2
1
Ўша кунларда император Августдан: “Бутун Рим империясидаги аҳоли рўйхатга олинсин”,- деган фармон чиқди.
2
Сурияда Квириний ҳокимлик қилган вақтда эса бу рўйхатга олиниш биринчи марта содир бўлган эди.
3
Шундай қилиб, ҳар ким рўйхатдан ўтиш учун ўз шаҳрига борди.
4
Шунингдек, Юсуф ҳам Довуднинг авлодидан ва хонадонидан бўлгани учун Галиленинг Нозара шаҳридан Яҳудияга, Довуднинг шаҳри Бейт-Леҳемга бориб,
5
у ерда рўйхатдан ўтиш учун ўзига унаштирилган хотини ҳомиладор бўлган Мирйамни ҳам олиб борди.
6
Улар ўша ерда бўлганларида, Мирйамнинг ой-куни тўлди.
7
Мирйам ўзининг тўнғич ўғлини туғиб, Уни йўргакка ўраб, охурга ётқизиб қўйди, чунки мусофирхонада уларга жой йўқ эди.
8
Ўша ўлкада чўпонлар бор эди. Улар ўз подаларини қўриқлаб, далада тунар эдилар.
9
Бирданига Худонинг фариштаси уларга зоҳир бўлди ва Раббийнинг шуҳрати уларни ёритиб юборди. Уларни эса ваҳима босди.
10
Фаришта уларга хитоб қилди: “Қўрқманглар! Мен сизларга барча одамларга бўладиган буюк қувонч ҳақидаги хушхабарни келтирмоқдаман.
11
Чунки бугун Довуднинг шаҳрида сизлар учун Нажоткор туғилди. У – Раббий Масиҳдир.
12
Мана, бу сизларга аломат: сизлар йўргакка ўралган, охурда ётган Чақалоқни топасизлар”.
13
Тўсатдан фаришта билан бирга Худони улуғлаётган саноқсиз самовий қўшинлар зоҳир бўлиб, шундай хитоб қилишар эди:
14
“Юксакликда Худога шуҳрат, ер юзида эса тинчлик, инсонларга илтифот бўлсин!”
15
Фаришталар уларнинг олдидан осмонга кўтарилганларида, чўпонлар бир бирига: “Қани, юринглар, Бейт-Леҳемга бориб, Раббий бизга билдирганича, у ерда нима содир бўлганини кўрайлик!”- дедилар.
16
Улар шошилиб келгач, Мирйам, Юсуф ва охурда ётган Чақалоқни топдилар.
17
Буни кўрганларида, уларга бу Чақалоқ ҳақида нима хабар қилинганини айтиб бердилар.
18
Барча эшитганлар эса чўпонларнинг уларга айтган гапларига ҳайрон бўлдилар.
19
Аммо Мирйам бу ҳамма сўзларни юрагида тутиб, улар ҳақида мулоҳаза қилар эди.
20
Чўпонлар ҳамма нарсани айнан уларга айтилганидек эшитганлари ва кўрганлари учун Худони улуғлаб ва мадҳ этиб, орқаларига қайтдилар.
21
Саккиз кун ўтгач, Чақалоқни хатна қилиш керак бўлганида, Унинг исмини Исо, деб қўйдилар. Чунки Мирйам ҳомиладор бўлишидан олдин фаришта Уни шундай атаган эди.
22
Мусонинг Қонуни бўйича Мирйамнинг покланиш кунлари тугагач, Раббийга тақдим этиш учун Чақалоқни Йерусалимга олиб келдилар.
23
Чунки Раббийнинг Қонунида: “Туғилган ҳар бир тўнғич ўғил Раббийга бағишлансин”,- деб ёзилган.
24
Шундай қилиб, Раббийнинг Қонунида айтилганидай, улар иккита мусича ёки каптар жўжасини қурбонлик қилмоқчи бўлиб келдилар.
25
Ўша вақтда Йерусалимда Шимўн исмли бир одам бор эди. У ҳақ ва диёнатли киши бўлиб, Исроилнинг юпатилишини интизорлик билан кутар эди. Муқаддас Руҳ унинг устида эди.
