7
1
Исо тинглаётган халққа Ўзининг ҳамма сўзларини айтиб бўлганидан кейин Кафарнаҳум шаҳрига кирди.
2
Бир юзбошининг унга азиз бўлган хизматкори касал бўлиб, ўлим тўшагида ётган эди.
3
Юзбоши Исо ҳақида эшитгач: “Кел, хизматкоримни шифола”,- деб илтимос қилиш учун яҳудийларнинг оқсоқолларини Унинг олдига юборди.
4
Улар Исонинг олдига келиб, Ундан қаттиқ ўтиниб, дедилар: “Сен у учун буни қилишингга у муносибдир,
5
чунки у халқимизни севади ва биз учун синагога ҳам қурди”.
6
Шунда Исо улар билан бирга кетди. У уйдан унчалик узоқда бўлмаганида, юзбоши Исога хабар бериш учун дўстларини Унинг олдига юборди: “Ҳазратим, овора бўлма! Томимнинг остига киришингга муносиб эмасман.
7
Шунингдек, Сенинг олдингга боришга ҳам муносиб эмасман. Лекин бир сўз айтгин ва хизматкорим соғайиб кетади.
8
Чунки мен ҳам ҳокимият остидаги одамман, менинг қўл остимда ҳам аскарларим бор. Бирисига “бор” десам, боради, бошқасига “кел” десам, келади, менинг хизматкоримга “шуни қил” десам, қилади”.
9
Буни эшитгач, Исо бунга ҳайрон қолди ва ўгирилиб орқасидан бораётган халққа деди: “Сизларга айтаманки, Мен бундай буюк имонни Исроилда ҳам топганим йўқ”.
10
Юборилганлар уйга қайтиб келганларида, касал хизматкорни соғайган ҳолда топдилар.
11
Шундан кейин Исо Наин деган шаҳарга борди. У билан бирга Унинг кўп шогирдлари ва анча халқ борар эди.
12
Исо шаҳарнинг дарвозасига яқинлашганида, бир ўлган одамни олиб чиқаётган эдилар. Шу одам бир бева аёлнинг ёлғиз ўғли эди. Аёл билан бирга шаҳардан катта оломон ҳам қўшилиб бораётган эди.
13
Раббий шу аёлни кўриб, унга ачиниб: “Йиғлама!”- деди.
14
У яқинлашиб, тобутга қўл тегизди. Кўтариб кетаётганлар тўхтадилар. Исо эса: “Эй, йигит, сенга айтяпман: ўрнингдан тур!”- деди.
15
Ўлик кўтарилиб ўтирди ва гапира бошлади. Исо уни онасига топширди.
16
Ҳаммани қўрқув босди ва улар Худони улуғлаб: “Орамизда буюк пайғамбар пайдо бўлди, Худо ўз халқини йўқлади”,- дер эдилар.
17
Исо ҳақидаги бу овозалар бутун Яҳудия ва барча ён-атрофдаги жойларга ҳам тарқалди.
18
Яҳёнинг шогирдлари унга буларнинг ҳаммаси ҳақида хабар қилдилар.
19
Яҳё эса ўз шогирдларидан иккитасини чақириб, Исодан: “Келиши керак Бўлган Сенмисан ёки биз бошқасини кутайликми?”- деб сўраш учун Унинг олдига юборди.
20
Улар Исонинг олдига келгач, Унга дедилар: “Бизни Яҳё Чўмдирувчи Сенинг олдингга Сендан сўраш учун юборди: “Келиши керак Бўлган Сенмисан ёки биз бошқасини кутайликми?”
21
Исо эса шу вақтда кўпларни касалликлару хасталиклардан ҳамда ёвуз руҳлардан шифолаган ва кўп кўрларнинг кўзларини ҳам очиб юрган эди.
22
Шундай қилиб, Исо уларга жавоб берди: “Бориб, сизлар кўрганларингизни ва эшитганларингизни Яҳёга айтинглар: кўрлар кўрмоқда, чўлоқлар юрмоқда, моховлар покланмоқда, карлар эшитмоқда, ўликлар тирилмоқда ва қашшоқларга Хушхабар воизлик қилинмоқда.
23
Мен ҳақимда васвасага тушмаган бахтлидир!”
24
Яҳё томонидан юборилганлар кетганидан сўнг, Исо халққа Яҳё ҳақида гапира бошлади: “Сизлар нимани кўрмоқ учун чўлга бордингизлар? Шамолда ҳилпираб турган қамишними?
25
Ахир, нимани кўрмоқ учун бордингизлар? Майин кийим кийган одамними? Бироқ қимматбаҳо кийим кийганлар ва дабдабали яшаётганлар подшоҳ саройида бўладилар!
