15 1 Шунда Йерусалимдан уламолар билан фарзийлар Исонинг олдига келиб: 2 ”Нима учун Сенинг шогирдларинг ота-боболарнинг анъаналарини бузяптилар? Зеро улар нон еяётганларида, қўлларини ювмайдилар”,- дедилар. 3 У эса уларга жавобан деди: “Нима учун сизлар ҳам ўз анъанангиз туфайли Худонинг амрини бузяпсизлар? 4 Чунки Худо: «Ота-онангни ҳурмат қил», ва: «Ота-онасини лаънатловчи ажали етиб ўлсин»,- деган амрларни берган. 5 Лекин сизлар: Кимки отаси ёки онасига: Сиз мендан фойдаланишингиз мумкин бўлгани – Худога инъом,- деса, 6 у ўз отасини ёки ўз онасини иззат қилмаслиги мумкин,- дейсизлар. Шундай қилиб, сизлар ўз анъанангиз туфайли Худонинг амрларини бекор қилдингизлар. 7 Эй, иккиюзламачилар! Йешайаҳ сизлар ҳақингизда яхши башорат қилган: 8 Бу халқ Мени тили билан ҳурмат қилади, лекин унинг юраги Мендан узоқдир. 9 Бироқ одамларнинг таълимоти ва амрларини ўргатиб, улар Мени беҳудага эҳтиром қиладилар”. 10 Кейин Исо халқни чақириб, уларга деди: “Эшитинглар ва англаб олинглар. 11 Оғизга кирган нарса одамни ҳаром қилмайди, балки оғиздан чиқадиган нарса одамни ҳаром қилади”. 12 Шунда Исонинг шогирдлари келиб, Унга: “Бу гапларни эшитиб фарзийлар васвасага тушганини биласанми?”- дедилар. 13 У жавоб бериб деди: “Менинг Осмондаги Отам ўтқазмаган ҳар бир ўсимлик суғуриб ташланади. 14 Уларни қўйинглар, улар – кўрларнинг кўр йўлбошловчиларидир. Агар кўр кўрни бошқарса, иккаласи ҳам чоҳга қулайди”. 15 Шунда Петьор жавоб бериб, Унга: “Бизга бу масални тушунтириб бер”,- деди. 16 Исо деди: “Наҳотки сизлар ҳам ҳалигача тушунмаган бўлсангизлар? 17 Ҳалигача тушунмадингизларми? Мана, оғизга кирадиган ҳамма нарса қоринга ўтиб, ташқарига чиқариб ташланади-ку. 18 Бироқ оғиздан чиқадиган нарсалар юракдан чиқиб, одамни ҳаром қилади. 19 Зеро юракдан чиқадиган ёвуз фикрлар, қотиллик, зино, фоҳишабозлик, ўғирлик, сохта гувоҳлик, куфрлик – 20 мана булар одамни ҳаром қилади. Ювилмаган қўллар билан ейиш одамни ҳаром қилмайди”. 21 Сўнгра Исо у ердан чиқиб, Тир ва Сидўн ҳудудларига кетди. 22 Мана, канъанлик бир аёл ўша жойлардан чиқиб, Унга: “Эй, Ҳазратим, Довуд Ўғли, менга раҳминг келсин, менинг қизимни ёвуз руҳ аёвсиз қийнаяпти”,- деб қичқирди. 23 Бироқ Исо унга бир сўз ҳам жавоб бермади. Шогирдлари келиб, Унга: “Уни қўйиб юборгин, чунки у ортимиздан қичқирмоқда”,- деб ўтиндилар. 24 У жавоб бериб: “Мен фақат Исроил халқининг йўқолган қўйлари учун юборилганман”,- деди. 25 Шунда у аёл келди-да, Унга сажда қилаётиб: “Ҳазратим, менга ёрдам бер”,- деб айтди. 26 У эса жавоб бериб: “Нонни болалардан олиб, итларга ташлаш яхши эмас”,- деди. 27 Аёл жавоб бериб деди: “Ҳа, Ҳазратим, лекин итлар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тушган ушоқлардан ейишади-ку!” 28 Шунда Исо унга: “Эй, аёл, сенинг имонинг буюк, сенинг истаганингдек бўлсин”,- деди. Аёлнинг қизи шу пайтда шифо топди. 29 Исо у ердан ўтиб, Галиле денгизи ёнига келди-да, тоққа чиқиб, ўша ерда ўтирди. 30 Кўплаб халойиқ Унинг олдига келди. Улар ўзлари билан бирга чўлоқ, кўр, соқов, майиб ва бошқа кўп беморларни олиб келдилар ва уларни Исонинг оёқлари олдига қўйдилар. У эса уларни шифолади. 31 Халқ соқовларнинг гапираётганини, мажруҳларнинг соғаяётганини, чўлоқларнинг юраётганини, кўрларнинг кўраётганини кўриб, жуда ҳам ҳайратланди ва Исроилнинг Худосини улуғладилар. 32 Шунда Исо шогирдларини чақириб, уларга деди: “Халққа ачинаман, чунки улар уч кундан буён Мен билан бирга ва уларни ейишга ҳеч нарсалари йўқ. Йўлда ҳолдан тоймасликлари учун уларни оч қўйиб юборишни истамайман”. 33 Шогирдлари эса Унга: “Бунча халқни тўйдириш учун бу саҳрода нонни қаердан топамиз?”- дедилар. 34 Исо улардан: “Сизларда нечта нон бор?”- деб сўради. Улар эса: “Еттита нон ва бир нечта балиқчалар”,- дедилар. 35 Шунда Исо халойиққа ерга ўтиришни буюрди. 36 Сўнг еттита нон ва балиқчаларни олиб, миннатдорчилик билдирди ва нонни синдириб, ўз шогирдларига беришни бошлади. Шогирдлари эса халойиққа тарқатдилар. 37 Уларнинг ҳаммалари еб тўйдилар ва қолган бўлаклардан тўла еттита сават териб олдилар. 38 Еганлар эса аёллар ва болалардан ташқари тўрт минг киши эди. 39 Сўнг Исо халқни қўйиб юбориб, қайиққа тушди ва Магдала ҳудудларига келди.