15
1
Ҳамма гуноҳкорлар ва солиқчилар Исони тинглаш учун Унинг олдига яқинлашиб келишар эди.
2
Буни кўрган фарзийлар ва уламолар: “Мана, У гуноҳкорларни қабул қилиб, улар билан бирга еяпти”,- деб пўнғиллашар эди.
3
Исо эса уларга шундай масални айтиб берди:
4
“Сизлардан кимнингдир юзта қўйи бўлса-ю, улардан бирортасини йўқотса, тўқсон тўққизтасини саҳрода қолдириб, йўқолган қўйни топмагунича қидирмайдими?
5
Уни топганида эса, қувонч билан елкасига кўтариб олади.
6
Уйга келгач, дўстлару қўшниларини чақириб, уларга дейди: Мен билан бирга қувонинглар, чунки мен йўқолган қўйимни топдим.
7
Сизларга айтаманки, худди шунга ўхшаб, тавбага муҳтож бўлмаган тўқсон тўққизта ҳақ одамдан кўра, тавба қилаётган биттагина гуноҳкор учун Осмонда кўпроқ қувонч бўлади.
8
Ёки қайси бир аёл ўнта динори бўлса-ю, биттасини йўқотиб қўйса, шам ёқиб тангани топмагунича, уйни супуриб-сидириб синчиклаб қидирмайди?
9
Уни топганида, дўстлару қўшниларини чақириб, уларга дейди: Мен билан бирга қувонинглар, чунки мен йўқолган диноримни топдим.
10
Сизларга айтаманки, худди шунга ўхшаб, тавба қилаётган битта гуноҳкор учун Худонинг фаришталари ҳузурида қувонч бўлади”.
11
Сўнгра У яна деди: “Бир одамнинг икки ўғли бор эди.
12
Уларнинг кичиги отасига: Ота, меросдан менга тегишли қисмини беринг,- деди. Шунда ота бор-йўғини уларга бўлиб берди.
13
Бир неча кундан кейин кичик ўғли ўзининг ҳамма нарсасини йиғиштириб, узоқ бир мамлакатга кетди. У ерда айш-ишрат билан кун кечириб, мол-мулкини исроф қилди.
14
У борини сарфлаб битирганидан кейин, шу мамлакатда оғир очарчилик бошланди. Йигит эса муҳтожликка йўлиқди.
15
Шунда у бориб, ўша мамлакатда яшайдиганлардан бирига қўшилди. У одам тўнғизларни боқиш учун йигитни ўз даласига юборди.
16
Йигит эса ўзининг қорнини тўнғизлар ейдиган пўчоқлар билан тўйдиришни истар эди, лекин унга буни ҳеч ким бермас эди.
17
Ниҳоят у ўзига келгач, деди: Отамнинг шунча кўп ёлланма ишчилари нон тўла-тўкислигига эга, мен эса бу ерда очликдан ўляпман.
18
Шунинг учун отамнинг олдига бориб, унга шундай дейман: Ота, мен Осмонга ва сизга қарши гуноҳ қилдим.
19
Энди сизнинг ўғлингиз, деб аталишга лойиқ эмасман. Мени ёлланма ишчиларингиз қаторида қабул қилинг.
20
Йигит туриб, отасининг олдига йўл олди. У ҳали узоқда бўлганида, отаси уни кўриб, унга раҳми келди. Югуриб, ўғлининг бўйнидан қучиб, уни ўпа кетди.
21
Ўғли эса: Ота, мен Осмонга ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Энди сизнинг ўғлингиз, деб аталишга лойиқ эмасман,- деди.
22
Лекин отаси ўз қулларига деди: Энг яхши кийим келтириб, уни кийинтиринглар, қўлига узук тақиб, оёқларига пойафзал кийгизинглар.
23
Семиз бузоқчани олиб чиқиб сўйинглар, еб-ичайлик ва хурсандчилик қилайлик.
24
Чунки менинг бу ўғлим ўлган эди, аммо тирилди; йўқолган эди, энди эса топилди. Шунда хурсандчилик қила бошладилар.
25
Унинг катта ўғли эса ўша вақтда далада эди. У қайтаётиб уйга яқинлашганида, чолғу ва ўйин-кулги садоларини эшитиб,
26
хизматкорлардан бирини чақириб: Нима бўляпти ўзи?- деб сўради.
27
Укангиз келди, отангиз уни соғ-саломат қабул қилгани учун семиз бузоқчани сўйди,- деди хизматкор.
28
Шунда у аччиқланиб, ичкарига киришни хоҳламади. Отаси эса ташқарига чиқиб, уни чақирди.
29
Лекин у отасига жавобан деди: Мен шунча йилдан бери сизга хизмат қиламан. Ҳеч буйруғингизга қарши чиққаним йўқ. Сиз эса дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун менга битта улоқни ҳам бермадингиз.
30
Аммо мол-мулкингизни фоҳишаларга исроф қилиб қўйган шу ўғлингиз келганида, сиз у учун семиз бузоқчани сўйдингиз!
31
Шунда отаси унга деди: Ўғлим! Сен доимо мен билан биргасан, менинг ҳамма нарсам сеникидир.
32
Бугун эса хурсандчилик қилиб қувонишимиз керак, чунки сенинг бу уканг ўлган эди, аммо қайта тирилди; йўқолган эди, энди эса топилди”.