12
1
Шу орада саноқсиз одамлар тўпланиб, бир-бирини сиқаётганида, Исо аввал Ўз шогирдларига гапира бошлади: “Фарзийларнинг хамиртурушидан, яъни риёкорлигидан эҳтиёт бўлинглар!
2
Очилмай қоладиган ҳеч бир яширин нарса йўқ, билинмай қоладиган ҳеч бир сирли нарса йўқ.
3
Шунинг учун сизларнинг қоронғиликда айтган ҳамма нарсангиз ёруғликда эшитилади, берк уй ичида қулоққа шивирлаган нарсангиз эса томлар узра эълон қилинади.
4
Сизларга, Менинг дўстларимга айтаманки, танани ўлдириб, кейин бошқа ҳеч нарса қилишга қодир бўлмаганлардан қўрқманглар.
5
Аммо кимдан қўрқишингиз кераклигини сизларга айтайин, одамни ўлдиргандан кейин жаҳаннамга ташлашга ҳам қодир бўлгандан қўрқинглар. Ҳа, сизларга айтаманки, ундан қўрқинглар!
6
Бешта чумчуқ икки ассарийга сотилмайдими? Худо ҳузурида буларнинг бирортаси ҳам унутилмаган.
7
Сизларнинг эса бошингиздаги сочларингиз ҳам саналган. Шундай қилиб, қўрқманглар: сизлар кўпгина чумчуқлардан қадрлироқсизлар.
8
Сизларга яна шуни айтаманки, инсонлар олдида Мени очиқ эътироф этадиган ҳар бир кишини Инсон Ўғли ҳам Худонинг фаришталари олдида очиқ эътироф этади.
9
Аммо инсонлар олдида Мени инкор этадиган одам Худонинг фаришталари олдида ҳам инкор этилади.
10
Инсон Ўғлига қарши сўз айтадиган ҳар кимса кечирилади, Муқаддас Руҳни куфрлайдиган эса кечирилмайди.
11
Сизларни синагогаларга, бошлиқлар ва ҳокимларнинг олдига олиб келганларида, қандай ва нима, деб жавоб беришингиз, нима дейишингиз ҳақида ташвишланманглар.
12
Чунки ўша вақтда нима дейиш кераклигини Муқаддас Руҳ сизларга ўргатади”.
13
Шу орада оломондан бир киши Исога: “Устоз! акамга айтгин, меросни мен билан бўлишсин”,- деди.
14
Исо эса ўша одамга: “Эй, инсон! Ким Мени сизларга судья ёки мерос бўлувчи қилиб қўйди?!”- деди.
15
Сўнгра Исо уларга: “Эҳтиёт бўлинглар, ўзларингизни тамагирликдан сақланглар, чунки инсоннинг ҳаёти унинг мол-мулкининг кўплигига боғлиқ эмас”,- деди.
16
Шунда уларга бир масал айтиб берди: “Бир бой одамнинг даласи мўл ҳосил берди.
17
Бой ўз-ўзича: Нима қилай? Ҳосилни йиғиб қўядиган жойим йўқ,- деб мулоҳаза қилиб,
18
сўнгра деди: Мана бундай қиламан: эски омборларимни бузиб, каттароғини қураман. Бутун ғалла ва мулкимни шу ерга йиғиб,
19
жонимга айтаман: Эй, жоним, сенда анча йилларга етадиган кўп мол-мулк бор. Энди роҳатлангин, еб-ичгин, хурсандчилик қилгин.
20
Лекин Худо унга: Ақлсиз! Шу кечасиёқ жонинг олинади. Шунда бу ғамлаб қўйганларинг кимга қолади?- деди.
21
Ўзи учун хазина тўплаб, Худода бойимаган киши ҳам шундай бўлади”.
22
Сўнг Исо шогирдларига деди: “Шунинг учун сизларга айтаманки, нима еймиз,- деб жонингиз учун хавотирланманглар, нима киямиз,- деб танангиз учун ташвишланиб юрманглар.
23
Жон овқатдан, тана эса кийимдан каттароқдир.
24
Қарғаларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборлари ва на ғаллахоналари бор, аммо Худо уларнинг ризқини беради. Сизлар эса қушлардан кўра нақадар қадрлироқсизлар?
25
Сизлардан қайси бирингиз ташвишланиб, ўз бўйига бир чўзим қўша олар экан?
26
Шундай қилиб, агар энг кичик ишни қилишга қодир эмас экансизлар, нимага бошқа нарсалар ҳақида ташвишланяпсизлар?
27
Пиёзгулларга эътибор беринглар, улар қандай ўсади: на меҳнат қилади, на йигиради. Аммо сизларга айтаманки, ҳатто подшоҳ Сулаймон ҳам ўзининг бутун шуҳратида уларнинг бирортасидек кийинмаган.
28
Агар далада бугун бор бўлиб, эртага эса ўчоққа ташланадиган ўтни Худо шундай кийинтирса, сизларни ундан ҳам ортиқ кийинтирмайдими, эй, имони камлар!
