12 1 Ўша пайтда Исо шаббат кунида буғдой экилган далалардан ўтиб кетаётган эди. Унинг шогирдлари оч қолганидан бошоқларни узиб ея бошладилар. 2 Фарзийлар буни кўриб, Унга: “Мана, Сенинг шогирдларинг шаббат кунида қилиш мумкин бўлмаган ишни қиляптилар!”- дедилар. 3 У эса уларга деди: “Сизлар Довуд ва у билан бирга бўлган одамлар оч қолганларида, нима қилганлари ҳақида ўқимаганмисизлар? 4 У Худонинг уйига кирганида, ўзи ва ёнидагиларга ҳам тақиқланган, фақат руҳонийларгина ейиши мумкин бўлган тақдим нонларини еган эди. 5 Ёки маъбаддаги руҳонийлар шаббат кунида шаббатни бузсалар ҳам, айбдор бўлмасликларини Қонунда ўқимаганмисизлар? 6 Лекин Мен сизларга айтаманки, бу ердаги Кимса маъбаддан ҳам буюкдир. 7 Агар сизлар: Мен қурбонликни эмас, раҳм-шафқатни истайман,- деган оятнинг нима эканлигини билганингизда эди, айбсизларни ҳукм қилмаган бўлар эдингизлар. 8 Чунки Инсон Ўғли шаббат кунининг ҳам Эгасидир”. 9 Сўнг у ердан кетгач, Исо уларнинг синагогасига кирди. 10 У ерда қўли қуриб қолган бир одам бор эди. Шунда фарзийлар Исони айблаш учун Ундан: “Шаббат куни одамни шифолаш жоизми?”- деб сўрадилар. 11 У эса уларга: “Сизлардан қайси бирингиз, битта қўйга эга бўлиб, агар у шаббат куни чуқурга тушиб кетса, уни олиб чиқармас экан?- деди,- 12 Одам эса қўйлардан қанчалар яхшидир! Шундай қилиб, шаббат куни яхшилик қилиш жоиздир”. 13 Шунда Исо ўша одамга: “Қўлингни узат”,- деди. У қўлини узатди ва унинг қўли бошқаси каби соппа-соғ бўлиб қолди. 14 Фарзийлар эса ташқарига чиқиб, Исога қарши Уни қандай ўлдиришга тил бириктирдилар. Аммо Исо буни билгач, у ердан кетди. 15 Унинг ортидан эса кўп халойиқ эргашди ва У уларнинг барчасини шифолади. 16 Лекин Исо Ўзи ҳақида маълум қилишни уларга ман этди. 17 Шундай қилиб, Йешайаҳ пайғамбар орқали айтилгани амалга ошсин: 18 “Мана, Менинг севимли Қулим, жоним илтифот қиладиган танлаганим. Ўз Руҳимни Унга қўяман, У халқларга ҳукмни эълон қилади. 19 У тортишмайди ҳам, қичқирмайди ҳам, ҳеч ким кўчаларда Унинг овозини эшитмайди. 20 Ҳукмга ғалаба келтирмагунича, У синиқ қамишни синдирмайди ва тутаётган зиғир пиликни ўчирмайди. 21 Унинг номига халқлар умид қиладилар”. 22 Сўнгра Унинг олдига жинга чалинган кўр ва соқов одамни олиб келдилар ва Исо уни шифолади. Шунда ўша одам гапира ва кўра бошлади. 23 Халқ эса ҳайратланиб: “Бу Довуднинг ўғли Масиҳ эмасмикан?”- деди. 24 Лекин фарзийлар буни эшитганларида: “У жинларнинг бошлиғи Баалзебубнинг кучи билан жинларни қувяпти”,- дедилар. 25 Лекин Исо уларнинг фикрларини билиб, уларга деди: “Ўз ичидан бўлинган ҳар бир подшоҳлик харобага айланади ва ўз ичидан бўлинган ҳар бир шаҳар ёки уй тура олмайди. 26 Агар шайтон шайтонни қувса, унда у ўз ичидан бўлинди. Қандай қилиб унинг подшоҳлиги тура олади? 27 Агар Мен жинларни Баалзебуб кучи билан қувиб чиқараётган бўлсам, унда ўғилларингиз кимнинг кучи билан уларни қувиб чиқармоқдалар? Шунинг учун улар сизларга қози бўладилар. 