6
1
Песаҳ байрамининг иккинчи куни, яъни биринчи шаббат куни Исо буғдой даласидан ўтаётган эди. Унинг шогирдлари эса бошоқларни узиб, қўллари билан янчиб еяётган эдилар.
2
Фарзийлардан баъзилари уларга: “Нега сизлар шаббат куни қилиш мумкин бўлмаган ишни қиляпсизлар?”- деди.
3
Исо уларга шундай жавоб берди: “Наҳотки, сизлар Довуднинг ўзи ва у билан бирга бўлганлар оч қолганларида, нималар қилганларини ҳеч ўқимаган бўлсангизлар?
4
У Худонинг уйига кириб, фақат руҳонийларгина ейиши мумкин бўлган тақдим нонларини олиб еган ва ўзи билан бирга бўлганларга ҳам берган”.
5
Исо уларга яна: “Инсон Ўғли шаббат кунининг ҳам Эгасидир”,- деди.
6
Бошқа шаббат куни ҳам Исо синагогага кириб, таълим бераётган эди. У ерда ўнг қўли қуриган бир одам бор эди.
7
Уламолар билан фарзийлар эса Исога қарши айб топиш учун, У шаббат куни шифоламасмикан, деб Уни кузатардилар.
8
Лекин Исо уларнинг фикрларини билиб, қўли қуриган одамга: “Ўрнингдан туриб, ўртага чиқ!”- деди. У туриб, ўртага чиқди.
9
Шунда Исо уларга деди: “Мен сизлардан сўрайман: шаббат куни нима қилиш керак – яхшиликми ёки ёмонликми? Жонни қутқаришми ёки ҳалок қилишми?” Улар эса индамас эдилар.
10
Уларнинг ҳаммасига бир қараб, Исо у одамга: “Қўлингни узат!”- деди. У одам шундай қилди ва унинг қўли бошқа қўлидай соппа-соғ бўлиб қолди.
11
Улар эса ҳаддан ташқари қутуриб кетдилар ва Исони нима қилсак экан, деб ўзаро суҳбатлаша бошладилар.
12
Ўша кунларда Исо ибодат қилиш учун тоққа чиқди ва бутун тунни Худога ибодат қилиб ўтказди.
13
Тонг ёришгач, Ўзининг шогирдларини чақириб, улардан ўн икки кишини танлади ва ҳаворий, деб атади:
14
У Петъёр, деб исм қўйган Шимўнни, унинг укаси Андерни, Ёқубни ва Юҳаннони, Филипни ва Бартолмейни,
15
Маттони ва Тўмани, Алфейнинг ўғли Ёқубни ва Зилот, деб аталган Шимўнни,
16
Ёқубнинг укаси Яҳудони ва кейинчалик хиёнат қилган Яҳудо Искариотни танлади.
17
Сўнг Исо улар билан бирга пастликка тушиб, текис жойда турди. Шунда шогирдларининг кўпчилиги ҳамда бутун Яҳудиядан, Йерусалимдан, денгиз соҳилларидаги Тир ва Сидўн шаҳарларидан жуда катта оломон Исонинг олдига келишди.
18
Уни тинглаш ва ўз касалликларидан шифоланиш учун тўпланганлар ҳам, нопок руҳлардан азоб чекканлар ҳам Исонинг олдига келиб шифо топар эдилар.
19
Бутун халқ Унга қўл тегизишга ҳаракат қилар эди, чунки Ундан куч чиқиб, ҳаммани шифолар эди.
20
Исо кўзларини Ўз шогирдларига тикиб деди: “Эй, камбағаллар, сизлар бахтлисизлар, чунки Худонинг Шоҳлиги сизларникидир.
21
Эй, ҳозир оч бўлганлар, сизлар бахтлисизлар, чунки тўқ бўласизлар. Сизлар, ҳозир йиғлаётганлар, бахтлисизлар, чунки сизлар куласизлар.
22
Инсон Ўғли учун одамлар сизлардан нафратланганларида, сизларни ўзларининг жамиятларидан четлатиб ҳақорат қилганларида, исмингизни бадном қилганларида, сизлар бахтлисизлар!
23
Ўша кунда қувонинглар ва севинчингиздан ўйнанглар, чунки Осмонда мукофотингиз буюк бўлади. Уларнинг оталари ҳам пайғамбарларга шундай йўл тутган эдилар.
24
Лекин, эй, бойлар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар ўз юпанчингизни олиб бўлдингизлар.
25
Эй, ҳозир тўқ бўлганлар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар оч бўласизлар. Эй, ҳозир кулаётганлар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки сизлар ҳўнграб йиғлайсизлар.
26
Ҳамма одамлар сизлар ҳақингизда яхши гапирадиган бўлсалар, сизларнинг ҳолингизга вой! Чунки уларнинг оталари сохта пайғамбарларга ҳам шундай муомала қилганлар.
