19 1 Исо бу сўзларни айтиб бўлганидан сўнг, Галиледан чиқиб, Йорданнинг нариги томонидаги Яҳудия ҳудудига келди. 2 Унинг ортидан кўплаб одамлар эргашдилар ва У уларни ўша ерда шифолади. 3 Фарзийлар ҳам Унга келиб, Уни васвасага солиб: “Ҳар қандай сабабга кўра эркак ўз хотинидан ажралиши мумкинми?”- дедилар. 4 У уларга жавобан деди: “Яратувчи азалдан уларни эркак ва аёл қилиб яратганини ўқимагансизларми? 5 Шунинг учун инсон ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккиласи бир тана бўлади. 6 Шунинг учун улар энди иккита эмас, балки бир танадир. Шундай қилиб, Худо қўшганини инсон ажратмасин”. 7 Улар эса Исога: “Нимага унда Мусо ажралиш хати беришга ва у билан ажралишга амр берган?”- дедилар. 8 У уларга: “Мусо сизларнинг тошюрак эканлигингиз учун сизларга хотинларингиз билан ажралишга рухсат берган,- деди,- Лекин азалдан бундай эмас эди. 9 Мен эса сизларга айтаман: Кимки зинодан бошқа сабаб туфайли ўз хотинидан ажралиб, бошқасига уйланса, зино қилган бўлади. Шунингдек, ажралганга уйланган ҳам зино қилган бўлади”. 10 Унинг шогирдлари Унга: “Агарда эркакнинг хотинига нисбатан мажбурияти шундай бўлса, уйланмаслик яхшироқдир”,- дедилар. 11 Лекин Исо уларга деди: “Бу сўзни ҳамма ҳам сиғдира олмайди, аммо кимга берилган бўлса, ўша сиғдира олади. 12 Зеро онасининг қорнидан шундайлигича туғилган бичилганлар бор, одамлар томонидан бичилганлар бор, Осмон Шоҳлиги учун ўзларини бичганлар ҳам бор. Кимки буни сиғдира олса, сиғдирсин”. 13 Шу орада Исонинг олдига болаларни олиб келдилар, токи У уларга қўлларини қўйиб, ибодат қилсин. Шогирдлари эса уларга тақиқладилар. 14 Лекин Исо: “Болаларни қўйинглар ва Менинг олдимга келишларига тўсқинлик қилманглар, чунки Осмон Шоҳлиги шундайларникидир”,- деди. 15 У қўлини уларга қўйди, сўнг ўша ерни тарк этди. 16 Мана, бир киши Исога яқинлашиб: “Эзгу Устоз, абадий ҳаётга эга бўлишим учун қандай эзгуликлар қилмоғим керак?”- деди. 17 У эса унга: “Нима учун сен Мени эзгу, деб атаяпсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким эзгу эмас. Агарда сен абадий ҳаётга киришни истасанг, амрларга риоя қил”,- деди. 18 У киши Исога: “Қайсиларига?”- деди. Исо жавобан: “Қотиллик қилма,- деди,- зино қилма, ўғирлик қилма, сохта гувоҳлик берма, 19 ота-онангни ҳурмат қил ва ўз яқинингни ўзинг каби севгин”. 20 Йигит эса Исога: “Буларнинг ҳаммасига мен ёшлигимдан риоя қилдим, менга яна нима етишмайди?”- деди. 21 Исо унга: “Агар мукаммал бўлишни истасанг, бориб, бор нарсангни сотиб, қашшоқларга тарқатгин ва Осмонда бойликка эга бўласан. Шунда келиб, Менинг ортимдан эргаш”,- деди. 22 Лекин йигит бу сўзни эшитганида, қайғу билан узоқлашди, чунки у катта бойликка эга эди. 23 Шунда Исо ўз шогирдларига деди: “Сизларга ростини айтаманки, бой одамнинг Осмон Шоҳлигига кириши қийиндир. 24 Сизларга яна айтаманки, бой одамнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир”. 25 Унинг шогирдлари буни эшитганларида, жуда ҳайрон қолиб: “Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан?”- дедилар. 26 Исо уларга қараб: “Одамлар учун бу имконсиз, аммо Худо учун ҳамма нарсанинг имкони бор”,- деди. 27 Шунда Петъёр Унга жавобан: “Мана, биз ҳамма нарсани қолдириб, Сенинг ортингдан эргашдик. Биз энди нимага эга бўламиз?”- деди. 28 Исо эса уларга деди: “Сизларга ростини айтаманки, сизлар – Менинг ортимдан эргашганлар – янги оламда Инсон Ўғли Ўз шуҳратининг тахтда ўтирганида, сизлар ҳам ўн икки тахтга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласини ҳукм қиласизлар. 29 Менинг номим ҳақи уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, хотин-бола ёки ер-мулкини ташлаб кетган ҳар бир одам булардан юз марта кўпроғини олади ва абадий ҳаётни мерос қилиб олади. 30 Зотан кўплаб биринчи бўлганлар охирги, охиргилар эса биринчи бўладилар”.