11
1
Бир куни Исо бир жойда ибодат қилаётган эди. Ибодатни тамом қилганида, Унинг шогирдларидан бири Унга: “Ҳазратим! Яҳё ўз шогирдларига ўргатганидек, бизга ҳам ибодат қилишни ўргатгин”,- деди.
2
Исо эса уларга деди: “Ибодат қилаётганингизда шундай деб айтинглар: Бизнинг Осмондаги Отамиз! Сенинг номинг муқаддас бўлсин. Сенинг Шоҳлигинг келсин. Сенинг ироданг Осмонда бўлганидек, ерда ҳам бўлсин.
3
Кундалик нонимизни бизга ҳар куни бериб тургин.
4
Гуноҳларимизни кечиргин, чунки биз ҳам ўзимизга қарздор бўлганларнинг ҳар бирини кечирамиз. Бизни васвасага йўлиқтирмагин, аммо бизни ёвуздан халос қилгин”.
5
Сўнгра Исо уларга деди: “Фараз қилайлик, орангизда бир кишининг дўсти бўлиб, ярим кечада унинг олдига келиб, унга дейди: Дўстим, менга учта нон қарз бергин.
6
Менинг бир дўстим йўл-йўлакай меникига кирибди ва унинг олдига қўядиган ҳеч нарсам йўқ.
7
У эса ичкаридан жавоб бериб деди: Мени овора қилма. Эшик қулфлаб қўйилган, болаларим мен билан бирга тўшакда. Шунинг учун ўрнимдан туриб сенга бера олмайман.
8
Сизларга айтаманки, агар ўз дўсти бўлгани учун ҳам туриб унга бермаса, унда унинг чекинмаслиги туфайли туриб, қанча сўраса, шунча унга беради.
9
Яна сизларга айтаманки, сўранглар ва сизларга берилади. Изланглар ва топасизлар. Тақиллатинглар ва сизларга очилади.
10
Чунки ҳар бир сўраётган олади, излаётган топади, тақиллатаётганга очилади.
11
Сизлардан қайси бир ота, ўғли ундан нон сўраса, унга тош берар экан? Ёки балиқ сўраса, унга балиқ ўрнига илон берар экан?
12
Ёки тухум сўраса, унга чаён берар экан?
13
Шундай қилиб, агар сизлар ёвуз бўла туриб, болаларингизга яхши ҳадялар беришни билсангизлар, боз устига Осмондаги Ота Ундан сўраганларга Муқаддас Руҳни беради”.
14
Бир куни Исо соқов жинни қувиб чиқарди. Жин чиққанидан кейин, соқов киши гапира бошлади, халқ эса ҳайрон бўлди.
15
Бироқ улардан баъзилари: “У жинлар бошлиғи Баалзебубнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти!”- дедилар.
16
Бошқалар эса Исони васвасага солиб, Ундан осмондан аломат кўрсатишини талаб қилдилар.
17
Лекин Исо уларнинг фикрларини билиб, уларга деди: “Ўз ичидан бўлинган ҳар бир подшоҳлик харобага айланади ва ўз ичидан бўлинган уй қулайди.
18
Агар шайтон ҳам ўз ичидан бўлинган бўлса, унинг подшоҳлиги қандай тура олади? Сизлар эса Мен ҳақимда: У Баалзебубнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти,- деб айтяпсизлар.
19
Агар Мен жинларни Баалзебуб кучи билан қувиб чиқараётган бўлсам, унда ўғилларингиз кимнинг кучи билан уларни қувиб чиқармоқдалар? Шунинг учун улар сизларга судья бўладилар.
20
Агарда Мен Худонинг бармоғи билан жинларни қувиб чиқараётган бўлсам, унда албатта Худонинг Шоҳлиги сизларга етиб келди.
21
Агар бир кучли одам ўз уйини қурол билан қўриқлаб турган бўлса, унинг мол-мулки бехатар бўлади.
22
Аммо ундан кучлироғи унга ҳужум қилиб уни енгса, у таянган барча қуролларни тортиб олади ва унинг ўлжасини тақсимлайди.
23
Ким Мен билан бирга бўлмаса, у Менга қаршидир. Ким Мен билан бирга йиғмаса, у сочади.
24
Нопок руҳ инсондан чиққанида, ором излаб, сувсиз жойларни кезади ва топмасдан: Чиққан уйимга қайтиб бораман,- дейди.
25
Шунда у келиб, уйни супурилган ва йиғиштирилган ҳолда топади.
26
Сўнгра у бориб, ўзидан ҳам ёвузроқ бўлган бошқа еттита руҳни ўзи билан бирга олади ва ўша уйга кириб яшайдилар. У одамнинг кейинги аҳволи аввалгисидан ёмонроқ бўлади”.
27
Исо буни сўзлаётганида, халқ орасидан бир аёл баланд овозда Унга: “Сени кўтариб юрган қорин ва Сени эмизган кўкрак бахтлидир!” - деди.
28
Исо эса жавоб қайтариб деди: “Аниқроғи, Худонинг Сўзини тинглаётганлар ва унга риоя қилаётганлар бахтлидир!”