27
Лекин сизларга, Мени тинглаётганларга айтаман: Душманларингизни севинглар, сизлардан нафратланувчиларга яхшилик қилинглар.
28
Сизларни лаънатлаётганларни дуо қилинглар. Сизларни хафа қилаётганлар учун ибодат қилинглар.
29
Бир чаккангга урганга иккинчисини ҳам тутиб бер. Тўнингни сендан тортиб олаётганга, кўйлагингни ҳам олишга тўсқинлик қилма.
30
Сендан сўраган ҳар бир кимсага бер, сенинг нарсаларингни олгандан қайтариб беришини талаб қилма.
31
Одамлар сизларга қандай муомала қилишларини хоҳласангизлар, сизлар ҳам уларга шундай муомала қилинглар.
32
Агар фақат сизларни севганларнигина севсангизлар, бу учун сизларга қандай миннатдорчилик бўлади? Чунки гуноҳкорлар ҳам ўзларини севганларни севадилар.
33
Агар сизларга яхшилик қилганларгагина яхшилик қилсангизлар, бу учун сизларга қандай миннатдорчилик бўлади? Чунки гуноҳкорлар ҳам худди шундай қиладилар.
34
Агар сизлар қайтариб олишга умидвор бўлиб, кимгадир қарз берсангизлар, бу учун сизларга қандай миннатдорчилик бўлади? Чунки гуноҳкорлар ҳам худди шунча қайтариб олиш учун гуноҳкорларга қарз берадилар.
35
Лекин сизлар душманларингизни севинглар, яхшилик қилинглар, эвазига ҳеч нарсани кутмай қарз беринглар. Шунда мукофотингиз буюк бўлади ва сизлар Тангри Таолонинг ўғиллари бўласизлар. Чунки У ношукурларга ҳам, ёвузларга ҳам меҳрибондир.
36
Шундай қилиб, Отангиз раҳмдил бўлгани каби, сизлар ҳам раҳмдил бўлинглар.
37
Ҳукм қилманглар, сизлар ҳам ҳукм қилинмайсизлар. Айбламанглар, сизлар ҳам маҳкум бўлмайсизлар. Кечиринглар, сизлар ҳам кечириласизлар.
38
Беринглар, сизларга ҳам берилади: силкитиб босилган, тўлиб-тошган яхши ўлчов билан этагингизга тўкилади. Чунки сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангизлар, сизларга ҳам худди шундай ўлчов билан берилади”.
39
Исо уларга яна шундай масални айтиб берди: “Кўр кўрни етаклаб юра оладими? Иккаласи ҳам чуқурга тушиб кетмайдими?
40
Шогирд ўз устозидан юқори эмас. Лекин камолотга етганидан сўнг ҳар ким ўзининг устозидай бўлади.
41
Сен нимага биродарингнинг кўзидаги зирапчага қараяпсан, аммо ўз кўзингдаги ходани сезмаяпсан.
42
Сен ўз кўзингдаги ходани кўрмаётган бўлсанг, қандай қилиб ўз биродарингга: Биродарим! Кел, мен сенинг кўзингдан зирапчани чиқариб оламан,- деб айта оласан! Эй, иккиюзламачи! Олдин ўз кўзингдаги ходани чиқариб ташла, ўшандагина ўз биродарингнинг кўзидаги зирапчани қандай чиқариб олишни биласан.
43
Яхши дарахт ёмон мева бермайди, ёмон дарахт ҳам яхши мева бермайди.
44
Ҳар бир дарахт ўз мевасидан билинади. Чунки тиканзордан анжир терилмайди ва бутазордан узум узилмайди.
45
Яхши одам юрагининг яхши хазинасидан яхшиликни олиб чиқади, ёвуз одам эса ўз юрагининг ёвуз хазинасидан ёвузликни олиб чиқади. Чунки юрак нимага тўлиб тошса, тил ўшани гапиради.
46
Нега сизлар Мени, ё, Раббий, ё, Раббий, деб чақирасизлар-у, аммо айтганларимни қилмайсизлар?
47
Менинг олдимга келган ва сўзларимни тинглаб, уларни бажарган ҳар бир кишининг кимга ўхшашини сизларга кўрсатайин:
48
У уй қураётганида, чуқурроқ қазиган ва пойдеворини тош устига ўрнатган одамга ўхшайди. Сел тошиб, ўша уйни сув босди, лекин уйни қўзғата олмади. Чунки у тош устига маҳкам ўрнатилган эди.
49
Сўзларимни тинглайдиган ва бажармайдиган эса ўз уйини пойдеворсиз ер устига қурган одамга ўхшайди. Ўша уйни сув босганида, дарҳол қулаб тушди. Бу уйнинг вайронагарчилиги эса жуда катта бўлди”.