3
1
Император Тибериус подшоҳлигининг ўн бешинчи йилида, Яҳудияда Понтий Пилат, Галиледа Ҳирод, Итурия билан Трахонит вилоятларида унинг укаси Филип, Авилина юртида эса Лисаний ҳокимлик қилаётганларида,
2
Ҳанан ва Кайафа олий руҳонийлиги пайтида, саҳрода яшаётган Закарийаҳнинг ўғли Яҳёга Худонинг сўзи келди.
3
Яҳё Йордан дарёси атрофидаги барча юртларни кезиб юриб, гуноҳлар кечирилиши учун тавба чўмдирилишини воизлик қилар эди.
4
Худди Йешайаҳ пайғамбарнинг китобида ёзилганидай: “Саҳрода фарёд қилаётганнинг овози: Раббий учун йўлни тайёрланглар, Унга йўлакларни тўғри қилинглар!- демоқда, -
5
Ҳар қандай водий тўлсин, ҳар қандай тоғ ва тепалик пасайсин, қинғир-қийшиқликлар тўғрилансин, эгри-бугри йўллар текис бўлсин,
6
шунда ҳар бир инсон Худонинг нажотини кўради”.
7
Яҳё ундан чўмдирилиш учун келаётган халққа айтар эди: “Эй, илонлар насли! Келажакдаги ғазабдан қочишни сизларга ким уқтирди?
8
Шундай экан, тавбангизга муносиб ҳосил келтиринглар! Ўз ичингизда: Бизнинг отамиз Иброҳим,- деб айтманглар, чунки мен сизларга айтаманки, Худо Иброҳимга ана шу тошлардан фарзандлар тиклашга қодир.
9
Мана энди дарахтларнинг илдизида болта ётибди: яхши мева бермаётган ҳар бир дарахт чопилади ва оловга ташланади”.
10
Халқ эса ундан: “Унда биз нима қилишимиз керак?”- деб сўрар эди.
11
У жавоб бериб деди: “Кимнинг иккита кийими бўлса, бирини йўқсилга берсин. Кимда озиқ-овқат бор бўлса, у ҳам шундай қилсин”.
12
Солиқчилар ҳам сувга чўмдирилиш учун келиб, ундан: “Устоз, биз нима қилишимиз керак?”- деб сўрар эдилар.
13
Яҳё эса уларга: “Сизларга тайин қилинганидан ортиғини талаб қилманглар”,- деб жавоб берди.
14
Аскарлар ҳам ундан: “Биз нима қилишимиз керак?”- деб сўрадилар. Яҳё уларга: “Ҳеч кимни хафа қилманглар, туҳмат қилманглар, ўз маошингиз билан қаноатланинглар”,- деди.
15
Шу орада халқ интизорлик билан кутар эди, шунинг учун ҳаммалари Яҳё ҳақида: “У Масиҳ эмасмикин?”- деб ўз юракларида мулоҳаза қилар эдилар.
16
Яҳё эса уларнинг ҳаммаларига жавобан деди: “Мен сизларни сувга чўмдиряпман, лекин мендан Қудратлироғи келмоқда, мен Унинг пойабзалининг ипларини ечишга ҳам муносиб эмасман. У сизларни Муқаддас Руҳга ва оловга чўмдиради.
17
Унинг белкураги қўлидадир, У Ўз хирмонини шопириб ташлайди. Буғдойни Ўз омборига тўплаб, сомонни эса сўнмас олов билан ёндириб юборади”.
18
Шундай қилиб, Яҳё яна бошқа нарсалар ҳақида халққа кўп насиҳат бериб, уларга Хушхабарни воизлик қилар эди.
19
Вилоят ҳокими Ҳирод эса Яҳё томонидан фош қилинди, чунки у ўз укаси Филипнинг хотини Ҳиродияни олган ва бошқа кўп ёмонликлар қилган эди.
20
Бу барча қилмишларининг устига Яҳёни ҳам зиндонга қаматиб қўйди.
21
Шу орада, бутун халқ сувга чўмдирилганида, Исо ҳам чўмдирилди. У ибодат қилаётган вақтда осмон очилди ва
22
Муқаддас Руҳ жисм шаклида каптар каби Унинг устига келиб тушди. Осмондан эса: “Сен Менинг севикли Ўғлимсан, Менинг илтифотим Сендадир”,- деган садо келди.
23
Исо Ўз хизматини бошлаганида тахминан ўттиз ёшларда эди. Уни Юсуфнинг ўғли, деб ҳисоблар эдилар. Юсуф эса – Элий ўғли,
24
Маттот ўғли, Леви ўғли, Малкий ўғли, Янай ўғли, Юсуф ўғли,
25
Маттатийаҳ ўғли, Амоз ўғли, Наҳум ўғли, Ҳесли ўғли, Наггай ўғли,
26
Маҳат ўғли, Маттатийаҳ ўғли, Шими ўғли, Юсуф ўғли, Яҳудо ўғли,
27
Юҳанно ўғли, Резо ўғли, Зеруббобил ўғли, Шелтиэл ўғли, Нерийаҳ ўғли,
28
Малкий ўғли, Аддий ўғли, Қосам ўғли, Элмодам ўғли, Эир ўғли,
29
Йошийаҳ ўғли, Элиэзер ўғли, Йорим ўғли, Маттот ўғли, Леви ўғли,
30
Шимўн ўғли, Яҳудо ўғли, Юсуф ўғли, Йонаҳ ўғли, Элиаким ўғли,
31
Малийаҳ ўғли, Манно ўғли, Маттато ўғли, Натан ўғли, Довуд ўғли,
32
Йишай ўғли, Обед ўғли, Бўаз ўғли, Салмўн ўғли, Наҳшўн ўғли,
33
Амминадаб ўғли, Арам ўғли, Ҳезрон ўғли, Перез ўғли, Яҳудо ўғли,
34
Ёқуб ўғли, Исҳоқ ўғли, Иброҳим ўғли, Тераҳ ўғли, Нахўр ўғли,
35
Саруғ ўғли, Раҳу ўғли, Пелеқ ўғли, Эбер ўғли, Шелах ўғли,
36
Қенан ўғли, Арпахшод ўғли, Шем ўғли, Нуҳ ўғли, Ламех ўғли,
37
Метушелаҳ ўғли, Энох ўғли, Йоред ўғли, Махалалил ўғли, Қенан ўғли,
38
Энўш ўғли, Шит ўғли, Одам-Ато ўғли, Худо ўғли эди.