётиб, Зайтун тоғи этагидаги Бейт-Фагеяга келганларида, Исо икки шогирдини юбориб, 2 уларга деди: “Тўғри рўпарангиздаги қишлоққа боринглар, шу заҳоти боғлаб қўйилган эшакни ва унинг ёнида хўтикни топасизлар. Уларни ечиб, Менинг олдимга олиб келинглар. 3 Агар бирор киши сизларга нимадир деса, сизлар: Булар Ҳазратга керак,- деб айтинглар. Шу лаҳзада уларни қўйиб юборади”. 4 Буларнинг ҳаммаси пайғамбар орқали айтилган башорат бажо бўлиши учун содир бўлди: 5 «Сион қизига айтинглар: Мана, камтарин Подшоҳинг сенинг олдингга эшак ва бўйинтуруқ остидагининг боласи – хўтик миниб келмоқда». 6 Шогирдлар бориб, Исо уларга буюрганидек қилдилар. 7 Эшак ва ёш хўтикни олиб келиб, уларнинг устига кийимларини тўшадилар. Исо уларнинг устига ўтирди. 8 Кўпчилик халқ ўз кийимларини йўлга тўшадилар, бошқалар эса дарахтларнинг шохларини кесиб, йўлга тўшар эдилар. 9 Олдиндан ва орқадан бораётган халқ: “Довуднинг Ўғлига шараф! Раббий номидан Келаётган муборак! Юксакликда ҳосанна!”- деб ҳайқиришар эди. 10 Исо Йерусалимга кирганида, бутун шаҳар қўзғалиб: “У Ким?”- дейишар эди. 11 Халқ эса: “Бу Галиледаги Нозара шаҳридан бўлган пайғамбар Исо”,- деб жавоб беришар эди. 12 Исо Худонинг маъбадига киргач, савдо-сотиқ қилаётганларнинг барчасини маъбаддан ҳайдади. Пул алмаштирувчиларнинг хонтахталарини ва каптарфурушларнинг курсиларини ағдариб ташлади. 13 Сўнг уларга: “Ёзилганки: Менинг Уйим ибодат уйи, деб аталади. Сизлар эса уни қароқчилар уясига айлантирдингизлар”,- деди. 14 Шунда кўрлар ва чўлоқлар маъбадда Исонинг олдига келдилар ва У уларни шифолади. 15 Олий руҳонийлар ва уламолар У яратган мўъжизаларни кўриб, маъбадда: “Довуднинг Ўғлига ҳосанна!”- деб ҳайқираётган болаларни эшитиб, ғазабландилар. 16 Шунда улар Исога: “Булар нима дейишаётганини эшитяпсанми?”- дедилар. Исо эса уларга деди: “Ҳа! Наҳот: Гўдак ва чақалоқларнинг оғзидан Сен ҳамду-сано яратдинг,- дейилганини сизлар ҳеч ўқимагансизлар?” 17 Сўнг уларни тарк этиб, ўша шаҳардан чиқди ва Бейт-Аниага бориб, у ерда тунни ўтказди. 18 Эрталаб эса шаҳарга қайтиб келаётганида, Исо оч қолди. 19 Шунда Исо йўл четида якка анжир дарахтини кўриб, унга яқинлашди. Бироқ унда фақат барглардан бошқа ҳеч нарса топмасдан, унга қараб: “Энди сенда то абад мева бўлмасин”,- деди. Анжир дарахти эса ўша заҳоти қуриб қолди. 20 Шогирдлар эса буни кўрганларида, ҳайрон қолиб: “Қандай қилиб анжир дарахти дарҳол қуриб қолди?”- дедилар. 21 Исо уларга деди: “Сизларга ростини айтаманки, агар имонингиз бўлса ва иккиланмасангизлар, нафақат бу анжир дарахтига қилинганини қила оласизлар, балки бу тоққа: Кўтарилиб, денгизга отил,- десангизлар, айтганингиздек бўлади. 22 Ибодатда сўраган ҳамма нарсани имон орқали оласизлар”. 23 Кейин Исо маъбадга келиб, таълим бераётганида, халқнинг оқсоқоллари ва олий руҳонийлар Унинг олдига яқинлашиб: “Сен бу ишларни қайси ҳокимият билан қиляпсан? Сенга бу ҳокимиятни ким берди?”- дедилар. 