17 1 Олти кундан сўнг Исо Петъёр, Ёқуб ва унинг укаси Юҳаннони олиб, уларни баланд бир тоққа алоҳида олиб чиқди. 2 Шунда уларнинг олдида Унинг қиёфаси ўзгарди, Унинг юзи худди қуёшдек порлади ва кийимлари нурдай оппоқ бўлди. 3 Мана, уларга Элийаҳ билан Мусо зоҳир бўлиб, Исо билан cуҳбатлашар эдилар. 4 Сўнг Петъёр Исога: “Ҳазрат, бизга бу ерда бўлиш яхши! Агар истасанг, шу ерда учта чайла қиламиз: бириси Сенга, бириси Мусога ва бириси Элийаҳга”,- деди. 5 У ҳали гапираётганида, мана, ёрқин булут пайдо бўлиб, уларни сояси билан қоплади. Мана, шу булутдан: “Бу Менинг севикли Ўғлимдир. Мен Ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар”,- деган овоз келди. 6 Шогирдлар буни эшитгач, ерга юз тубан йиқилдилар ва жуда қўрқдилар. 7 Бироқ Исо яқинлашди ва уларга қўлини тегизиб: “Туринглар, қўрқманглар”,- деди. 8 Улар кўзларини очганда, Исодан бошқа ҳеч кимни кўрмадилар. 9 Улар тоғдан тушаётганларида, Исо шогирдларига: “Инсон Ўғли ўликлардан тирилмагунича, кўрганларингизни ҳеч кимга айтманглар”,- деб тайинлади. 10 Унинг шогирдлари Ундан сўрадилар: “Нима учун уламолар: Аввал Элийаҳ келиши керак,- дейдилар?” 11 Исо уларга жавоб бериб деди: “Ростдан ҳам, аввал Элийаҳ келиб, ҳамма нарсани тайёрлаши керак. 12 Лекин Мен сизларга айтаманки, Элийаҳ аллақачон келди ва уни танимадилар, лекин у билан истаганларини қилдилар. Шунингдек, Инсон Ўғли ҳам улардан азоб чекади”. 13 Шунда шогирдлари, Унинг Яҳё Чўмдирувчи ҳақида гапираётганини тушундилар. 14 Улар халқнинг олдига келганларида, бир одам Исонинг ёнига яқинлашиб, тиз чўкди-да, деди: 15 ”Эй, Ҳазрат, менинг ўғлимга раҳм қил. У тутқаноқ касаллигига йўлиққан ва оғир азобланмоқда, чунки тез-тез оловга ва сувга ташланади. 16 Мен уни Сенинг шогирдларингга олиб келдим, улар эса уни шифолай олмадилар”. 17 Шунда Исо жавоб бериб: “Эҳ, имонсиз ва бузуқ авлод, қачонгача Мен сизлар билан бирга бўламан? Қачонгача сизларга чидайман? Уни Менинг олдимга, бу ерга олиб келинглар”,- деди. 18 Исо ёвуз руҳга тақиқлади ва ёвуз руҳ ундан чиқиб кетди. Ўсмир ўша вақтда шифо топди. 19 Сўнг шогирдлар Исонинг олдига алоҳида келиб, Ундан: “Нима учун биз уни қува олмадик?”- деб сўрадилар. 20 Исо уларга: “Имонсизлигингиз учун,- деди,- Сизларга ростини айтаманки, агар сизларда хантал уруғидек имон бўлса ва бу тоққа: Бу ердан у ерга кўч,- десангизлар, у кўчади. Сизларга ҳеч бир нарса имконсиз бўлмайди. 21 Бу турдаги руҳ фақатгина ибодат ва рўза орқали қувилади”. 22 Улар Галиледа турганларида, Исо шогирдларига деди: “Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади 23 ва улар Уни ўлдирадилар. Учинчи кун эса У тирилади”. Шунда шогирдлари жуда ҳам қайғуга тушдилар. 24 Улар Кафарнаҳумга келганларида, “икки драхм” солиғи йиғувчилар Петъёрга келиб: “Устозингиз икки драхм бермайдими?”- дедилар. 25 У: “Ҳа”,- деди. Петъёр уйга кирганида, Исо ундан олдин сўзлаб, унга: “Шимўн, сенинг фикринг қандай? Ернинг шоҳлари бож ва солиқни кимдан оладилар? Ўз болалариданми ёки бегоналарданми?”- деди. 26 Петъёр Унга: “Бегоналардан”,- деди. Исо эса унга деди: “Шундай қилиб, болалар озоддир. 27 Бироқ уларни васвасага солмаслик учун, денгизга бор ва қармоқ ташла. Биринчи илинган балиқни ол ва унинг оғзини очиб, статир топасан. Буни олиб, Мен ҳамда ўзинг учун уларга бер”.