28 Агар Мен Худонинг Руҳи билан жинларни қувиб чиқараётган бўлсам, унда Худонинг Шоҳлиги сизларга етиб келган. 29 Ёки қандай қилиб кимдир кучли одамнинг уйига кириб, аввал кучли одамни боғламасдан, унинг мол-мулкини талон-тарож қила олади? Шундагина унинг уйини талон-тарож қилади. 30 Ким Мен билан бирга бўлмаса, у Менга қаршидир. Ким Мен билан бирга йиғмаса, у сочади. 31 Шунинг учун сизларга айтаманки, одамларнинг ҳар қандай гуноҳи ва куфрлиги кечирилади, лекин одамларнинг Муқаддас Руҳни куфр қилишлари кечирилмайди. 32 Ким Инсон Ўғлига қарши сўз айтса, кечирилади. Лекин ким Муқаддас Руҳга қарши сўз айтса, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам кечирилмайди. 33 Ёки дарахтни яхши ва унинг ҳосилини ҳам яхши, деб тан олинг, ёки дарахтни ёмон ва унинг ҳосилини ҳам ёмон, деб тан олинг. Зеро дарахт ўз мевасидан билинади. 34 Эй, илон зотидан туғилганлар, сизлар ёвуз бўла туриб, қандай яхши гапира оласизлар? – Чунки юракнинг тўлалигидан тил гапиради. 35 Яхши одам юракнинг яхши хазинасидан яхши нарса чиқаради, ёвуз одам эса ёвуз хазинасидан ёвуз нарса чиқаради. 36 Лекин сизларга айтаманки, одамлар айтадиган ҳар қандай беҳуда сўзлари учун ҳукм кунида жавоб берадилар. 37 Чунки ўз сўзларинг билан оқланасан, ўз сўзларинг билан ҳукм қилинасан”. 38 Шунда баъзи уламолару фарзийлар Исога: “Устоз, биз Сендан аломат кўришни истаймиз”,- дедилар. 39 Лекин У уларга жавобан деди: “Ёвуз ва зинокор авлод аломат излаяпти, бироқ уларга Йонаҳ пайғамбарнинг аломатидан бошқа аломат берилмайди. 40 Зеро Йонаҳ уч куну уч тун денгиз махлуғининг қорнида бўлгани каби, Инсон Ўғли ҳам уч куну уч тун ернинг бағрида бўлади. 41 Нийневеҳлик бўлган эркаклар ҳукм кунида бу насл билан бирга тирилиб, уни маҳкум этадилар, чунки улар Йонаҳнинг воизлигидан тавба қилган эдилар. Мана, Йонаҳдан ҳам улуғроғи бу ердадир. 42 Жануб маликаси ҳукм кунида бу насл билан бирга тирилиб, уни маҳкум этади, чунки у Сулаймоннинг донолигини тинглаш учун дунёнинг олис бурчагидан келган эди. Мана, Сулаймондан ҳам улуғроғи бу ердадир. 43 Нопок руҳ инсондан чиққанида, ором излаб, сувсиз жойларни кезади ва топа олмайди. 44 Шунда у: Чиққан уйимга қайтиб бораман,- дейди ва қайтгач, уйни кимсасиз, супурилган ва йиғиштирилган ҳолда топади. 45 Сўнгра у бориб, ўзидан ҳам ёвузроқ бўлган бошқа еттита руҳни ўзи билан бирга олади ва ўша уйга кириб яшайдилар. У одамнинг кейинги аҳволи аввалгисидан ёмонроқ бўлади. Бу ёвуз авлод билан ҳам худди шундай бўлади”. 46 Исо халққа ҳали гапириб турган вақтда, Унинг онаси укалари билан келиб қолдилар. Улар Исо билан гаплашмоқчи бўлиб, ташқарида турган эдилар. 47 Кимдир Исога: “Мана, Сенинг онанг ва укаларинг Сен билан гаплашмоқчи бўлиб, ташқарида турибдилар”,- деди. 48 У эса гапирганга жавобан: “Ким Менинг онам? Ким Менинг укаларим?”- деди. 49 Кейин қўли билан Ўз шогирдларини кўрсатиб: “Мана,- деди,- Менинг онам ва укаларим. 50 Чунки ким Менинг Осмондаги Отамнинг иродасини бажарса, ўша Менинг укам, синглим ва онам бўлади”.