8
1
Шундан сўнг Исо шаҳару қишлоқлар бўйлаб Худонинг Шоҳлиги ҳақида воизлик қилиб юрди. Ўн икки шогирди эса У билан бирга эди.
2
Ёвуз руҳлардан ва касалликлардан шифоланган бир неча аёллар ҳам Унинг орқасидан эргашдилар. Шунингдек, еттита жин чиқиб кетган Магдалалик, деб аталган Мирйам,
3
Ҳироднинг сарой бошқарувчиси Ҳузанинг хотини Йўанна, Сусанна ва кўпгина бошқа аёллар ўз мол-мулки билан Унга хизмат қилар эдилар.
4
Ҳар бир шаҳардан келаётган халойиқнинг кўпчилиги Унинг олдида тўпланганида, Исо масал билан гапира бошлади:
5
“Уруғ сепувчи ўз уруғини сепишга чиқди. У сепаётганида, баъзи уруғлар йўл ёқасига тушиб, оёқ ости бўлди. Осмондаги қушлар уларни чўқиб кетдилар.
6
Баъзилари тошлоққа тушди. Уруғлар униб чиқиб, дарҳол қуриб қолди, чунки ернинг нами кам эди.
7
Баъзилари эса тиканлар орасига тушди. Тиканлар ўсиб, уларни бўғиб қўйдилар.
8
Баъзилари эса яхши ерга тушди ва ўсиб чиқиб, юз карра ҳосил берди”. Исо буларни айтгач: “Кимнинг эшитишга қулоғи бўлса, эшитсин!”- деб хитоб қилди.
9
Шунда Унинг шогирдлари Ундан: “Бу масалнинг маъноси нима?”- деб сўрадилар.
10
У эса деди: “Сизларга Худонинг Шоҳлигининг сирларини билиш ато қилинган, бошқаларга эса масаллар рамзида берилган, шунинг учун улар қараб туриб кўрмайдилар, эшитиб туриб англамайдилар.
11
Бу масалнинг маъноси шуки: уруғ – бу Худонинг Сўзидир.
12
Йўл ёқасига тушганлари – шундай одамларни билдирадики, улар эшитадилар, кейин эса иблис келиб, уларнинг юрагидан Сўзни олиб кетади, токи улар имон келтирмасинлар ва нажот топмасинлар.
13
Тошлоққа тушганлари эса – Сўзни эшитганларида, уни қувонч билан қабул қиладиганлардир. Лекин улар илдизга эга эмаслар, шунинг учун улар вақтинча ишонадилар, синов вақтида эса имондан қайтадилар.
14
Тиканлар орасига тушганлари эса – Худонинг Сўзини эшитадиган, лекин ўзларининг ташвишлари, бойлик ва ҳаёт завқлари билан бўғилиб, ҳосил бермайдиганлардир.
15
Яхши ерга тушганлари эса – Сўзни эшитадиган, уни ростгўй ва яхши юракда сақлайдиган, сабр-тоқат билан ҳосил келтирадиганлардир.
16
Ҳеч ким шамни ёқиб, уни идиш билан ёпмайди ёки сўрининг тагига қўймайди. Аксинча, уни шамдонга қўяди, токи кирганлар ёруғликни кўрсинлар.
17
Чунки ошкора бўлмайдиган ҳеч қандай сир йўқ, маълум ва аён бўлмайдиган ҳеч яширин нарса ҳам йўқ.
18
Шунинг учун сизлар қандай тинглаётганингизга эътибор беринглар, чунки кимда бор бўлса, унга берилади. Кимда йўқ бўлса, ундан ҳатто эга бўлишини хаёл қилгани ҳам тортиб олинади”.
19
Шу орада, Исонинг онаси билан укалари келиб, оломон кўплигидан Унинг олдига яқинлаша олмадилар.
20
Исога бу ҳақида хабар бердилар: “Мана, онанг ва укаларинг Сени кўрмоқчи бўлиб, ташқарида турибдилар”.
21
Исо эса уларга жавобан деди: “Менинг онам ва укаларим – Худонинг Сўзини тинглаб, уни бажо келтираётганлардир”.
22
Бир куни Исо Ўз шогирдлари билан қайиққа тушиб, уларга: “Кўлнинг нариги томонига сузиб ўтайлик”,- деди ва улар жўнаб кетдилар.
23
Улар сузиб кетаётганларида, Исо ухлаб қолди. Кўлда кучли шамол кўтарилди. Қайиқ сувга тўлаётгани учун улар хавфли аҳволга тушиб қолдилар.
24
Шогирдлар Исонинг олдига келиб, Уни уйғотиб: “Устоз, Устоз, ҳалок бўляпмиз!”- дедилар. У эса туриб шамолга ва тўлқинланаётган сувга ман қилди. Бўрон босилди ва жимжит бўлди.
25
Шунда Исо уларга: “Имонингиз қани?!”- деди. Улар эса қўрқиб ва таажжубланиб, бир-бирларига: “Бу киши Ким экан? Мана, У шамоллару сувларга буюради ва улар Унга бўйсунадилар”,- дер эдилар.
26
Ниҳоят, улар Галиленинг қаршисида бўлган Гадара юртига сузиб келдилар.
27
Исо қирғоққа чиққанида, Унга шаҳарлик бир одам учради. Бу одам анча вақтдан бери жинга чалинган эди. У кийим киймай, уйда турмай, қабристондаги ғорларда яшар эди.
