22
1
Песаҳ, деб аталадиган Ачитқисиз нонлар байрами яқинлашаётган эди.
2
Олий руҳонийлар билан уламолар Исони қандай ҳалок қилиш чорасини излар эдилар, чунки улар халқдан қўрқар эдилар.
3
Шунда ўн иккитадан бири бўлган – Искариот, деб аталадиган Яҳудонинг ичига шайтон кириб олди.
4
Яҳудо бориб, олий руҳоний ва бошлиқлар билан Исога қандай хиёнат қилиб, Уни уларга топшириши ҳақида улар билан гаплашиб олди.
5
Улар қувониб, унга пул беришга келишдилар.
6
Яҳудо ваъда бериб, Исони халқ бўлмаган бир вақтда уларнинг қўлига тутиб беришга қулай пайт излайдиган бўлди.
7
Ачитқисиз нонлар куни келди ва Песаҳ қурбонлигининг қўзисини сўйиш керак эди.
8
Исо Петъёр билан Юҳаннони юбориб, уларга деди: “Боринглар ейишимиз учун, Песаҳ таомини тайёрланглар”.
9
Улар эса Ундан: “Қаерда тайёрлашимизни буюрасан?”- деб сўрадилар.
10
Исо уларга жавоб берди: “Мана, шаҳарга кириб борганингизда, кўзада сув кўтариб кетаётган бир одам учрайди. Унинг ортидан эргашиб у кирган уйга киринглар.
11
Уй эгасига эса: Устоз сендан сўраяпти: Шогирдларим билан Песаҳ таомини ейдиган хона қаерда?- деб айтинглар.
12
Шунда у сизларга тўшак тўшалган катта болохонани кўрсатади. Ўша ерда тайёрланглар”.
13
Шогирдлар бориб, худди Исонинг айтганидай топдилар ва Песаҳ таомини тайёрлаб қўйдилар.
14
Зиёфат вақти келганида, Исо ўн икки ҳаворийлар билан бирга дастурхон атрофида ёнбошлади.
15
Шунда уларга деди: “Мен азоб чекмасимдан олдин бу Песаҳ таомини сизлар билан бирга ейишни жуда ҳам хоҳлаган эдим.
16
Чунки сизларга айтаманки, бу Худонинг Шоҳлигида содир бўлмагунича, Мен уни бошқа емайман”.
17
Сўнг Исо косани олди ва шукрона айтиб: “Буни олинглар ва ўзаро бўлишинглар.
18
Зеро сизларга айтаманки, Худонинг Шоҳлиги келмагунича, Мен узум ҳосилидан бошқа ичмайман”,- деди.
19
Кейин эса нонни олиб, шукрона айтиб уни синдирди ва шогирдларига бериб: “Бу сизлар учун берилаётган Менинг танамдир. Буни Мени хотирлаб туриш учун қилинглар”,- деди.
20
Шунингдек, кечликдан кейин Исо косани олиб деди: “Бу коса сизлар учун тўкилаётган Менинг қонимдаги Янги Аҳддир.
21
Мана Менга хиёнат қилувчининг қўли ҳам Мен билан бирга шу дастурхон атрофидадир.
22
Бироқ Инсон Ўғли олдиндан белгилангани бўйича бормоқда. Аммо Унга хиёнат қилувчининг ҳолига вой!”
23
“Буни қиладиган орамизда ким экан?”- деб улар бир-биридан сўрай бошладилар.
24
Шогирдлар орасида, ким энг катта ҳисобланмоғи керак, деган баҳс ҳам юз берди.
25
Шунда Исо уларга деди: “Подшоҳлар ўз халқлари устидан ҳукмронлик қиладилар. Элни бошқарувчиларни олийҳиммат, деб атайдилар.
26
Сизлар эса бундай бўлманглар. Аксинча, орангизда кимки катта бўлса, энг кичикдай бўлсин, кимки бошлиқ бўлса, хизматкордай бўлсин.
27
Мана, қайси бири катта – ёнбошлаганми ёки хизмат қилиб юрганми? Ёнбошлаган эмасми? Мен эса орангизда хизматкордайман.
28
Лекин сизлар Менинг синовларимда Мен билан бирга бўлдингизлар.
29
Шунинг учун Отам Менга васият қилгани каби, Мен ҳам сизларга Шоҳликни васият қиляпман,
30
токи сизлар Менинг Шоҳлигимдаги зиёфатда ўтириб еб-ичинглар ва тахтларга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласини ҳукм қилинглар”.
31
Раббий яна деди: “Шимўн, Шимўн! Мана, шайтон сизларни буғдой каби сепиб юборишни сўради.
32
Бироқ Мен сен учун, яъни имонинг ғойиб бўлмаслиги учун ибодат қилдим, токи сен бир кун қайтиб келганингда, биродарларингни мустаҳкамлагин”.
33
У эса деди: “Ҳазратим! Мен сен билан зиндонга ҳам, ўлимга ҳам боришга тайёрман!”
34
Лекин Исо: “Сенга, Петъёр, шуни айтаманки, бугун хўроз қичқирмасданоқ Мендан уч марта тонасан”,- деди.
35
Бундан сўнг Исо шогирдларидан: “Мен сизларни ҳамёнсиз, тўрвасиз, чориқсиз юборганимда, сизлар бирон нарсага муҳтож бўлдингизларми?”- деб сўради. Улар: “Ҳеч нарсага!”- деб жавоб бердилар.
36
Шунда Исо уларга деди: “Бироқ энди кимнинг ҳамёни бўлса, шунингдек, кимнинг тўрваси ҳам бўлса, ўзи билан олсин. Кимда бўлмаса, кийимини сотиб, қилич сотиб олсин.
