10
1
Шундан сўнг Раббий бошқа етмишта шогирдни ҳам танлади ва Ўзи бормоқчи бўлган ҳар бир шаҳарга, ҳар бир жойга уларни Ўзидан олдин иккитадан юбориб,
2
уларга деди: “Ҳақиқатан ҳам ҳосил кўп, бироқ ишчилар оз. Ўз ўрим-йиғимингга ишчиларни юбор, деб ҳосил Эгасига ибодат қилинглар.
3
Боринглар! Мана, Мен сизларни бўриларнинг орасига қўзилардек юборяпман.
4
Ҳамён ҳам, тўрва ҳам, пойафзал ҳам олманглар ва йўлда ҳеч ким билан саломлашманглар.
5
Қайси уйга кирсангизлар, аввало: Уйингизга тинчлик бўлсин,- деб айтинглар.
6
Агарда у ерда тинчликнинг ўғли бўлса, сизларнинг тинчлигингиз унда жо бўлади. Агарда йўқ бўлса, сизларга қайтиб келади.
7
Шундай қилиб, ўша уйда қолинглар, сизларга нимаики берсалар, шуни еб-ичинглар, чунки меҳнаткаш ўз мукофотига сазовордир. Уйма-уй ўтиб юрманглар.
8
Қайси шаҳарга кирганингизда сизларни қабул қилсалар, сизларнинг олдингизга қўйилганларни енглар.
9
Ўша ердаги беморларни шифоланглар ва уларга: Худонинг Шоҳлиги сизларга яқинлашди,- деб айтинглар.
10
Аммо қайси шаҳарга кирганингизда сизларни қабул қилмасалар, унда кўчага чиқиб уларга айтинглар:
11
Оёқларимизга ёпишган шаҳрингизнинг чангини ҳам сизларга қоқиб кетяпмиз, бироқ Худонинг Шоҳлиги сизларга яқинлашганини билиб қўйинглар.
12
Сизларга айтаманки, ўша кунда у шаҳардан кўра Садўм шаҳрига осонроқ бўлади.
13
Эй, Ҳоразин, сенинг ҳолингга вой! Эй, Бейт-Сайда, сенинг ҳолингга вой! Чунки агар сизларда содир бўлган мўъжизалар Тир билан Сидўн шаҳарларида қилинганида эди, улар аллақачон қанор кийимида ва кулда ўтириб, тавба қилган бўлар эдилар.
14
Шунинг учун ҳукм кунида сизлардан кўра Тир ва Сидўн шаҳарларига осонроқ бўлади.
15
Эй, осмонгача кўтарилган Кафарнаҳум, сен дўзахгача тушиб кетасан!
16
Сизларни тинглаётган Мени тингламоқда. Сизларни рад этаётган Мени рад этмоқда. Мени рад этаётган эса Мени Юборганни рад этмоқда”.
17
Бундан кейин етмишта шогирди қувонч билан қайтиб келиб Исога: “Ҳазрат, жинлар ҳам Сенинг номингдан бизга бўйсунмоқдалар!”- дедилар.
18
У эса уларга деди: “Мен осмондан яшиндай тушиб кетган шайтонни кўрдим.
19
Мана, Мен сизларга илонлару чаёнларни ҳамда душманнинг бутун куч-қудратини босиш учун ҳокимият беряпман ва ҳеч нарса сизларга зарар етказмайди.
20
Бироқ руҳлар сизларга бўйсунаётганидан қувонманглар, балки исмларингиз Осмонда ёзилганидан қувонинглар!”
21
Ўша пайтда Исо руҳи билан қувониб деди: “Сендан миннатдорман, эй, Отам, еру осмон Эгаси! Чунки Сен буни доною ақллилардан яшириб, гўдакларга очиб бердинг. Ҳа, Ота! Зеро Сенинг эзгу ироданг шундайдир.