29
Шундай қилиб, нима ейишингизни, нима ичишингизни излаб юрманглар ва безовта бўлманглар,
30
чунки бунинг ҳаммасини бу дунёнинг халқлари излаб юрадилар. Сизларнинг Отангиз эса сизлар буларга муҳтож эканингизни билади!
31
Сизлар яхшиси Худонинг Шоҳлигини изланглар, бунинг ҳаммаси эса сизларга қўшиб берилади.
32
Қўрқма, эй, кичик пода! Чунки Отангиз сизларга Шоҳлик беришни маъқул кўрди.
33
Мол-мулкингизни сотиб, хайр-садақа беринглар. Ўзингизга эскирмайдиган ҳамёнларни ва чиримайдиган хазинани Осмонда тайёрланглар. У ерда уларга ўғри ҳам яқинлашмайди, куя ҳам емайди.
34
Чунки хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади.
35
Белларингиз боғланган, чироқларингиз ёниб турган бўлсин!
36
Сизлар хўжайини тўйдан қайтишини кутиб турган, у келиб эшикни тақиллатганида, дарҳол очиб беришга тайёр бўлган одамлардек бўлинглар.
37
Хўжайини келганида, бедор ҳолда топилган қуллар бахтлидир! Сизларга ростини айтаманки, у бел боғлаб қулларини ўтқазади ва уларга ўзи хизмат қилади.
38
Агарда иккинчи ёки учинчи қоровуллик навбатида келганида ҳам, уларни шундай ҳолда топса, ўша қуллар қандай бахтлидир!
39
Ўзларингиз биласизларки, агар уй эгаси ўғри қайси соатда келишини билса эди, у бедор бўлиб, уйини тешишига йўл қўймас эди.
40
Шунингдек, сизлар ҳам тайёр бўлиб туринглар, чунки Инсон Ўғли сиз ўйламаган соатда келади”.
41
Ўшанда Пeтъор Унга: “Ҳазратим, шу масални фақат биз учун айтяпсанми, ёки ҳамма учунми?”- деди.
42
Раббий жавоб берди: “Хўжайин хонадонига ўз вақтида ризқини бериш учун бошлиқ қилиб қўйган содиқ ва ақлли уй бошқарувчи ким?
43
Хўжайин келиб, уни шундай иш тутаётганини топса, ўша қул қандай бахтлидир!
44
Сизларга ростини айтаманки, уни ўзининг бутун мол-мулклари устидан бошқарувчи қилиб қўяди.
45
Лекин агар ўша қул ўз юрагида: Хўжайиним яқин орада келмайди,- деб айтиб, хизматкору чўриларни уришни ва еб-ичиб маст бўлишни бошласа,
46
унда хўжайин қули кутмаган бир кунда, ўйламаган бир соатда келиб, уни тилка-пора қилиб, унга имонсизлар билан бир қисматни беради.
47
Хўжайинининг иродасини била туриб тайёр бўлмаган, хўжайинининг иродаси бўйича иш тутмаган қул кўп таёқ ейди.
48
Билмай туриб, жазога муносиб иш қилган қул эса озроқ таёқ ейди. Кимга кўп берилган бўлса, ундан кўп талаб қилинади. Кимга кўп ишониб топширилган бўлса, ундан кўпроқ талаб қилинади.
49
Мен ер юзига олов тушириш учун келдим. Олов ҳозироқ ёниб кетишини қанчалик хоҳлар эдим!
50
Мен чўмдирилиш билан чўмдирилишим керак. Бу амалга ошмагунча қанчалик қийналяпман.
51
Мени ер юзига тинчлик бериш учун келган, деб ўйлайсизларми? – Сизларга йўқ дейман, балки бўлиниш учун.
52
Чунки бундан буён бир уйда беш киши ўзаро бўлинади: учтаси иккитасига ва иккитаси учтасига қарши бўлади.
53
Ота ўғлига қарши, ўғил отасига қарши, она қизига қарши, қиз онасига қарши, қайнона келинига қарши, келин қайнонасига қарши бўлади”.
54
Кейин Исо халққа ҳам айтди: “Сизлар ғарбдан булут кўтарилганини кўрганингизда, шу заҳоти: Ёмғир бўлади,- деб айтасизлар ва худди шундай бўлади.
55
Жануб шамоли эсганида, сизлар: Жазирама иссиғи бўлади,- деб айтасизлар ва худди шундай бўлади.
56
Эй, иккиюзламачилар! Еру осмон юзини тушуниб биласизлар-у, нима учун бу вақт-соатни тушуниб билмаяпсизлар?
57
Шунингдек, нега сизлар ўзингизча нима тўғри эканлиги ҳақида мулоҳаза қилмайсизлар?
58
Сен рақибинг билан бирга маҳкамага бораётганингда, йўл-йўлакай ундан озод бўлишга ҳаракат қилгин, токи у сени судьянинг олдига олиб бормасин, судья сени зиндонбонга топширмасин, зиндонбон эса сени зиндонга ташламасин.
59
Сенга айтаманки, охирги тийинингни бермагунингча, у ердан чиқмайсан”.