18 1 Ўша вақтда шогирдлар Исонинг олдига келиб, Ундан: “Осмон Шоҳлигида энг каттаси ким бўлади?”- деб сўрадилар. 2 Исо бир болани чақириб, уни уларнинг ўртасига қўйди 3 ва уларга деди: “Сизларга ростини айтаманки, агарда ўзгармасангизлар ва боладек бўлмасангизлар, Осмон Шоҳлигига кира олмайсизлар. 4 Шундай қилиб, ким бу бола каби ўзини паст олса, Осмон Шоҳлигида ҳам буюк бўлади. 5 Кимки шундай бир болани Менинг исмимдан қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади. 6 Лекин ким Менга ишонган шу кичиклардан бирини васвасага солса, унинг бўйнига тегирмон тошини осиб, денгиз тубига улоқтириш у учун яхшироқ бўлар эди. 7 Васвасалардан дунёнинг ҳолига вой, чунки васвасалар келиши муқаррар. Лекин ким орқали васваса келса, унинг ҳолига вой! 8 Агарда сенинг қўлинг ёки оёғинг сени васвасага солса, уни кесиб, ўзингдан улоқтириб ташла. Чунки икки қўл ёки икки оёққа эга бўлиб, абадий оловга ташлангандан кўра, майиб ёки чўлоқ ҳолда ҳаётга кирганинг афзалроқдир. 9 Агарда кўзинг сени васвасага солса, уни суғуриб олиб, ўзингдан улоқтириб ташла. Чунки икки кўзга эга бўлиб, оловли жаҳаннамга ташлангандан кўра, бир кўз билан ҳаётга кирганинг афзалроқдир. 10 Қаранглар, шу кичиклардан бирини хор қилманглар, чунки сизларга айтаманки, Осмонда уларнинг фаришталари ҳар доим Осмондаги Отамнинг юзини кўради. 11 Зеро Инсон Ўғли ҳалок бўлганларни қутқариш учун келди. 12 Сизлар нима, деб ўйлайсизлар? Агарда кимнинг юзта қўйи бўлса-ю, улардан бири йўқолиб қолса, тўқсон тўққизтасини қолдириб, тоққа бориб, йўқолган қўйни изламайдими? 13 Сизларга ростини айтаманки, агарда уни топса, йўқолмаган тўқсон тўққизтасидан кўра, у қўй учун кўпроқ хурсанд бўлади. 14 Худди шундай, Осмондаги Отангиз шу кичиклардан бирининг ҳалок бўлишини истамайди. 15 Агарда сенинг биродаринг сенга қарши гуноҳ қилса, унинг олдига боргин ва унга алоҳида танбеҳ бергин. Агар у сенга қулоқ солса, биродарингни қайтариб олган бўласан. 16 Лекин агар у сенга қулоқ солмаса, ўзинг билан бир ёки икки кишини олгин. Шундай қилиб, икки ёки уч гувоҳнинг оғзи билан ҳар бир сўз тасдиқлансин. 17 Агарда уларни менсимаса, Жамоатга айтгин. Агарда Жамоатга қулоқ солмаса, унда у сен учун мажусий ва солиқчи каби бўлсин. 18 Сизларга ростини айтаманки, сизлар ер юзида нимани боғласангизлар, осмонда ҳам боғланади, ер юзида нимани ечсангизлар, осмонда ҳам ечилади. 19 Яна сизларга айтаманки, агар ер юзида сизлардан икки киши ўзаро келишиб нимаики cўрашса, Менинг Осмондаги Отам томонидан уларга берилади. 20 Чунки қаерда икки ёки уч киши Менинг номимдан йиғилса, Мен у ерда уларнинг орасида бўламан”. 21 Кейин Петъёр келиб, Унга: “Ҳазрат, менга қарши гуноҳ қиладиган биродаримни неча марта кечиришим керак? Етти мартагачами?”- деди. 22 Исо унга деди: “Сенга етти мартагача деганим йўқ, балки етмиш карра етти мартагача. 23 Шунинг учун Осмон Шоҳлиги ўз хизматкорлари билан ҳисоблашишни истаган подшоҳга ўхшайди. 24 У ҳисоблашишни бошлаганда, ундан ўн минг талант қарздор бўлган бир кишини унга олиб келишди. 25 Унинг қарзни тўлашга имкони бўлмаганлиги учун подшоҳ унинг ўзи, унинг хотини, болалари ҳамда ундаги бор нарсаларни сотиб, қарзни тўлашни буюрди. 26 Шунда хизматкор йиқилиб, тиз чўкди-да: Шоҳим, менга сабр қилинг ва сизга ҳаммасини тўлайман,- деди. 27 Шунда подшоҳнинг бу хизматкорга раҳми келди ва уни озод қилиб, қарзларини кечирди. 28 Бу хизматкор эса ташқарига чиқиб, ундан юз динор қарз олган шерикларидан бирини топди. Уни тутиб олди ва ёқасидан бўғиб: Мендан олган қарзингни тўла,- деди. 29 Шунда унинг шериги унинг оёғига йиқилди ва унга ёлвориб: Менга сабр қил ва сенга ҳаммасини тўлайман,- деди. 30 У эса хоҳламади, лекин бориб, қарзларини тўламагунича шеригини зиндонга ташлади. 31 Унинг бошқа шериклари эса буни кўриб, жуда қайғурдилар ва подшоҳнинг олдига келиб, унга бўлиб ўтган воқеаларнинг ҳаммасини айтиб бердилар. 32 Шунда подшоҳ ўша хизматкорни чақириб олиб, унга: Эй, ёвуз хизматкор! Мендан сўраганинг учун ҳамма қарзларингни кечирдим. 33 Худди мен сенга раҳм қилганим каби сен ҳам ўз шеригингга раҳм қилишинг керак эмасмиди? 34 Шундай қилиб, унинг подшоҳи ғазабланиб, у бор қарзларини тўламагунича, уни қийновчиларга топширди. 35 Шунингдек, агар сизлар юрагингиздан ўз биродарингизни гуноҳларини кечирмасангизлар, Менинг Осмондаги Отам ҳам сизлар билан худди шундай қилади”.