13
1
Шу вақтда у ерда бўлган айрим одамлар Исога: “Пилат жалилаликларнинг қонини уларнинг қурбонликлари билан аралаштириб юборди”,- деб айтдилар.
2
Исо уларга шундай жавоб берди: “Сизлар, ўша жалилаликлар бошқа барча жалилаликлардан кўпроқ гуноҳкор бўлгани учун шунчалик азоб чекдилар, деб ўйлаяпсизларми?
3
Сизларга: Йўқ!- дейман. Лекин тавба қилмасангизлар, сизларнинг ҳаммангиз ҳам худди шундай ҳалок бўласизлар.
4
Ёки Силоам минораси қулаб тушиб, ўн саккиз киши эзилиб нобуд бўлганида, бу кишилар Йерусалимда яшовчиларнинг ҳаммасидан кўра айбдорроқ бўлган, деб ўйлайсизларми?
5
Сизларга: Йўқ!- дейман. Лекин тавба қилмасангизлар, сизларнинг ҳаммангиз ҳам худди шундай ҳалок бўласизлар”.
6
Исо яна мана бу масални ҳикоя қилди: “Бир кишининг узумзорида ўтқазилган анжир дарахти бор эди. Бир пайт у келиб, ундан мева излаб ҳеч нарса топа олмабди.
7
Шунда у боғбонга дебди: Мана, мен уч йилдан бери бу анжир дарахтидан мева излаб келаман ва ҳеч нарса топа олмайман. Уни кесиб ташла, у нима учун ерни банд қилиб турибди?
8
Боғбон эса жавобан: Хўжайин, дарахтингиз бу йил ҳам турсин, - дебди, - Мен унинг атрофини юмшатаман ва гўнг соламан.
9
Балки мева бериб қолар. Агарда мева бермаса, унда келгуси йил кесиб ташлайсиз”.
10
Шаббат куни Исо синагогаларнинг бирида таълим бераётган эди.
11
У ерда ўн саккиз йилдан бери дармонсизлик руҳига чалинган бир аёл бор эди. У букилиб қолган бўлиб, қаддини сира тўғри тута олмас эди.
12
Исо уни кўргач, ёнига чақириб, унга деди: “Аёл, сен дармонсизлигингдан озод бўляпсан!”
13
У қўлларини аёлнинг бошига қўйди. Аёл ўша заҳоти қаддини ростлаб, Худога шукурлар айта бошлади.
14
Исо шаббат кунида шифолагани учун синагога бошлиғи аччиқланиб, халққа: “Иш қилиш учун олти кун бор. Шифоланиш учун шу кунлари келинглар, шаббат куни эмас”,- деди.
15
Раббий эса унга жавоб бериб деди: “Эй, риёкор! Шаббат куни сизларнинг ҳар бирингиз ўз ҳўкиз ёки эшагингизни охурдан ечиб, суғоргани олиб бормайсизларми?
16
Ўн саккиз йилдан бери шайтон боғлаб қўйган, Иброҳимнинг қизи бўлган бу аёлни шаббат куни кишанлардан озод қилиш керак эмасмиди?”
17
Исо буни гапираётганида, Унга қаршилик кўрсатганларнинг ҳаммаси уялиб қолдилар. Бутун халқ эса Унинг қилган барча шуҳратли ишлари учун қувонар эди.
18
Сўнгра Исо яна деди: “Худонинг Шоҳлиги нимага ўхшайди? Уни нимага ўхшатайин?
19
У бир одам ўз боғига эккан хантал уруғига ўхшайди. Уруғ ўсиб чиқиб, улкан дарахт бўлган, осмондаги қушлар эса шохлари орасига қўниб паноҳ топишар эди”.
20
У яна: “Худонинг Шоҳлигини нимага ўхшатай?- деб айтди,-
21
У бир аёлнинг бутун хамирни ачитиш учун ўлчови уч сатон бўлган унга қориштириб солган хамиртурушига ўхшайди”.
22
Шундай қилиб, Исо Йерусалим томонга бораётиб, шаҳару қишлоқларни кезиб таълим берар эди.
23
Бир киши Унга: “Ҳазрат! Наҳотки нажот топадиганлар оз бўлса?”- деди. Исо эса уларга деди:
24
“Тор дарвозадан киришга ҳаракат қилинглар. Чунки сизларга айтаманки, кўплар киришни излайдилар, лекин кира олмайдилар.
25
Уй эгаси туриб эшикни бекитиб қўйганида, ўшанда сизлар ташқарида туриб, эшикни тақиллата бошлаб: Ё, Раббий, ё, Раббий, бизга эшикни оч!- дейсизлар. Лекин У сизларга шундай жавоб беради: Сизлар ким ва қаердан эканингизни билмайман.
26
Шунда сизлар: Биз Сенинг олдингда еб-ичдик, Сен кўчаларимизда таълим бериб юрган эдинг-ку,- деб айта бошлайсизлар.
27
У эса: Сизларга айтаманки, сизлар ким ва қаердан эканингизни билмайман. Эй, ноҳақлик қилувчилар, ҳаммангиз Менинг олдимдан кетинглар!- дейди.
28
У ерда йиғи-сиғи ва тишлар ғижирлаши бўлади. Чунки Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб ва барча пайғамбарларни Худонинг Шоҳлигида, ўзингизни эса ташқарига қувилаётганингизни кўрасизлар.
29
Шарқу ғарбдан, шимолу жанубдан одамлар келиб, Худонинг Шоҳлигида ёнбошлаб ўтирадилар.
30
Мана, охиргилар борки, улар биринчи бўладилар. Биринчилар эса охирги бўладилар”.
31
Ўша куни фарзийлардан айрим одамлар Исонинг олдига келиб, Унга: “Бу ердан чиқиб кетгин, чунки Ҳирод Сени ўлдирмоқчи”,- дедилар.
32
Исо эса уларга деди: “Бориб ўша тулкига айтинглар: Мен бугун ва эртага жинларни қувиб, одамларни шифоламоқдаман. Учинчи куни тугатаман.
33
Бироқ барибир Мен бугун, эрта ва индин юраверишим керак. Чунки пайғамбар Йерусалимдан ташқарида ҳалок бўлмайди.
34
Йерусалим, Йерусалим! Пайғамбарларни ўлдирувчи ва сеникига юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! Товуқ ўз жўжаларини қанотлари остига тўплаганидек, Мен ҳам сенинг болаларингни неча бор тўпламоқчи бўлдим, лекин сизлар хоҳламадингизлар.
35
Мана, энди уй-жойингиз ҳувиллаб қолади. Сизларга ростини айтаманки, Раббий номидан Келаётган муборак, деб сизлар хитоб қиладиган вақт келмагунича, Мени бошқа кўрмайсизлар”.