4
1
Исо Муқаддас Руҳга тўлиб, Йордан дарёсидан қайтиб келди. У Руҳ томонидан саҳрога олиб борилди.
2
У саҳрода қирқ кун иблис томонидан васвасага солинди. Ўша вақтда У ҳеч нарса емади. Бу кунлар тугагач, У охири оч қолди.
3
Шунда иблис Унга: “Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, унда бу тошга буюр, нонга айлансин!”- деди.
4
Исо эса унга жавоб бериб деди: “Инсон ёлғиз нон билан эмас, балки Худонинг ҳар бир Сўзи билан яшайди, деб ёзилган”.
5
Шунда иблис Исони баланд тоққа олиб чиқди-да, бир лаҳзада оламнинг барча подшоҳликларини кўрсатиб, Унга:
6
“Булар устидан барча ҳокимиятни ва буларнинг шуҳратини Сенга бераман,- деди,- чунки бу менга топширилган ва мен буни истаганимга бераман.
7
Агар Сен менга сажда қилсанг, ҳаммаси Сеники бўлади”.
8
Исо эса унга жавобан: “Йўқол олдимдан, шайтон! Чунки: Ўз Раббий Худойингга сажда қил ва ёлғиз Унга хизмат қил, деб ёзилган”,- деди.
9
Шунда иблис Исони Йерусалимга олиб борди-да, Уни маъбаднинг тепасига турғизиб, Унга деди: “Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни бу ердан пастга ташла,
10
чунки ёзилган: У Ўз фаришталарига сени қўриқласинлар, деб сен ҳақингда амр беради.
11
Улар сени қўлларида кўтариб кетадилар, оёғинг тошга ҳам қоқилмайди”.
12
Исо эса унга жавоб бериб деди: “Ўз Раббий Худойингни синама, деб айтилган”.
13
Шунда иблис барча васвасаларини тамом қилгач, вақтинча Исодан узоқлашди.
14
Исо Руҳ қудратида Галилега қайтиб келди. У ҳақида бутун ўлка атрофи бўйлаб овоза тарқалди.
15
Исо эса уларнинг синагогаларида таълим берар ва ҳамма Уни улуғлар эди.
16
Сўнгра Исо ўсиб тарбияланган Нозара деган шаҳарга келиб, Ўз одати бўйича шаббат куни синагогага кирди ва ўқиш учун ўрнидан турди.
17
Унга Йешайаҳ пайғамбарнинг китобини бердилар. У китобни очиб, шундай ёзилган жойни топди:
18
“Раббийнинг Руҳи Менинг устимда, чунки қашшоқларга хушхабарни эълон қилиш учун, дили эзилганларга шифо бериш учун, асирларга халос бўлишларини ва кўрларга кўзлари очилишини воизлик қилиш учун, азоб чекканларни озодликка чиқариш учун,
19
Раббийнинг илтифот йилини воизлик қилиш учун У Мени мойлаб юборди”.
20
Исо китобни ёпиб, хизматкорга бериб, ўтирди. Синагогадаги ҳамманинг кўзи Унга тикилган эди.
21
Шунда Исо уларга сўзлай бошлади: “Сизлар эшитган бу Ёзув бугун бажо бўлди”.
22
Ҳамма бунинг гувоҳи бўлиб, Унинг оғзидан чиққан иноятли сўзлардан ҳайратланиб: “Бу Юсуфнинг ўғли эмасми?”- деб айтар эдилар.
23
Исо эса уларга деди: “Сизлар албатта Менга шу масални айта оласизлар: Эй, табиб, ўзингни ўзинг давола. Биз эшитганимиздай, Кафарнаҳумда қилган ишларингни бу ерда, ўз юртингда ҳам қилгин.
24
Лекин сизларга ростини айтаманки, ҳеч қандай пайғамбар ўз она юртида қабул қилинмайди”. Сўнг Исо давом этди:
25
”Сизларга ҳақиқатан айтаманки, Элийаҳ пайғамбарнинг кунларида уч йилу олти ой осмон ёпилганида ва бутун мамлакатда оғир очарчилик бўлганида, Исроилда кўп бева аёллар бор эди.
26
Бироқ Элийаҳ уларнинг бирортасига юборилмай, фақатгина Сидўн диёридаги Зарепат шаҳридаги бир бева аёлга юборилган эди.
27
Элиша пайғамбар даврида ҳам Исроилда кўп моховлар бор эди. Аммо суриялик Наамандан бошқа уларнинг бирортаси ҳам покланмаган эди”.
28
Буни эшитгач, синагогада бўлганларнинг ҳаммаси ғазабга тўлдилар.
29
Шунда улар ўринларидан туриб, Исони шаҳардан қувиб чиқариб, Уни пастга ташлаб юбориш учун шаҳар қурилган тепаликнинг четига олиб бордилар.
30
Лекин Исо уларнинг орасидан ўтиб, у ердан чиқиб кетди.
31
У Галиленинг Кафарнаҳум шаҳрига келиб, шаббат кунлари халққа таълим берар эди.
32
Улар эса Исонинг таълимотидан ҳайратланар эдилар, чунки Унинг сўзида ҳокимият бор эди.
33
Бу синагогада жинга чалинган, нопок руҳга эга бўлган бир одам бор эди. У баланд овоз билан бақириб:
34
“Бизни тинч қўй, эй, нозарий Исо! Биз билан нима ишинг бор? Сен бизни ҳалок қилиш учун келдинг-ку! Сенинг Кимлигингни биламан: Сен Худонинг Муқаддасисан!”- деди.
35
Исо жинга тақиқлаб: “Жим бўл ва бу одамдан чиқиб кет!”- деди. Жин эса бу одамни синагоганинг ўртасида ерга қулатиб, унга ҳеч қандай зарар етказмай, ундан чиқиб кетди.
36
Ҳамма бунга ҳайрон қолиб, ўзаро сўзлар эди: “Бу нима гап! У нопок руҳларга ҳокимият ва куч-қудрат билан буюради, улар эса чиқиб кетадилар!”
37
Шундай қилиб, Исо ҳақида овоза ён атрофларга тарқалди.
38
Исо синагогадан чиқиб, Шимўннинг уйига кирди. Шимўннинг қайнонаси эса баланд иситмадан қийналиб ётган эди. Исодан у ҳақида илтимос қилдилар.
39
Шунда унинг ёнида туриб, Исо иситмага ман қилди ва иситма аёлни тарк этди. У дарҳол туриб, уларга хизмат қила бошлади.
40
Қуёш ботаётганида, турли хасталикларга дучор бўлганларнинг ҳаммасини Исонинг олдига келтиришар эди. Исо уларнинг ҳар бирига қўлларини қўйиб, шифолар эди.
41
Жинлар ҳам кўплардан фарёд билан чиқиб: “Сен Худонинг Ўғли – Масиҳсан!”- деб бақирар эдилар. Исо эса уларга Унинг Масиҳ эканини билдиришларини тақиқлар эди.
42
Кундуз келгач, Исо уйдан чиқиб саҳро жойга кетди. Халқ эса Уни излаб ва Унинг ёнига келиб, уларнинг олдидан кетмаслиги учун Уни ушлаб туришар эди.
43
Лекин Исо уларга: “Мен бошқа шаҳарларга ҳам Худонинг Шоҳлигини воизлик қилишим керак, чунки Мен шунинг учун юборилганман”,- деди.
44
Шундай қилиб, У Галиленинг синагогаларида воизлик қилиб юрар эди.