9
1
Бундан кейин Исо ўн икки шогирдини биргаликда чақириб, уларга ҳамма жинларни қувиб чиқариш ва касалларни шифолаш куч-қудрати ва ҳокимиятини берди.
2
Шунда Худонинг Шоҳлигини воизлик қилиш ва беморларни шифолаш учун уларни юбориб,
3
уларга деди: “Йўлингизга ҳеч нарса олманглар: ҳасса ҳам, тўрва ҳам, нон ҳам, пул ҳам, иккитадан кийим ҳам олманглар.
4
Қайси уйга кирсангизлар, ўша ерда қолаверинглар ва ўша ердан йўлга чиқинглар.
5
Агарда одамлар сизларни қабул қилмасалар, унда бу шаҳардан чиқаётганингизда, уларга қарши гувоҳлик қилиб, оёқларингиздаги чангни қоқиб кетинглар”.
6
Шундай қилиб, шогирдлар жўнаб кетдилар ва ҳамма ерда Хушхабарни воизлик қилиб, беморларни шифолаб, қишлоқдан-қишлоққа ўтиб юрдилар.
7
Вилоят ҳокими Ҳирод Исонинг қилган ҳамма ишлари ҳақида эшитиб, гангиб қолди, чунки баъзилар: “Мана, Яҳё ўликлардан тирилди”,- деб айтар эдилар,
8
бошқалар эса: “Элийаҳ пайғамбар пайдо бўлди”, яна бошқалар: “Қадимги пайғамбарлардан бири тирилди”,- деб айтар эдилар.
9
Шунда Ҳирод: “Мен Яҳёни бошидан жудо қилганман. Лекин бу Одам ҳақида шундай нарсаларни эшитяпман, У ким экан?”- деди. Шунинг учун Уни кўришга интилар эди.
10
Ҳаворийлар эса қайтиб келиб, қилган ишлари ҳақида Унга айтиб бердилар. Исо уларни алоҳида Ўзи билан Бейт-Сайда шаҳри яқинидаги саҳро жойга олиб борди.
11
Аммо халқ буни билгач, Унинг кетидан эргашди. Исо уларни қабул қилиб, улар билан Худонинг Шоҳлиги ҳақида суҳбатлашди ва шифога муҳтож бўлганларни шифолади.
12
Кун эса кечга оғиб борар эди. Ўн икки шогирди Исонинг олдига келиб, Унга: “Халқнинг кетишига рухсат бер, токи улар атрофдаги овулу қишлоқларга бориб озиқ-овқатларини топишсин ва тунашсин. Чунки биз бу ерда саҳро жойдамиз”,- дедилар.
13
Лекин Исо уларга: “Сизлар уларга овқат беринглар!”- деб айтди. Улар эса: “Бешта нон ва иккита балиқдан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ-ку. Бориб ҳамма одамга овқат сотиб олайликми?”- дедилар.
14
Чунки у ерда тахминан беш мингта эркак бор эди. Аммо Исо Ўз шогирдларига: “Уларни ҳар қаторга элликтадан қилиб ўтқазинглар”,- деди.
15
Шогирдлари эса худди шундай қилиб, ҳаммани ўтқазишди.
16
Шунда Исо бешта нон билан иккита балиқни олиб, осмонга қараб уларни дуо қилди. Сўнг уларни ушатиб, халққа тарқатиш учун шогирдларига берди.
17
Шундай қилиб, улар едилар ва ҳаммалари тўйдилар. Улардан ортиб қолган бурдаларни териб олганларида, ўн икки сават чиқди.
18
Бир куни Исо ёлғиз Ўзи ибодат қилаётган эди, Унинг шогирдлари У билан бирга эдилар. Исо эса улардан: “Халқ Мени ким, деб ҳисоблайди?”- деб сўради.
19
Улар жавобан дедилар: “Яҳё Чўмдирувчи, деб ҳисоблайдилар, баъзилари эса: Элийаҳ пайғамбар, бошқалари эса: Қадимги пайғамбарлардан бири тирилган,- деб айтадилар”.
