16 1 Сўнг фарзийлару саддуқийлар келиб, Исони васвасага солдилар ва Ундан осмондан аломат кўрсатишини сўрадилар. 2 У уларга жавоб бериб, деди: “Сизлар кечқурун дейсизлар: Ҳаво яхши бўлади, чунки осмон қип-қизил. 3 Эрталаб эса – бугун намгарчилик бўлади, чунки осмон тўқ қизил. Эй, иккиюзламачилар! Сизлар осмоннинг юзини фарқлай оласизлар-у, даврнинг аломатларини эса фарқлай олмайсизлар. 4 Мана, бетавфиқ ва зинокор авлод аломат излайди, аммо уларга Йонаҳ пайғамбарнинг аломатидан бошқа аломат берилмайди”. Шундай деб, Исо уларни тарк этди. 5 Унинг шогирдлари бошқа томонга сузиб ўтиб, нон олишни унутдилар. 6 Сўнгра Исо уларга: “Қаранглар, фарзийлару саддукийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар”,- деди. 7 Улар эса ўзларича ўйлаб: “Бу – биз нон олмаганимизни билдиради”,- дедилар. 8 Исо буни англаб, уларга деди: “Эй, имони камлар, нима учун ичингизда: нон олмадик, деб муҳокама қиляпсизлар. 9 Ҳануз тушунмадингизларми, беш мингта одам бешта нонни еганидан сўнг, сизлар қанча сават териб олганингиз эсингизда йўқми? 10 Ёки тўрт мингтаси еттита нонни еганидан сўнг, неча сават йиғиштириб олганингизчи? 11 Қандай қилиб, Мен: Фарзийлару саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар,- деганимда, сизларга нон ҳақида айтмаганимни тушунмайсизлар?” 12 Шунда улар, Исо уларга нон хамиртурушидан эмас, лекин фарзийлару саддуқийларнинг таълимотидан эҳтиёт бўлишларини айтганини тушундилар. 13 Исо Филип Кесариясининг ҳудудларига келганида, Ўз шогирдларидан: “Одамлар Мени, Инсон Ўғлини Ким, деб ҳисоблайдилар?”- деб сўради. 14 Улар: “Баъзилари: Яҳё Чўмдирувчи, бошқалари: Элийаҳ пайғамбар,- деб, яна бошқалари эса: Йермийаҳ ёки пайғамбарлардан бири, деб ҳисоблайдилар”,- дедилар. 15 У уларга: “Сизлар-чи, Мени Ким, деб ҳисоблайсизлар?”- деди. 16 Шимўн Петъёр жавоб бериб: “Сен Барҳаёт Худонинг Ўғли – Масиҳсан”,- деди. 17 Исо эса унга жавобан деди: “Эй, Йонаҳ ўғли Шимўн, сен бахтлисан, чунки буни сенга тана ва қон эмас, балки Осмондаги Менинг Отам очди. 18 Мен сенга айтаманки, сен – Петъёр, мана шу қоя устида Ўз Жамоатимни қураман ва дўзахнинг дарвозалари ундан устун келмайди. 19 Осмон Шоҳлигининг калитларини сенга бераман. Сен ер юзида нимани боғласанг, шу осмонда боғланган бўлади. Сен ер юзида нимани ечсанг, шу осмонда ечилган бўлади”. 20 Шунда Исо Ўзининг Масиҳ эканини бирор кимсага айтишларини шогирдларига тақиқлади. 21 Шу вақтдан бошлаб, Исо Ўзининг Йерусалимга бориши ва оқсоқоллар, олий руҳонийлар, уламолардан кўплаб азоб чекиб, ўлдирилиши ва учинчи куни тирилиши кераклигини шогирдларига очиб бера бошлади. 22 Шунда Петъёр Уни четга чақириб, эътироз қила бошлади ва Унга: “Худо сақласин, Ҳазрат! Сен билан бундай бўлмасин!”- деди. 23 Лекин У ўгирилиб, Петъёрга: “Йўқол Менинг олдимдан, шайтон! Сен Мен учун васвасасан, чунки сен Худонинг нарсалари ҳақида эмас, балки инсоннинг нарсалари ҳақида ўйлаяпсан”,- деди. 24 Шунда Исо Ўз шогирдларига деди: “Агар ким Менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан воз кечсин ва ўз хочини кўтариб, Менга эргашсин. 25 Чунки ким жонини сақлаб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Лекин ким Мен учун жонини йўқотса, уни топади. 26 Зеро агар одам бутун дунёни қўлга киритса-ю, аммо ўзининг жонини йўқотса, унга нима фойда? Ёки одам ўзининг жони учун қандай тўлов беради? 27 Чунки Инсон Ўғли Ўз Отасининг шуҳратида Ўз фаришталари билан келиб, ҳар кимнинг қилмишига яраша тақдирлайди. 28 Сизларга ростини айтаманки, бу ерда турганлардан баъзилари борки, улар Инсон Ўғлининг Ўз Шоҳлигида келаётганини кўрмагунча, ўлим кўрмайдилар”.