24 Исо уларга шундай жавоб берди: “Мен ҳам сизлардан бир нарсани сўрайман. Агар менга айтсангизлар, Мен ҳам буларни қайси ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтаман. 25 Яҳёнинг чўмдириши қаердан эди, Осмонданми ёки инсонларданми?” Улар эса ўзаро муҳокама қилиб айтдилар: “Агар биз Осмондан десак, У бизга: Унда нимага сизлар унга ишонмадингизлар?- дейди. 26 Лекин агар: Инсонлардан,- десак, халқдан қўрқамиз, чунки ҳамма Яҳёни пайғамбар, деб ҳисоблайди”. 27 Шунинг учун улар Исога жавобан: “Билмаймиз”,- дедилар. У эса уларга: “Унда Мен ҳам сизларга бу ишларни қайси ҳокимият билан қилаётганимни айтмайман,- деди,- 28 Аммо сизлар нима, деб ўйлайсизлар? Бир кишининг икки ўғли бор эди. У биринчисига келиб: Ўғлим, бугун бориб, узумзоримда ишла,- деди. 29 У эса жавобан: Хоҳламайман,- деди. Лекин кейин пушаймон бўлиб, борди. 30 Ота иккинчисига келиб, унга ҳам шундай деди. Буниси эса жавобан: Хўп, ҳазратим,- деди, бироқ бормади. 31 Иккисидан қайси бири, отанинг иродасини бажарди?” Улар Исога: “Биринчиси”,- дедилар. Исо эса уларга айтди: “Сизларга ростини айтаманки, солиқчилар ва фоҳишалар сизлардан олдин Худонинг Шоҳлигига бормоқдалар. 32 Чунки Яҳё сизларга ҳақлик йўли билан келди ва сизлар унга ишонмадингизлар. Солиқчилар ва фоҳишалар эса унга ишондилар. Сизлар эса буни кўра туриб, унга ишониш учун тавба қилмадингизлар. 33 Бошқа бир масални эшитинглар: Бир уй эгаси бор эди. У узумзор ўтқазиб, уни тўcиқ билан ўради. Сиққич учун чуқур қазиб, кузатув минораси қурди. Сўнг узумзорни боғбонларга топшириб, жўнаб кетди. 34 Ҳосил вақти яқинлашганида, ўз ҳосилини олиш учун ўз хизматкорларини боғбонларнинг ёнига юборди. 35 Боғбонлар эса хизматкорларни ушлаб, бирини уришди, бошқасини ўлдиришди, бирини эса тошбўрон қилишди. 36 Шунда уй эгаси олдингидан кўпроқ бошқа хизматкорларни юборди. Аммо улар билан ҳам худди шундай қилишди. 37 Охирида у: Ўғлимдан уялишар,- дея, ўз ўғлини уларнинг олдига юборди. 38 Лекин боғбонлар ўғлини кўриб, бир-бирларига дейишди: Бу – меросхўр. Юринглар уни ўлдирамиз ва унинг меросига эга бўламиз. 39 Шундай қилиб, уни ушлаб олиб, узумзордан ташқарига чиқариб ўлдиришди. 40 Энди узумзор эгаси келганида, бу боғбонларни нима қилади?” 41 Руҳонийлар эса Исога: “Бу ёвуз одамларни ёвуз ўлимга топширади, узумзорни эса ҳосилини ўз вақтида берадиган бошқа боғбонларга беради”,- дедилар. 42 Исо уларга деди: “Наҳотки сизлар Ёзувда ҳеч қачон ўқимагансизлар: Қурувчилар рад этган тош бурчакнинг асосий тоши бўлди. Бу Раббийнинг ишидир! Бу нигоҳимизда ғаройибдир. 43 Шунинг учун сизларга айтаманки, Худонинг Шоҳлиги сизлардан олиниб, ҳосил берадиган халққа берилади. 44 Бу тошга йиқилган ҳар бир киши парчаланиб кетади. Тош кимнинг устига тушса, уни тупроққа айлантиради”. 45 Исонинг масалларини эшитиб, олий руҳонийлару фарзийлар Унинг улар ҳақида гапираётганини тушундилар. 46 Шунинг учун улар Исони тутишга ҳаракат қилдилар, лекин халқдан қўрқдилар, чунки Уни пайғамбар, деб ҳисоблашар эди.