26
Раббий Масиҳни кўрмагунича, у ўлим кўрмаслиги ҳақида Муқаддас Руҳ томонидан унга ваҳий берилган эди.
27
Шундай қилиб, у Муқаддас Руҳ таъсирида маъбадга келди. Исонинг ота-онаси Қонун маросимини бажариш учун Уни маъбадга олиб келганларида,
28
Шимўн Чақалоқни ўз қўлига олиб, Худони мадҳ этиб деди:
29
“Ё, Раббим, энди Сен Ўз сўзинг бўйича қулингни тинчлик билан қўйиб юборяпсан.
30
Чунки менинг кўзларим Сенинг нажотингни кўрди:
31
Сен буни барча халқлар ҳузурида тайёрладинг.
32
У – мажусийларни ёритадиган нур ва Сенинг халқинг Исроилнинг шуҳратидир”.
33
Юсуф ва Исонинг онаси У ҳақида айтилган бу сўзларга ҳайрон бўлдилар.
34
Шимўн эса уларни дуо қилиб, Унинг онаси Мирйамга деди: “Мана, бу Чақалоқ Исроилда кўпларнинг қулашига ҳамда юксалишига сабабчи ва тортишув қўзғатадиган аломат бўлади,
35
токи кўпларнинг юракларидаги фикр-хаёли ошкор бўлсин. Сенинг жонингни ҳам бу қилич ёриб ўтади”.
36
У ерда Ашер қабиласидан Фануэлнинг қизи Ҳанна исмли жуда кекса бир пайғамбар аёл ҳам бор эди. У қизлигидан эри билан фақатгина етти йил яшаган эди.
37
У саксон тўрт ёшлик бева эди. Ҳанна маъбадни ташлаб кетмасдан, рўза тутиб, ибодат қилиб, туну кун Худога хизмат қилар эди.
38
У ўша вақтда келиб, Раббийни улуғлар ва Йерусалимдаги нажотни кутаётганларнинг барчасига бу Бола ҳақида гапирар эди.
39
Юсуф ва Мирйам Раббийнинг Қонунида буюрилганларнинг ҳаммасини бажо келтиргандан кейин Галилега, ўз шаҳарлари Нозарага қайтиб бордилар.
40
Бола эса ўсиб, руҳан қувватланиб, доноликка тўлиб борар эди. Худонинг инояти Унинг устида эди.
41
Унинг ота-онаси ҳар йили Песаҳ байрамида Йерусалимга борар эдилар.
42
Исо ўн икки ёшга тўлганида, улар одатдагидай байрам қилиш учун яна Йерусалимга бордилар.
43
Байрам кунлари тамом бўлгач, улар уйга қайтаётганларида, ўсмир Исо Йерусалимда қолди. Юсуф ва ўсмирнинг онаси буни пайқамадилар,
44
лекин: У бошқалар билан бирга келяпти, деб ўйладилар. Бир кунлик йўл юришгач, қариндошлару танишлари орасида Исони қидира бошладилар.
45
Бироқ топмасдан, Уни қидириб Йерусалимга қайтиб бордилар.
46
Уч кундан кейин Исони маъбаддан топдилар. У муаллимлар орасида ўтириб, уларни тинглар ва уларга савол берар эди.
47
Уни тинглаётганларнинг ҳаммаси Унинг идрокидан ва бераётган жавобларидан ҳайратланар эдилар.
48
Юсуф ва Мирйам Уни кўриб, ажабландилар. Онаси Унга: “Ўғлим, нега Сен бизга бундай қилдинг? Мана, отанг ва мен жуда қайғуриб, Сени қидирдик”,- деб айтди.
49
У эса уларга деди: “Нима учун сиз Мени қидирдингиз? Ёки сиз Мен Отамга тегишли бўлган нарсада бўлишим кераклигини билмас эдингизми?”
50
Лекин улар Унинг айтган сўзларини тушунмадилар.
51
Исо улар билан бирга бориб, Нозарага келди ва уларга итоатда бўлди. Унинг онаси эса бу гапларнинг ҳаммасини юрагида сақлар эди.
52
Исо эса доноликда ҳам, ёшда ҳам, Худонинг ва одамларнинг илтифотида ҳам улғайиб борар эди.