13 1 Исо ўша куни уйдан чиқиб, денгиз бўйида ўтирди. 2 Кўплаб халойиқ Унинг олдига тўпланди. У қайиққа тушиб ўтирди, бор халойиқ эса қирғоқда турар эди. 3 Шундай қилиб, Исо уларга кўп масаллар билан таълим берди: “Мана, уруғ сепувчи уруғ сепишга чиқди. 4 У сепаётганида, баъзи уруғлар йўл ёқасига тушди ва қушлар келиб уларни чўқиб кетдилар. 5 Баъзилари тупроғи кам бўлган тошлоқ жойларга тушди ва ер чуқур бўлмаганлиги учун тезда ўсиб чиқди. 6 Қуёш чиққанида, у сўлиб қолди ва илдизи бўлмаганлиги учун қуриб қолди. 7 Баъзилари эса тиканлар орасига тушди. Тиканлар ўсиб, уларни бўғиб қўйди. 8 Баъзилари эса яхши ерга тушиб, бириси юз ва яна бириси олтмиш, бошқаси эса ўттиз карра ҳосил берди. 9 Кимнинг эшитишга қулоғи бўлса, эшитсин!” 10 Шунда шогирдлари яқинлашиб, Исога: “Нима учун уларга масаллар билан гапиряпсан?”- дедилар. 11 У эса уларга жавобан деди: “Чунки сизларга Осмон Шоҳлигининг сирларини билиш ато қилинган, уларга эса берилмаган. 12 Чунки кимда бор бўлса унга берилади ва кўпайтирилади, кимда йўқ бўлса, ундан ҳатто бори ҳам тортиб олинади. 13 Шунинг учун уларга масаллар билан гапиряпман, чунки улар кўра туриб кўрмайдилар, эшитиб туриб эшитмайдилар ва англамайдилар. 14 Шундай қилиб, Йешайаҳнинг қилган башорати уларда амалга ошмоқда: Эшитиб эшитасизлар, аммо англамайсизлар; кўриб кўрасизлар, аммо фаҳмламайсизлар! 15 Чунки бу халқнинг юрагини ёғ босган, қулоқлари оғирлашган ва кўзлари юмилган, токи улар ўз кўзлари билан кўрмасинлар, қулоқлари билан эшитмасинлар, юраклари билан англамасинлар ва Мен уларни шифолашим учун қайтиб келмасинлар. 16 Сизларнинг кўзларингиз эса кўраётгани учун бахтлидир, сизларнинг қулоғингиз эшитаётган учун бахтлидир. 17 Зеро сизларга ростини айтаманки, кўплаб пайғамбар ва ҳақ одамлар сизлар кўраётганларни кўришни орзу қилган эдилар, лекин кўра олмадилар, сизлар эшитаётганларни эшитишни орзу қилган эдилар, лекин эшита олмадилар. 18 Сизлар эса уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъносига қулоқ солинглар. 19 Шоҳлик ҳақидаги сўзни эшитиб англамайдиган ҳар қандай одамга шайтон келиб, унинг юрагига экилган уруғни ўғирлаб кетади. Мана, йўл ёқасига экилгани шундай одамни билдиради. 20 Тошлоқ ерга экилгани эса шундайни билдиради – у сўзни эшитганида, шу заҳоти уни қувонч билан қабул қилади, 21 бироқ беқарор бўлиб, ичида илдизга эга бўлмайди. Сўз учун қайғу ёки қувғин бўлганида, ўша заҳоти у васвасага тушади. 22 Тиканлар орасига экилгани эса – сўзни эшитган одамни билдирадики, бу дунёнинг ташвишлари ва бойликка алданиш ўша сўзни бўғиб қўяди, шунинг учун у беҳосил қолади. 23 Яхши ерга экилгани эса – сўзни эшитиб англайдиган, ҳосилдор бўладиганни билдиради. Шундай қилиб, кимдир юз карра, кимдир олтмиш карра, кимдир ўттиз карра ҳосил келтиради”. 24 Исо уларга бошқа масални келтириб деди: “Осмон Шоҳлиги ўз даласига яхши уруғ сепган одамга ўхшайди. 25 Лекин одамлар ухлаб ётган пайтда унинг душмани келиб, буғдой орасига бегона ўт уруғларини сепиб кетибди. 26 Экин кўкариб чиқиб, ҳосил кўринганида, шунда бегона ўтлар ҳам пайдо бўлибди. 27 Уй эгасининг қуллари келиб: Хўжайин, сиз далангизга яхши уруғ сепган эмасмидингиз? Бегона ўтлар қаердан пайдо бўлди?- дедилар. 28 У эса уларга: Одамнинг душмани буни қилган,- деди. Қуллари унга: Истайсизми, биз бориб, уларни юлиб ташлаймиз?- дедилар. 29 Лекин хўжайин: Йўқ,- деди,- бегона ўтларни юлаётганингизда, сизлар улар билан бирга буғдойни ҳам юлиб юборишингиз мумкин. 