20
Шунда Исо улардан: “Сизларчи, Мени ким, деб ҳисоблайсизлар?”- деб сўради. Петъёр эса жавоб бериб: “Сен – Худонинг Масиҳисан!”- деди.
21
Лекин Исо буларни ҳеч кимга айтмасликни уларга қатъий буюриб деди:
22
“Инсон Ўғли кўп азоб чекиши, оқсоқоллар, олий руҳонийлар ҳамда уламолар томонидан рад қилиниши ва ўлдирилиши, учинчи куни эса тирилиши керак”.
23
Кейин барча одамларга деди: “Агар ким Менинг ортимдан юришни хоҳласа, ўзидан воз кечсин ва ҳар куни ўз хочини кўтариб, Менга эргашсин.
24
Чунки ўз жонини сақлаб қолмоқчи бўладиган ҳар бир кимса уни йўқотади. Мен учун жонини йўқотадиган ҳар бир кимса уни сақлаб қолади.
25
Зеро агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса-ю, лекин ўзини йўқотса ёки ўзига зарар етказса, бундан унга нима фойда?
26
Чунки ким Мендан ва Менинг сўзларимдан уялса, Инсон Ўғли Ўзининг ҳамда Отасининг ва муқаддас фаришталарнинг шуҳрати билан келганида, ундан ҳам уялади.
27
Сизларга ҳақиқатан айтяпманки: бу ерда турганларнинг баъзилари ўлимни кўришдан олдин Худонинг Шоҳлигини кўрадилар”.
28
Шу сўзларни айтганидан кейин орадан саккиз кун ўтгач, Исо Петъёр, Юҳанно ва Ёқубни олиб, ибодат қилиш учун тоққа чиқди.
29
У ибодат қилаётганида, Унинг юзининг кўриниши ўзгарди ва Унинг кийимлари оппоқ бўлиб порлади.
30
Мана, икки киши Исо билан суҳбатлашиб турар эди. Булар Мусо ва Элийаҳ эди.
31
Улар шуҳратда намоён бўлиб, Исонинг Йерусалимда бажо келтириши керак бўлган иши, яъни дунёни тарк этиши ҳақида гаплашар эдилар.
32
Петъёр ва у билан бирга бўлганларни эса уйқу босган эди. Лекин уйғониб, Исонинг шуҳратини ва У билан бирга турган икки кишини кўрдилар.
33
Ўшалар Исодан узоқлашиб кетаётганларида, Петъёр Исога деди: “Устоз, биз учун бу жой жуда соз экан! Қани, биз учта чайла қурайлик – бириси Сенга, бириси Мусога, бириси Элийаҳга...” Аммо у нимани сўзлаётганини ўзи билмас эди.
34
Ҳали у гапираётганида, бир булут пайдо бўлиб, уларни сояси билан қоплади. Улар булутнинг ичига кирганларида, қўрқувга тушдилар.
35
Булут ичидан: “Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Унга қулоқ солинглар”,- деган садо келди.
36
Бу садо келгач, Исонинг ёлғиз Ўзи қолди. Шогирдлари эса ўша кунларда кўрганларини яшириб, бу ҳақида ҳеч кимга айтмадилар.
37
Эртаси куни улар тоғдан тушиб келганларида, Исони катта оломон кутиб олди.
38
Шу пайтда халқ орасидан бир киши бақириб деди: “Устоз! Сендан ўтиниб сўрайман, менинг ўғлимга қарагин, у менинг ягона болам.
39
Ёвуз руҳ уни тутиб олади ва у бирданига бақириб юборади. Ёвуз руҳ боланинг оғзидан кўпиги чиққунича унга азоб беради ва уни қаттиқ қийнаб, ундан зўрға кетади.
40
Мен Сенинг шогирдларингдан ёвуз руҳни қувишларини илтимос қилдим, лекин улар эплай олмадилар”.
41
Исо эса жавоб бериб деди: “Эҳ, имонсиз ва бузуқ авлод! Қачонгача сизлар билан бирга бўламан? Қачонгача сизларга чидайман? Ўғлингни бу ерга олиб кел!”
