5
1
Бир куни Исо Геннисарет кўли ёнида турганида, халқ Худонинг Сўзини тинглаш учун Унинг олдига сиқилиб келар эди.
2
Исо кўл қирғоғида турган иккита қайиқни кўрди. Балиқчилар эса қайиқдан чиқиб, тўрларини юваётган эдилар.
3
Исо Шимўннинг қайиғига тушиб, қирғоқдан бир оз нарироқ сузишини илтимос қилди. Кейин ўтириб, қайиқдан халққа таълим бера бошлади.
4
У таълимотини тугатганидан сўнг Шимўнга: “Чуқур жойга сузиб бориб, балиқ овлаш учун тўрларингизни ташланглар”,- деб айтди.
5
Шимўн эса Унга жавобан: “Устоз! Биз тун бўйи уриниб, ҳеч нарса тутмадик. Лекин Сенинг сўзинг бўйича тўрни ташлайман”,- деди.
6
Буни қилганларида, улар жуда кўп балиқ овладилар, ҳатто тўрлари йиртилиб ҳам кетди.
7
Улар бошқа қайиқдаги шерикларига ёрдам беришлари учун имо-ишора қилдилар. Улар келиб, иккала қайиқни шундай тўлдирдиларки, ҳатто чўка бошладилар.
8
Шимўн Петъёр буни кўриб, Исонинг оёқларига тиз чўкиб деди: “Ҳазрат! Менинг ёнимдан кет, чунки мен гуноҳкор одамман”.
9
Чунки бундай кўп тутган балиқ овидан унинг ўзи ҳамда у билан бирга бўлганларнинг ҳаммаси ваҳимага тушган эди.
10
Шимўннинг шериклари Забадийнинг ўғиллари Ёқуб билан Юҳанно ҳам бундан ваҳимага тушган эдилар. Исо эса Шимўнга: “Қўрқма, бундан буён инсонларни овлайсан”, - деди.
11
Улар иккита қайиқни қирғоққа чиқардилар ва ҳамма нарсани қолдириб, Исога эргашдилар.
12
Исо бир шаҳарда бўлганида, бутунлай мохов бўлган бир киши келди. У Исони кўриб, юзи билан ерга ташланди ва Унга ёлвориб деди: “Ҳазрат, агар хоҳласанг, мени поклай оласан”.
13
Исо қўлини узатди ва унга тегизиб: “Хоҳлайман, пок бўл”,- деди. Шу онда ундан моховлик кетди.
14
Исо унга буюриб деди: “Буни ҳеч кимга айтмагин, лекин бориб ўзингни руҳонийга кўрсатгин ва покланганинг учун Мусо буюрган қурбонликни келтиргин, токи уларга гувоҳлик бўлсин”.
15
Аммо Исо ҳақидаги овоза янада кўпроқ ёйилар эди. Саноқсиз оломон Уни тинглаш ва ўзларининг касалликларидан шифо топиш учун Унинг олдига йиғилиб келар эдилар.
16
Лекин У саҳро жойларга кетиб, ибодат қилар эди.
17
Бир куни Исо таълим бераётганида, Галиле ва Яҳудиянинг ҳамма жойларидан ҳамда Йерусалимдан фарзийлар ва Қонун муаллимлари келиб, у ерда ўтирган эдилар. Раббийнинг куч-қудрати эса касалларни шифолашда намоён бўлаётган эди.
18
Мана, баъзи кишилар шол одамни тўшакда олиб келдилар. Уни уйга олиб киришга ва Исонинг олдига қўйишга уринар эдилар.
19
Лекин улар одам кўплигидан бунинг имконини топа олмасдан, уйнинг тепасига чиқиб, томни очиб, шолни тўшаги билан ўртага, Исонинг олдига туширдилар.
20
Исо уларнинг имонини кўриб, шолга: “Эй, одам, сенинг гуноҳларинг кечирилмоқда”,- деди.
21
Уламолар ва фарзийлар эса: “Куфрлик қилаётган бу ким экан? Ёлғиз Худодан бошқа ким гуноҳларни кечира олади?”- деб мулоҳаза қила бошладилар.
22
Исо уларнинг фикрларини англаб, уларга жавобан: “Сизлар ўз юракларингизда нимани мулоҳаза қиляпсизлар?
23
Шолга нима дейиш осонроқ: Сенинг гуноҳларинг кечирилмоқда, деб айтишми ёки: Ўрнингдан тур ва юр, деб айтишми?
24
Лекин Инсон Ўғлининг ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимияти борлигини сизлар билишингиз учун...”- деб, Исо шолга: “Сенга айтаман: Ўрнингдан тур, тўшагингни ол ва уйингга бор!”- деди.
25
У эса ўша заҳоти уларнинг олдида ўрнидан турди, ўзи ётган тўшагини олди ва Худони улуғлаб уйига кетди.
26
Шунда уларнинг ҳаммаси ҳайратланиб, Худони улуғладилар ва қўрқувга тўлиб: “Бугун биз ажойиб ишларни кўрдик”,- деб айтар эдилар.
27
Шундан кейин, Исо у ердан чиқиб, солиқ йиғадиган жойда ўтирган Леви исмли солиқчини кўрди ва унга: “Менинг ортимдан эргаш!”- деди.
28
У ҳамма нарсани қолдириб, ўрнидан турди ва Исонинг ортидан эргашди.
29
Сўнг Леви ўз уйида Исонинг шарафига катта зиёфат берди. Улар билан бирга ёнбошлаган кўп солиқчилар ва бошқа кишилар ҳам бор эди.
30
Лекин уламолар ва фарзийлар нолиб, Исонинг шогирдларига: “Нега сизлар солиқчилару гуноҳкорлар билан еб-ичяпсизлар?”- дедилар.
31
Исо эса уларга жавобан деди: “Соғлар эмас, балки беморлар шифокорга муҳтождирлар.
32
Мен ҳақ кишиларни эмас, балки гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман”.
33
Шунда улар Унга: “Мана Яҳёнинг ҳамда фарзийларнинг шогирдлари тез-тез рўза тутиб, ибодат қиладилар. Сенинг шогирдларинг эса еб-ичиб юрибдилар?”- дедилар.
34
Исо уларга: “Тўйдаги меҳмонларни куёв улар билан бирга бўлганида, рўза тутишга мажбур қила оласизларми?
35
Аммо куёв улардан олинадиган кунлар келади, ўшанда рўза тутадилар”,- деди.
36
Кейин Исо уларга бир масални айтиб берди: “Ҳеч ким янги кийимдан йиртиб олиб, эски кийимга ямоқ қилмайди. Акс ҳолда, янги кийим йиртилади ва янги кийимдан олинган ямоқ ҳам эски кийимга тўғри келмайди.
37
Шунингдек, ҳеч ким янги шаробни эски мешга қуймайди. Акс ҳолда, янги шароб мешни йиртади ва тўкилиб кетади, меш ҳам яроқсиз бўлади.
38
Аксинча, янги шаробни янги мешга қуйиш керак, шунда у ҳам, бу ҳам сақлаб қолинади.
39
Ҳеч ким эски шаробни ичиб, ўша заҳоти янгисини истаб қолмайди. Лекин у: Эскиси яхшироқ,- деб айтади”.