14 1 Ўша пайтда вилоят ҳокими Ҳирод Исо тўғрисида эшитиб, 2 ўзининг хизматкорларига: “Бу – Яҳё Чўмдирувчи, у ўликдан тирилган, шунинг учун у мўъжизалар яратяпти”,- деди. 3 Зеро Ҳирод ўз укаси Филипнинг хотини Ҳиродия туфайли Яҳёни қўлга олиб, уни кишанлаган ва зиндонга ташлаган эди, 4 чунки Яҳё унга: “Сен уни олмаслигинг керак”,- деган эди. 5 Ҳирод уни ўлдирмоқчи бўлган эди, лекин халқдан қўрқар эди, чунки уни пайғамбар, деб ҳисоблар эдилар. 6 Ҳироднинг туғилган кунида Ҳиродиянинг қизи уларнинг олдида рақсга тушди ва Ҳироднинг кўнглини олди. 7 Шунинг учун Ҳирод у нимаики сўраса, шуни беришига қасам ичиб, ваъда берди. 8 У эса онасининг маслаҳатига кўра: “Менга шу ерда, патнисда Яҳё Чўмдирувчининг бошини беринг”,- деди. 9 Подшоҳ қайғурди, лекин ўзи билан бирга ўтирганлар ҳақи ва ўзининг қасами ҳақи унга беришларини буюрди. 10 Яҳёнинг бошини олиш учун зиндонга одам юборди. 11 Унинг бошини патнисда олиб келдилар ва қизга бердилар, у эса онасига олиб борди. 12 Яҳёнинг шогирдлари келиб, танасини олиб кўмдилар ва бориб, Исога хабар бердилар. 13 Исо буни эшитганида, қайиқда у ердан бир ўзи саҳро жойга кетди. Халқ эса буни эшитиб, шаҳарлардан Унга пиёда эргашди. 14 Исо чиққач, кўплаб одамларни кўриб, уларга ачинди ва уларнинг касалликларини шифолади. 15 Оқшом тушаётганида, шогирдлари Унинг олдига келиб: “Бу ер овлоқ жой, вақт эса кеч бўлиб қолди. Халқни қўйиб юбор, токи улар қишлоққа бориб, ўзларига овқат сотиб олсинлар”,- дедилар. 16 Лекин Исо уларга: “Улар кетишлари керак эмас, сизлар уларга овқат беринглар”,- деди. 17 Улар эса Унга: “Бу ерда бизда фақат бешта нон ва иккита балиқ бор”,- дедилар. 18 Исо: “Уларни бу ерга, Менга олиб келинглар”,- деди. 19 У халққа ўтга ёнбошлашни буюрди. Сўнг бешта нон ҳамда иккита балиқни олиб, осмонга қаради-да, шукрона билдириб, нонларни синдирди ва шогирдларига берди, шогирдлари эса халққа тарқатдилар. 20 Уларнинг ҳаммалари еб тўйдилар. Шогирдлар эса ортган бурдалардан тўла ўн икки сават териб олдилар. 21 Еганларнинг сони эса (аёллар ва болалардан ташқари) чамаси беш минг эркак эди. 22 Исо шу пайтнинг ўзида шогирдларига, У халқни қўйиб юборгунича, қайиққа ўтириб, Ундан олдин бошқа томонга сузиб ўтишни буюрди. 23 Халқни жўнатиб юборганидан кейин, ибодат қилиш учун Ўзи тоққа чиқди ва оқшом чоғи бир Ўзи қолди. 24 Қайиқ эса денгизнинг ўртасида бўлиб, тўлқинлардан чайқалар эди, чунки шамол қарама-қарши томонга эсаётган эди. 25 Тунги тўртинчи қоровуллик навбатида, Исо денгиз устида юриб, шогирдларининг олдига борди. 26 Шогирдлари эса Уни денгиз устида юраётганини кўрганларида, безовталаниб: “Бу шарпа!”- деб даҳшатдан бақириб юбордилар. 27 Лекин Исо шу лаҳзада уларга гапириб: “Дадил бўлинглар, бу Менман. Қўрқманглар!”- деди. 28 Петъёр жавоб бериб: “Ҳазратим, агар бу Сен бўлсанг, менга сув устида Сенинг олдингга боришимни буюр”,- деди. 29 У эса: “Кел”,- деди. Петъёр қайиқдан чиқиб, Исонинг олдига бориш учун сув устида юра бошлади. 30 Лекин кучли шамолни кўриб қўрқди ва чўка бошлаб: “Ҳазратим, мени қутқар”,- деб бақирди. 31 Исо шу лаҳзада қўлини узатиб, уни ушлади-да, унга: “Эй, имони кам, нима учун шубҳаландинг?”- деди. 32 Улар қайиққа кирганларида, шамол тинди. 33 Шунда қайиқда ўтирганлар яқинлашдилар ва Унга сажда қилиб: “Ҳақиқатан ҳам, Сен Худонинг Ўғлисан”,- дедилар. 34 У ердан сузиб ўтиб, Геннисарет юртига келдилар. 35 У ернинг аҳолиси Исо ҳақида билгач, ўша жойнинг ҳамма томонига одам юбориб, барча беморларни Унинг олдига олиб келдилар. 36 Улар фақатгина кийимининг этагига тегишни Ундан ўтиндилар. Текканлар эса шифо топдилар.