42
Ўсмир ҳали келаётган эди, жин уни ерга ағнатиб ура бошлади. Лекин Исо нопок руҳга тақиқлаб, ўсмирни шифолади ва уни отасига топширди.
43
Уларнинг ҳаммаси Худонинг буюклигига ҳайрон қолдилар. Улар ҳали Исонинг қилаётган ҳамма ишларидан ҳайратланаётганларида, У Ўз шогирдларига деди:
44
“Ушбу сўзларимни қулоқларингизга қуйиб олинглар! Инсон Ўғли одамлар қўлига топширилади”.
45
Лекин улар бу сўзни тушунмадилар. Бу сўз улардан яширин бўлгани учун улар уни англамадилар, аммо Исодан бу сўз ҳақида сўрашга қўрқар эдилар.
46
Шундан сўнг уларнинг орасида: “Биздан энг буюгимиз ким?”- деган баҳслашув пайдо бўлди.
47
Исо эса уларнинг юрагидаги фикрларини билиб, бир болани олиб Ўзининг ёнига турғизиб қўйди
48
ва уларга деди: “Ким шундай болани Менинг номимдан қабул қилса, Мени қабул қилади. Ким Мени қабул қилса, Мени Юборганни қабул қилади. Зеро сизларнинг орангизда ким энг кичик бўлса, у буюк бўлади”.
49
Шу орада Юҳанно деди: “Устоз! Сенинг номингдан жинларни қуваётган бир одамни кўрдик ва унга буни ман этдик, чунки у биз билан бирга юрмайди”.
50
Исо эса унга: “Ман қилманглар, чунки ким сизларга қарши бўлмаса, у сизлар томондадир”,- деди.
51
Исонинг дунёдан олиниш кунлари яқинлашганида, У Йерусалимга боришга қатъий қарор қилди.
52
Ўшанда Ўзидан олдин хабарчиларни юборди. Улар бориб, Исо келишига тайёргарлик кўриш учун Самариянинг бир қишлоғига кирдилар.
53
Лекин самарияликлар Уни қабул қилмадилар, чунки Исонинг кўриниши Йерусалимга бораётган кишиникидай эди.
54
Унинг шогирдлари Ёқуб ва Юҳанно буни кўриб: “Ҳазрат! Биз Элийаҳ пайғамбар қилганидек, осмондан олов тушишини ва уларни йўқ қилишини буюришимизни истайсанми?”- дедилар.
55
Лекин Исо бурилиб, уларга тақиқлаб деди: “Сизлар қандай руҳда эканлигингизни билмайсизлар!
56
Чунки Инсон Ўғли одамларнинг жонини ҳалок қилиш учун эмас, балки қутқариш учун келган”. Шунда улар бошқа қишлоққа кетдилар.
57
Бундан кейин улар ўз йўлларида кетаётганларида, кимдир Исога: “Ҳазратим! Сен қаерга бормасанг ҳам, мен Сенга эргашаман”,- деди.
58
Исо эса унга: “Тулкиларнинг уялари, осмондаги қушларнинг инлари бор. Лекин Инсон Ўғлининг бош қўядиган жойи йўқ”,- деди.
59
Сўнгра Исо бошқасига: “Менинг орқамдан эргаш!”- деб айтди. У эса жавобан: “Ҳазрат! Олдин бориб отамни кўмиб келишга ижозат бер”,- деди.
60
Исо унга: “Ўликларга ўз ўликларини кўмишларини қўйиб бер. Сен эса бориб, Худонинг Шоҳлигини воизлик қилгин”,- деди.
61
Кейин яна бошқаси: “Ҳазратим! Мен Сенга эргашаман. Фақат олдин бориб, уйдагилар билан хайрлашишимга ижозат бер”,- деди.
62
Исо эса унга: “Қўллари билан омочни тутиб, орқасига қараган ҳеч ким Худонинг Шоҳлигига лойиқ эмасдир”,- деди.