29
Кўпдан-кўп халойиқ йиғилаётганида, Исо гапира бошлади: “Бу авлод ёвуздир! Улар аломат изламоқдалар, аммо уларга Йонаҳ пайғамбарнинг аломатидан бошқа аломат берилмайди.
30
Шунинг учун Йонаҳ нийневеҳликлар учун аломат бўлгани каби, Инсон Ўғли ҳам бу авлод учун худди шундай бўлади.
31
Жануб маликаси бу авлод одамлари билан бирга ҳукм кунида тирилиб келади ва уларни маҳкум этади. Чунки у Сулаймоннинг донолигини тинглаш учун ернинг бир четидан келган эди. Мана, Сулаймондан ҳам буюкроғи бу ердадир!
32
Нийневеҳликлар бу авлод билан бирга ҳукм кунида тирилиб келадилар ва уларни маҳкум этадилар. Чунки улар Йонаҳнинг воизлигидан тавба қилган эдилар. Мана, Йонаҳдан ҳам буюкроғи бу ердадир!
33
Ҳеч ким шамни ёқиб, уни яширин жойга ёки идишнинг тагига қўймайди. Аксинча, кирганлар нурни кўришлари учун уни шамдонга қўяди.
34
Тананинг чироғи кўздир. Шундай қилиб, агар сенинг кўзинг соф бўлса, унда бутун тананг ҳам нурга тўла бўлади. Агарда у ёмон бўлса, унда сенинг тананг ҳам қоронғиликка тўла бўлади.
35
Шундай қилиб, эътибор бергин: сенинг ичингдаги нур қоронғилик эмасми?
36
Агар бутун тананг нурга тўла бўлса ва бирон бир қоронғи қисми бўлмаса, унда худди чироқ ўз нури билан сени ёритганидек, ҳаммаси нурга тўла бўлади”.
37
Исо буларни гапириб турганида, бир фарзий Уни дастурхонга таклиф қилди. Исо унинг уйига кириб, овқатланиш учун ёнбошлади.
38
Фарзий Исонинг овқатдан олдин қўлларини ювмаганини кўриб, ҳайрон бўлди.
39
Раббий эса унга деди: “Эй, фарзийлар, ҳозирги вақтда сизлар пиёла ва товоқнинг сиртини тозалайсизлар, аммо сизларнинг ичингиз ўғирлик ва ёвузликка тўлиб-тошган!
40
Аҳмоқлар! Сиртини Яратган ичини ҳам яратмаганми?
41
Яхшиси, ўзларингизда боридан хайр-садақа беринглар, шунда ҳамма нарса сизлар учун пок бўлади.
42
Лекин, эй, фарзийлар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар ялпиз, заъфарон ва ҳар хил ўсимликлардан ушр берасизлар, аммо адолат ва Худонинг севгиси ҳақида беғамсизлар! Буларни бажара туриб, уларни ҳам қолдирмаслигингиз керак эди.
43
Эй, фарзийлар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар синагогаларда тўрда ўтиришни ҳамда бозор майдонида табрик олишни яхши кўрасизлар.
44
Эй, риёкор, уламолар ҳамда фарзийлар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар, одамлар сезмай устидан босиб ўтган яширин қабрларга ўхшайсизлар”.
45
Шунда қонуншунослардан бири Исога жавобан: “Устоз! Бу сўзларни айтиб, Сен бизни ҳам ранжитдинг-ку”,- деди.
46
Исо эса деди: “Эй, қонуншунослар, сизларнинг ҳам ҳолингизга вой! Чунки сизлар кўтариб бўлмайдиган юкларни инсонларга юклайсизлар, ўзларингиз эса бу юкларга ҳатто бир бармоғингизни ҳам тегизмайсизлар.
47
Сизларнинг ҳолингизга вой, чунки сизлар оталарингиз ўлдирган пайғамбарларга мақбаралар қурасизлар.
48
Шу билан оталарингизнинг қилмишлари ҳақида гувоҳлик бериб, уларни маъқуллаяпсизлар. Чунки улар пайғамбарларни ўлдирганлар, сизлар эса уларга мақбаралар қуряпсизлар!
49
Шунингдек, Худонинг донолиги ҳам шундай дейди: Мен уларга пайғамбарлар ва ҳаворийлар юбораман. Улардан баъзиларини ўлдирадилар, баъзиларини эса қувғин қиладилар.
50
Шунинг учун ҳам дунё яратилишидан бери тўкилган барча пайғамбарларнинг қони бу авлоддан талаб қилинади.
51
Сизларга ростини айтаманки, Ҳобилнинг тўкилган қонидан тортиб, қурбонгоҳ билан маъбаднинг орасида ўлдирилган Закарийаҳнинг қонигача бу авлоддан талаб қилинади!
52
Эй, қонуншунослар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар билим калитини олдингизлар, лекин эшикдан ўзларингиз ҳам кирмадингизлар ва кирмоқчи бўлганларга ҳам тўсқинлик қилдингизлар”.
53
Исо уларга буларни гапираётганида, уламолар ва фарзийлар Уни қаттиқ сиқувга олиб, кўп саволларга жавоб беришга мажбур қилдилар.
54
Унинг оғзидан Уни айбловчи бирон гапни тутиб олиш учун Уни пойладилар.