22
Отамдан Менга ҳамма нарса топширилган. Ўғилнинг кимлигини Отадан бошқа ҳеч ким билмайди. Отанинг кимлигини ҳам Ўғилдан ва Ўғил очиб беришни истаган кишилардан бошқа ҳеч ким билмайди”.
23
Сўнг Исо шогирдларига бурилиб, уларга алоҳида деди: “Сизлар кўраётган нарсаларни кўриб турган кўзлар бахтлидир!
24
Шунинг учун сизларга айтаманки, кўп пайғамбарлар ва подшоҳлар сизлар кўраётганни кўришни орзу қилдилар, аммо буни кўрмадилар; сизлар эшитаётганни эшитишни орзу қилдилар, аммо буни эшитмадилар”.
25
Шунда бир қонуншунос туриб, Исони синаб деди: “Устоз, абадий ҳаётни мерос қилиб олмоқ учун нима қилишим керак?”
26
Исо эса унга: “Қонунда нима ёзилган? Сен уни қандай ўқийсан?”- деди.
27
У эса жавобан: “Раббий Худойингни бутун юрагинг, бутун жонинг, бутун қувватинг, бутун онгинг билан севгин ва ўз яқинингни ўзингни севгандек севгин”,- деб айтди.
28
Исо унга: “Сен тўғри жавоб бердинг, шундай қилгин ва яшайсан!” - деди.
29
Лекин ўша киши ўзини оқламоқчи бўлиб, Исога: “Менинг яқиним ким?”- деб айтди.
30
Исо бунга шундай деди: “Йерусалимдан Йерихога бораётган бир одам қароқчиларнинг қўлига тушди. Улар унинг кийимларини ечиб олиб, жароҳатлаб, чалажон ҳолда ташлаб кетдилар.
31
Тасодифан, шу йўлдан бир руҳоний ўтаётган эди. Уни кўриб, ёнидан ўтиб кетди.
32
Бир левит ҳам шу жойдан ўтаётганида, ўша кишининг олдига келиб, унга бир қаради-да, ёнидан ўтиб кетди.
33
Бир самариялик ҳам шу йўлдан ўтаётиб, унинг устидан чиқиб қолди. Уни кўрганида, унга раҳми келди
34
ва унинг олдига бориб, яраларига мой суртиб, шароб қуйиб, боғлаб қўйди. Сўнгра уни ўз эшагига миндирди ва мусофирхонага олиб келиб, унга ғамхўрлик қилди.
35
Эртасига эса кетаётиб, икки динор чиқарди-да, мусофирхона эгасига бериб деди: Бу одамга ғамхўрлик қилгин. Агар бундан кўпроқ сарф қилсанг, мен қайтиб келганимда, сенга бераман.
36
Сенинг фикрингча, учовидан қайси бири қароқчиларнинг қўлига тушган одамнинг яқини бўлган?”
37
Қонуншунос эса: “Унга шафқат қилган одам”,- деб жавоб берди. Шунда Исо унга: “Бор, сен ҳам шундай қилгин!”- деди.
38
Шу орада улар йўлларида давом этганларида, Исо бир қишлоққа кирди. Бу ерда Марта исмли бир аёл Уни ўз уйига қабул қилди.
39
Унинг Мирйам исмли синглиси бор эди. Мирйам Исонинг оёқлари олдида ўтириб, Унинг сўзларини тинглар эди.
40
Марта эса овқат тайёрлаш билан жуда овора эди. У Исонинг олдига келиб, Унга: “Ҳазратим! Синглим бир ўзимни шу ишда қолдирганидан ташвишланмаяпсанми? Энди унга айтгин, менга ёрдам берсин!”- деди.
41
Исо эса унга жавоб бериб: “Марта! Марта! Сен жуда кўп нарсалар ҳақида ташвишланиб хавотирланяпсан!
42
Лекин фақат биргинаси керак. Мирйам эса яхши қисмни танлади ва бу ундан тортиб олинмайди”,- деди.