30 Қўяверинглар, ўрим-йиғим пайтигача у ҳам, бу ҳам биргаликда ўсаверсин. Ўрим-йиғим пайтида ўроқчиларга: Олдин бегона ўтларни йиғиб олинглар ва уларни ёқиб юбориш учун боғлам-боғлам қилиб боғланглар, буғдойларни эса менинг омборимга йиғинглар,- деб айтаман”. 31 Сўнгра Исо уларга бошқа бир масални айтиб берди: “Осмон Шоҳлиги – одам олиб, ўз даласига сепган хантал уруғига ўхшайди. 32 Хантал уруғи ҳамма уруғлардан энг кичигидир, лекин ўсиб чиққанида, ҳамма кўкатлардан катта бўлади. У шундай дарахт бўладики, осмон қушлари учиб келиб, унинг шохларига уя қуради”. 33 Исо яна бошқа бир масални уларга айтиб берди: “Осмон Шоҳлиги бир аёл бутун хамирни ачитиш учун уч сатон ўлчов унга қориштириб солган хамиртурушга ўхшайди”. 34 Буларнинг ҳаммасини Исо халққа масалларда айтиб берди ва масалсиз уларга гапирмади. 35 Шундай қилиб, пайғамбар орқали: “Мен оғзимни масалларда очаман, дунё яратилишидан буён яширин бўлган нарсаларни сўзлайман”,- деб айтилгани амалга ошди. 36 Сўнгра Исо халқни қўйиб юбориб, уйга кирди. Шунда шогирдлари Унинг олдига келиб: “Бизга даладаги бегона ўтлар ҳақидаги масални тушунтириб бергин”,- дедилар. 37 У эса уларга жавоб бериб, деди: “Яхши уруғни эккан бу – Инсон Ўғлидир. 38 Дала бу – дунёдир. Яхши уруғ бу – Шоҳликнинг ўғиллари, бегона ўтлар эса – шайтоннинг ўғилларидир. 39 Уларни эккан душман бу – шайтондир. Ўрим-йиғим бу – дунёнинг охиридир, ўроқчилар эса фаришталардир. 40 Шунинг учун бегона ўтлар териб, ўтда ёндирилганидай, бу дунёнинг охирида ҳам худди шундай бўлади: 41 Инсон Ўғли Ўз фаришталарини юборади, улар эса Унинг Шоҳлигидан васвасаларнинг барчасини ва қонунбузарлик қилаётганларни йиғиб олиб, 42 уларни оловли ўчоққа ташлайди. У ерда йиғи-сиғи ва тишлар ғижирлаши бўлади. 43 Шунда ҳақ одамлар Оталарининг Шоҳлигида қуёшдек порлайдилар. Кимнинг эшитишга қулоғи бўлса, эшитсин! 44 Яна Осмон Шоҳлиги далада яшириб қўйилган хазинага ўхшайди. Уни топган одам сир сақлади ва қувончдан бориб, бор-йўғини сотиб, ўша далани сотиб олди. 45 Яна Осмон Шоҳлиги қимматбаҳо марваридларни излаётган савдогарга ўхшайди. 46 У жуда қимматбаҳо бўлган битта марваридни топганида, бутун мол-мулкини сотиб, ўшани сотиб олди. 47 Яна Осмон Шоҳлиги денгизга ташланган ва турли хил балиқларни тутган тўрга ўхшайди. 48 Тўр тўлгач, уни қирғоққа тортиб чиқардилар ва ўтириб, яхши балиқларни идишларга солдилар, ёмонларини эса ташлаб юбордилар. 49 Дунёнинг охирида ҳам шундай бўлади: Фаришталар келиб, ёвуз одамларни ҳақ одамлар орасидан ажратиб, 50 уларни оловли ўчоққа ташлайдилар. У ерда эса йиғи-сиғи ва тишлар ғижирлаши бўлади”. 51 Кейин Исо улардан: “Буларнинг ҳаммасини тушундингизларми?”- деб сўради. Улар Унга: “Ҳа, Ҳазрат”,- дедилар. 52 Исо эса уларга: “Шундай қилиб, Осмон Шоҳлигига ўргатилган ҳар бир уламо, ўз хазинасидан янги ва эски нарсаларни олиб чиқадиган уй эгасига ўхшайди”,- деди. 53 Исо бу масалларни тугатганидан сўнг у ердан кетди. 54 Ўзининг юртига келиб, У синагогада уларга шундай таълим бердики, улар ҳайратланиб дедилар: “Бундай донолик ва қудрат Унда қаердан экан? 55 Бу дурадгорнинг ўғли эмасми? Унинг онасининг исми Мирйам, укалариники Ёқуб, Йошийаҳ, Шимўн ва Яҳудо эмасми? 56 Унинг ҳамма сингиллари бизнинг орамизда эмасми? Буларнинг ҳаммаси Унда қаердан экан?” 57 Шундай қилиб, улар У ҳақида васвасага тушдилар. Исо эса уларга: “Пайғамбар ўз ватанидан ва ўз хонадонидан бошқа ерда ҳурмат-иззатсиз бўлмайди”,- деди. 58 Уларнинг имонсизлиги туфайли у ерда кўп мўъжизалар яратмади.