37
Зеро сизларга айтаманки, Ёзувларда: У жиноятчилар қаторида ҳисобланади,- дегани Менда бажо бўлиши керак. Чунки Мен ҳақимда ёзилганлари ўз ниҳоясига етмоқда”.
38
Улар: “Ҳазрат, мана бу ерда иккита қилич бор!”- дедилар. “Етарли!”- деди Исо.
39
Исо у ердан чиқиб, одати бўйича Зайтун тоғига борди. Шогирдлари ҳам Унинг орқасидан эргашиб борар эдилар.
40
У ерга келгач, Исо уларга: “Васвасага тушмаслик учун ибодат қилинглар”,- деди.
41
Ўзи эса улардан бир тош отар масофага борди-да, тиз чўкиб ибодат қила бошлади:
42
“Отам, қани энди илтифот қилиб, бу косани Мендан четлатсанг эди! Лекин Менинг иродам эмас, Сенинг ироданг бўлсин”.
43
Шу вақт осмондан бир фаришта Исога зоҳир бўлди ва Уни қувватлади.
44
У курашаётиб, бор кучи билан ибодат қилар эди. Ундан чиққан тер эса ерга томаётган қон томчиларидай эди.
45
Сўнг Исо ибодатдан туриб, шогирдларининг ёнига келди ва уларнинг қайғудан ухлаб ётганини кўриб,
46
уларга деди: “Нега ухлаб ётибсизлар? Қани туринглар, васвасага тушмаслик учун ибодат қилинглар”.
47
Исо ҳали буларни гапираётганида, бир оломон пайдо бўлди. Ўн икки ҳаворийдан бири — Яҳудо, деб аталадигани бу оломоннинг олдида борар эди. У Исони ўпиш учун Унга яқинлашди.
48
Исо эса унга: “Яҳудо, сен Инсон Ўғлига ўпиш билан хиёнат қиляпсанми?”- деди.
49
Исо билан бирга бўлганлар воқеа қаёққа йўналаётганини кўриб: “Ҳазрат, қилич билан урайликми?” - дедилар.
50
Шунда улардан бири олий руҳонийнинг қулини бир уриб, ўнг қулоғини кесиб ташлади.
51
Аммо Исо: “Қўйинглар, бас!”- деб айтиб, қулнинг қулоғига қўл тегизиб уни шифолади.
52
Бундан кейин Исо Ўзига қарши тўпланган олий руҳонийлар, маъбад бошлиқлари ва оқсоқолларга шундай деди: “Сизлар худди қароқчига қарши чиққандек, қиличу таёқ билан Мени тутишга келдингизлар!
53
Мен ҳар куни сизлар билан бирга маъбадда бўлганимда, сизлар Менга қарши қўл кўтармаган эдингизлар. Лекин энди вақт-соат сизники, энди зулмат ҳукмрондир”.
54
Ўшанда Исони ушлаб, олий руҳонийнинг уйига олиб бордилар. Петъёр эса узоқдан уларга эргашиб борар эди.
55
Улар ҳовлининг ўртасида олов ёқиб йиғилиб ўтирганларида, Петъёр ҳам уларнинг орасида ўтирди.
56
Бир хизматкор аёл Петъёрни олов ёнида ўтирганини кўриб, унга тикилиб қараб деди: “Бу одам ҳам У билан бирга эди!”
57
Лекин Петъёр Исодан тониб: “Эй, аёл, мен Уни танимайман!”- деди.
58
Бирпасдан кейин бошқа одам Петъёрни кўриб: “Сен ҳам улардан бирисан-ку!”- деди. Лекин Петъёр у одамга ҳам: “Йўқ”,- деди.
59
Тахминан бир соатдан сўнг яна кимдир қатъиян: “Ҳақиқатан, бу одам ҳам У билан бирга эди, чунки у ҳам Галилелик”,- деди.
60
Лекин Петъёр ўша одамга: “Тушунмаяпман, сен нима деяпсан?”- деди. У ҳали гапириб турган пайтда бирдан хўроз қичқирди.
61
Шу онда Раббий қайрилиб, Петъёрга бир қаради. Петъёр эса Раббийнинг унга: Бугун хўроз қичқирмасдан, сен Мендан уч марта тонасан,- деган сўзини эслади.
62
Шунда у ташқарига чиқиб, аччиқ-аччиқ йиғлади.
63
Исони ушлаб турган одамлар эса Уни ҳақоратлаб урар эдилар.
64
Унинг кўзларини боғлаб, юзига шапалоқлаб уриб, Ундан сўрар эдилар: “Қани, башорат қил-чи, Сени ким урди?”
65
Яна Унга қарши бошқа анча куфрликларни сўзлар эдилар.
66
Тонг отгач, халқнинг оқсоқоллари, олий руҳонийлар билан уламолар тўпланишиб, Исони ўзларининг синедрионига олиб келдилар.
67
Улар: “Бизга айт-чи! Сен Масиҳмисан?”- дедилар. Исо эса уларга жавобан деди: “Агар сизларга айтсам, сизлар ишонмайсизлар.
68
Агарда сизлардан сўрасам, Менга жавоб бермайсизлар ва Мени озод ҳам қилмайсизлар.
69
Бироқ бундан буён Инсон Ўғли Қодир Худонинг ўнг томонида ўтиради”.
70
Шунда уларнинг ҳаммалари: “Демак, Сен Худонинг Ўғлимисан?”- дедилар. Исо уларга: “Ўша Мен эканлигимни ўзларингиз айтдингизлар”,- деб жавоб берди.
71
Улар эса: “Бизга яна қандай гувоҳлик керак? Чунки биз ўзимиз оғзидан эшитдик!”- дедилар.