14
1
Бир шаббат куни Исо фарзий бошлиқларидан бирининг уйига зиёфатга борди. Улар эса Уни кузатиб турар эдилар.
2
Исонинг олдида истисқо касаллигидан шишиб юрган бир одам ҳозир бўлди.
3
Исо эса қонуншунослару фарзийлардан: “Шаббат куни одамни даволаш жоизми?”- деб сўради.
4
Улар эса индамадилар. Шунда Исо ўша кишига тегиб, уни шифолади ва жўнатиб юборди.
5
Сўнг уларга: “Сизлардан кимнингдир эшаги ёки ҳўкизи чуқурга тушиб кетса, у шаббат куни бўлса ҳам, уни дарҳол чиқариб олмасмиди?”- деди.
6
Улар эса Унга бирон жавоб бера олмадилар.
7
Шу орада меҳмонлар тўрга ўтиришга интилаётганларини пайқагач, Исо уларга бир масални айтиб берди:
8
“Сен бировнинг никоҳ тўйига чақирилган бўлсанг, тўрга чиқиб ўтирма, токи таклиф этилганлар орасида сендан эътиборлироғи чиқиб қолмасин
9
ва икковингизни чақирган мезбон келиб сенга: Бу ўринни унга бер,- деб айтмасин. Ўшанда сен уялиб, пойгакда ўтиришга мажбур бўласан.
10
Лекин сен чақирилган бўлсанг, келиб пойгакда ўтиргин, токи сени чақирган мезбон келиб, сенга: Дўстим, илтимос тўрга чиққин,- деб айтсин. Шунда сен бошқа меҳмонлар олдида ҳурмат қозонасан.
11
Чунки кимки ўзини юксалтирса, пасайтирилади. Ўзини паст олган эса юксалтирилади”.
12
Сўнг Исо Ўзини чақирган одамга деди: “Тушлик ёки кечки зиёфат қилганингда, дўстларингни, ака-укаларингни, қариндошларингни ва бой қўшниларингни таклиф қилма, токи улар ҳам сени чақириб, сен ўз мукофотингни олиб қолмагин.
13
Лекин зиёфат қилганингда, қашшоқ, майиб, шол ва кўрларни чақиргин.
14
Улар сенга қайтара олмаганлари учун сен бахтли бўласан, чунки сен ҳақ одамларнинг тирилишида мукофотингни оласан”.
15
Исо билан бирга дастурхон атрофида ёнбошлаганлардан бири буни эшитгач, Унга: “Худонинг Шоҳлигида нон ейдиган киши бахтлидир!”- деди.
16
Исо эса унга деди: “Бир одам кечки зиёфатга катта дастурхон тайёрлаб, кўпларни чақирди.
17
Кечки зиёфат вақти келгач: Келинглар, дастурхон тайёр бўлди,- деб меҳмонларга айтмоқ учун қулини юборди.
18
Шунда ҳаммалари келишиб олгандек, узр сўрай бошладилар. Биринчиси у одамга: Мен ер сотиб олдим, бориб уни кўришим керак. Илтимос, мени кечиринг,- деди.
19
Бошқаси эса: Мен беш жуфт ҳўкиз сотиб олдим, уларни синагани боряпман. Илтимос, мени кечиринг,- деди.
20
Яна бошқаси: Мен уйландим, шунинг учун кела олмайман,- деди.
21
Қул қайтиб келиб, хўжайинига булар ҳақида хабар берди. Шунда уй эгаси ғазабланиб, ўз қулига: Тур, шаҳарнинг катта ва тор кўчаларига тез бориб, қашшоқ, майиб, шол ва кўрларни бу ерга олиб кел,- деди.
22
Сўнгра қул: Хўжайин, сиз буюрганингиздай қилдим, лекин ҳали бўш жой бор,- деди.
23
Шунда хўжайин қулига: Менинг уйим тўлиши учун йўл ва сўқмоқларга бор, одамларни келишга ишонтир,- деди.
24
Чунки сизларга айтаманки, ўша чақирилган одамлардан бирортаси ҳам зиёфатимдан татиб кўрмайди”.
25
Халқнинг кўпчилиги Исо билан бирга борар экан, У ўгирилиб уларга деди:
26
“Агар ким Менинг олдимга келса ва ўзининг ота-онаси, хотини, болалари, ака-укаси, опа-сингиллари, ҳатто ўз ҳаётидан ҳам нафратланмаса, у Менинг шогирдим бўла олмайди.
27
Кимки Менинг орқамдан бориб, ўз хочини кўтариб олмаса, Менинг шогирдим бўла олмайди.
28
Масалан, сизлардан бирортангиз минора қурмоқчи бўлса, уни тугатиш учун унинг нарсаси етарлими, деб олдиндан қийматини ҳисоблаб чиқмайдими?
29
Акс ҳолда, у пойдевор солиб, минорани тугата олмаса, шунда буни кўрганларнинг барчаси:
30
Бу одам қуришни бошлади-ю тугата олмади,- деб уни масхара қиладилар.
31
Ёки қайси бир подшоҳ бошқа бир подшоҳга қарши урушга бораётиб, ўзимнинг ўн минг аскарим билан йигирма минг аскарга қарши чиқишга қодирманми, деб олдиндан ўтириб маслаҳатлашмас экан?
32
Акс ҳолда, душман ҳали узоқдалигидаёқ, унинг олдига элчи юбориб, сулҳ тузади.
33
Шундай қилиб, сизларнинг ҳар бирингиз ўзингизда бор бўлган ҳамма нарсадан кечмасангизлар, Менинг шогирдим бўла олмайсизлар.
34
Туз – яхши нарса. Лекин туз ўз кучини йўқотса, уни қандай тузатиш мумкин?
35
Ерга ҳам, гўнгга ҳам ярамайди. Уни ахлатга ташлаб юборадилар. Кимнинг эшитишга қулоғи бўлса, эшитсин!”