26
Ахир, нимани кўрмоқ учун бордингизлар? Пайғамбарними? Ҳа, сизларга айтаманки, пайғамбардан ҳам юқори бўлганни.
27
Чунки у ҳақида шундай ёзилган: Мана, Мен Сендан олдин Ўз элчимни юборяпман, У Сенинг олдингда йўл тайёрлайди.
28
Зеро сизларга айтаманки, аёлдан туғилганлар орасида Яҳё Чўмдирувчидан буюкроқ бирон пайғамбар йўқ. Лекин Худонинг Шоҳлигида энг кичик бўлгани ҳам ундан буюкроқдир”.
29
Исони тинглаган бутун халқ ва солиқчилар ҳам Яҳёнинг чўмдирилиши билан чўмдирилган бўлиб, Худонинг ҳақлигини тан олган эдилар.
30
Фарзийлар ва қонуншунослар эса Яҳёдан чўмдирилмасдан, Худонинг уларга нисбатан бўлган иродасини рад этдилар.
31
Шунда Раббий деди: “Бу насл одамларини ким билан тенглаштирай? Улар кимга ўхшайдилар?
32
Улар майдонда ўтирган ва бир-бирини чақириб: Биз сизларга най чалдик, сизлар эса ўйнамадингизлар, сизларни йиғлашга ундадик, сизлар эса йиғламадингизлар,- деб айтаётган болаларга ўхшайдилар.
33
Чунки Яҳё Чўмдирувчи келиб, нон емади ва шароб ичмади, сизлар эса: Унда жин бор,- деяпсизлар.
34
Инсон Ўғли келиб, еб-ичиб юрибди, сизлар эса: Мана очкўз ва шаробхўр, солиқчилару гуноҳкорларнинг дўсти бўлган одам,- деяпсизлар.
35
Бироқ донолик ўзининг ҳамма фарзандлари томонидан оқланади”.
36
Фарзийлардан бири Исони ўзи билан бирга таом ейишга таклиф қилди. У фарзийнинг уйига кириб, дастурхон олдида ёнбошлади.
37
Шунда ўша шаҳардан бўлган бир гуноҳкор аёл Исонинг фарзий уйида ўтирганини билиб, бир ганч идишда атир мой олиб келди.
38
У Исонинг орқасида, оёқлари олдида турганича йиғлаб, кўз ёшлари билан Унинг оёқларини ҳўллаб, ўз сочлари билан арта бошлади. Сўнг Унинг оёқларини ўпиб, атир мой сурта бошлади.
39
Исони таклиф қилган фарзий буни кўриб, ўз ичида: “Агар У пайғамбар бўлганида эди, Унга тегинаётган аёлнинг кимлигини билар эди, чунки бу гуноҳкор аёл”,- деб айтди.
40
Исо эса унга мурожаат қилиб: “Шимўн, сенга айтадиган сўзим бор”, - деди. У жавоб қайтарди: “Айтгин, Устоз!”
41
Исо деди: “Бир қарз берувчининг иккита қарздори бор экан: бири беш юз, иккинчиси эллик динор қарз бўлган экан.
42
Лекин қарздорларнинг тўлашга ҳеч нарсаси бўлмагани учун у икковини ҳам кечирибди. Энди Менга айтгин, улардан қайси бири уни кўпроқ севар экан?”
43
Шимўн жавобан деди: “Ўйлайманки, кўпроқ қарзи кечирилган киши бўлса керак”. Исо унга: “Сен тўғри мулоҳаза қилдинг”,- деди.
44
Шунда Исо аёлга ўгирилиб, Шимўнга сўзини давом эттирди: “Сен бу аёлни кўряпсанми? Мен уйингга кирдим, сен оёқларимни ювгани сув бермадинг. Лекин у ўзининг кўз ёшлари билан оёқларимни ҳўллаб, сочлари билан артди.
45
Сен Менга ўпич бермадинг, бу аёл эса Мен келганимдан бери оёқларимни ўпишдан тўхтамаяпти.
46
Сен бошимни ёғ билан мойламадинг, у эса Менинг оёқларимга атир мой суртди.
47
Шунинг учун сенга айтаман: унинг кўп гуноҳлари кечирилмоқда, чунки у кўп севди. Кимки оз кечирилса, у оз севади”.
48
Шундай қилиб, Исо аёлга: “Сенинг гуноҳларинг кечирилди”,- деди.
49
Шунда У билан бирга ёнбошлаганлар ўз ичларида: “Гуноҳларни ҳам кечираётган бу Ким экан?”- дея бошладилар.
50
Исо эса аёлга: “Имонинг сени қутқарди, хотиржам боравер”,- деди.