28
У Исони кўрганида бақириб юборди ва ўзини Унинг олдига ташлаб, баланд овоз билан хитоб қилди: “Эй, Исо, Худойи Таолонинг Ўғли, мен билан нима ишинг бор? Сендан ўтинаман, мени қийнама!”
29
Чунки Исо нопок руҳга бу одамдан чиқиб кетишни буюрган эди. Бу руҳ уни анча вақтдан бери қийнар эди. Одамлар эса уни сақлаш учун занжир ва кишан билан боғлар эдилар. Лекин у кишанларни узиб ташлар ва жин томондан чўлларга қувилар эди.
30
Исо ундан: “Исминг нима?”- деб сўради. У: “Легион”,- деб жавоб берди, чунки унинг ичига кўп жинлар кирган эдилар.
31
Улар Исодан ўзларини тубсизликка боришларини буюрмасликни ёлвориб сўрадилар.
32
Шу ерда тоғ бағрида катта тўнғиз подаси ўтлаб юрган эди. Жинлар тўнғизларга кириш учун Исодан ёлвориб рухсат сўрадилар. Исо уларга рухсат берди.
33
Шунда жинлар одамдан чиқиб, тўнғизларга кирдилар ва бутун пода ўзини тиккаликдан кўлга ташлади ва чўкиб кетди.
34
Тўнғиз боқувчилар содир бўлган воқеани кўрганларида, шаҳару қишлоқларга югуриб бориб, бу ҳақида айтиб бердилар.
35
Шунда халқ бу воқеани кўриш учун чиқиб, Исонинг олдига келди. Жинлардан озод бўлиб кийинган ва соғлом онгли ҳолатда Исонинг оёқлари олдида ўтирган одамни кўриб, ваҳимага тушдилар.
36
Бу ҳодисани кўрганлар эса жинга чалинган бу одам қандай соғайиб кетгани ҳақида уларга гапириб бердилар.
37
Шунда Гадара юртининг атрофидан бўлган бутун халқ Исонинг улардан узоқлашишини илтимос қилдилар, чунки улар қаттиқ қўрқувга тушган эдилар. Исо қайиққа тушиб қайтиб кетди.
38
Ичидан жинлар чиққан одам эса Исо билан бирга бўлишни Ундан илтимос қилди. Лекин Исо уни қўйиб юбориб, унга:
39
“Ўз уйингга қайтиб бор ва Худо сенга нималар қилганини айтиб бер”,- деди. Шунда у бориб, Исонинг унга нималар қилганини бутун шаҳар бўйлаб эълон қилиб юрди.
40
Исо қайтиб келганида эса, халқ Уни қувониб қабул қилди, чунки ҳамма Уни кутиб турган эди.
41
Шу орада синагоганинг бошлиғи бўлган Яир исмли бир киши келиб, Исонинг оёқларига ўзини ташлаб, Ундан унинг уйига киришини ўтиниб сўради,
42
чунки унинг ўн икки ёшларда бўлган ёлғиз қизи ўлим тўшагида ётган эди. Исо бораётганида эса, оломон Уни тобора сиқиб борар эди.
43
У ерда ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекиб юрган бир аёл бор эди. У бор-йўғини шифокорларга сарф этиб, ҳеч биридан шифо топмаган эди.
44
У Исонинг орқа томонидан яқинлашиб, Унинг кийимининг четига қўл тегизди ва ўша заҳотиёқ ундан қон кетиш тўхтади.
45
Исо: “Менга ким қўл тегизди?”- деди. Лекин ҳамма буни инкор этди. Шунда Петъёр ва У билан бирга бўлганлар: “Устоз, оломон Сени ўраб, сиқиб турибди. Сен эса, Менга ким қўл тегизди, деб айтяпсанми?”- деди.
46
Лекин Исо: “Кимдир Менга қўл тегизди, чунки Мен Ўзимдан куч чиққанини сездим”,- деб айтди.
47
У аёл эса яширин қола олмаганини кўриб, титраб Исонинг олдига келди ва Унинг оёқларига ўзини ташлади. У нима сабабдан тегизганини ҳамда ўша заҳоти шифо топганини бутун халқ олдида Унга айтиб берди.
48
Исо унга: “Дадил бўл, қизим! Сенинг имонинг сени қутқарди, хотиржам боравер”,- деди.
49
Исо буни ҳали гапириб турган эди, синагога бошлиғининг уйидан кимдир келиб, унга: “Қизингиз ўлди, Устозни овора қилманг”,- деди.
50
Лекин Исо буни эшитиб, унга: “Қўрқма, фақат ишонгин ва қизинг қутқарилади”,- деди.
51
У ўша уйга келгач, Петъёр, Юҳанно, Ёқуб ва қизнинг ота-онасидан бошқа ҳеч кимга Ўзи билан ичкарига киришга рухсат бермади.
52
Ичкарида эса ҳамма қиз учун йиғлаб нола қилаётган эди. Лекин Исо: “Йиғламанглар, у ўлмаган, фақат ухлаб ётибди”,- деди.
53
Аммо улар унинг ўлганлигини билганлари учун Унинг устидан кулдилар.
54
Исо эса уларнинг ҳаммасини ташқарига чиқарди ва қизчани қўлидан ушлаб: “Қизалоқ, тур!”- деб чақирди.
55
Қизнинг руҳи қайтиб келди. У ўша заҳоти ўрнидан турди ва Исо қизга овқат беришларини буюрди.
56
Қизнинг ота-онаси бундан ҳайратландилар, Исо эса уларга бу содир бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга айтмасликни буюрди.