23
1
Шундай қилиб, уларнинг кўпчилиги туриб, Исони Пилатнинг олдига олиб бордилар.
2
У ерда улар Уни айблай бошлаб: “Биз бу Одам халқимизни бузаётганини топдик. У императорга солиқ тўлашни ман этиб, Ўзини Масиҳ Подшоҳ, деб атамоқда”,- дедилар.
3
Пилат эса Исодан: “Сен яҳудийларнинг Подшоҳимисан?”- деб сўради. Исо унга жавобан деди: “Ўзинг айтяпсан”.
4
Шунда Пилат олий руҳонийларга ва халққа: “Мен бу Одамда ҳеч қандай айб топмадим”,- деди.
5
Бироқ улар қаттиқ туриб: “У Галиледан бошлаб, шу ергача бутун Яҳудия бўйлаб таълимотни тарқатиб, халқни қўзғатяпти”,- дедилар.
6
Пилат Галиле сўзини эшитганида: “Бу Одам Галилеликми?”- деб сўради.
7
Кейин Исонинг Ҳирод ҳокимлик қиладиган вилоятдан эканини билгач, Пилат Уни шу кунларда Йерусалимда бўлган Ҳироднинг олдига юборди.
8
Ҳирод Исони кўриб, жуда хурсанд бўлди, чунки анчадан бери Уни кўрмоқчи бўлган эди. Чунки Ҳирод У ҳақида кўп нарсалар эшитиб, Ундан бирон-бир мўъжиза кўришни умид қилган эди.
9
Шунинг учун Унга кўп саволлар берди. Лекин Исо унга ҳеч қандай жавоб бермади.
10
Атрофда турган олий руҳонийлар ва уламолар эса Уни қаттиқ айблар эдилар.
11
Ҳирод ўзининг аскарлари билан бирга Исони камситиб масхара қилиб, Унга ярқироқ кийим кийдириб, Пилатнинг олдига қайтариб юборди.
12
Шундай қилиб, Ҳирод ва Пилат ўша куни дўстлашдилар, чунки бундан аввал улар бир-бири билан адоватда эдилар.
13
Пилат эса олий руҳонийлар, бошлиқлар ва халқни чақириб, уларни бирга йиғди
14
ва уларга деди: “Сизлар бу Одамни менинг олдимга халқни бузаётган киши сифатида олиб келдингизлар. Аммо мен сизларнинг ҳузурингизда буни текшириб, сизлар Унга қўяётган айбларнинг биронтасини ҳам Ундан топмадим.
15
Ҳирод ҳам ҳеч нарса топмади, чунки мен Уни Ҳироднинг олдига юбордим ва Унда ўлимга лойиқ бирор бир айб топилмади.
16
Шунинг учун мен Уни қамчилатиб қўйиб юбораман”.
17
Пилат эса айнан байрам туфайли бир маҳбусни озод қилиши керак эди.
18
Аммо халойиқ бир оғиздан: “Унга ўлим! Бизга Бараббани бўшатиб юбор!”- деб бақира бошлади.
19
Барабба эса шаҳарда исён кўтариб, қотиллик қилгани учун зиндонга ташланган эди.
20
Шунда Пилат Исони бўшатиб юбормоқчи бўлиб, яна халойиққа гапирар эди.
21
Лекин улар: “Уни хочга михлаб қўй! Хочга михла!”- деб қичқирар эдилар.
22
Пилат учинчи марта уларга деди: “Нима учун? У нима ёмонлик қилди? Мен Унда ўлимга лойиқ ҳеч нарса топмадим. Шунинг учун мен Уни калтаклатиб қўйиб юбораман”.
23
Бироқ улар баланд овозда Исони хочга михлашни талаб қилишни давом эттирдилар. Ниҳоят халойиқ ва олий руҳонийларнинг овозлари устун келди.
24
Шунда Пилат уларнинг талабига биноан қарор қилди.
25
Улар сўраб турган, исёнкорлиги ва қотиллиги учун зиндонга ташланган одамни озодликка чиқариб, Исони уларнинг ихтиёрига топширди.
26
Исони олиб чиқаётганларида, даладан келаётган Шимўн исмли киринеялик бир одамни ушлаб олиб, Исонинг орқасидан кўтариб бориш учун хочни унга юкладилар.
27
Жуда катта оломон ҳамда Исо учун ҳўнграб йиғлаётган талайгина хотинлар Унинг ортидан эргашиб борар эдилар.
28
Исо эса уларга қараб, деди: “Эй, Йерусалим қизлари! Мен учун йиғламанглар, аммо ўзларингиз ва болаларингиз учун йиғланглар.
29
Чунки шундай кунлар келадики: Туғмаган аёллар, бепушт қоринлар, бола эмизмаган кўкраклар бахтлидир,- деб айтадилар.
30
Зеро ўша вақтда тоғларга: “Устимизга қуланглар”, тепаликларга эса: “Бизни қопланглар”,- деб айта бошлайдилар.
31
Агар ям-яшил дарахтни бундай қилсалар, қуригани билан нима бўлади?”
32
Исо билан бирга иккита жиноятчини ҳам ўлимга олиб борар эдилар.
33
”Бошсуяги” деган жойга келганларида, Исони ҳамда унинг ўнг ва чап томонида иккита жиноятчини хочга михлаб қўйдилар.
34
Исо эса: “Отам! Уларни кечиргин, чунки улар нима қилаётганларини билмайдилар”,- деди. Шу орада аскарлар қуръа ташлаб, Исонинг кийимларини бўлишиб олдилар.
35
Халқ эса бунга қараб турар эди. Улар билан бирга бошлиқлар ҳам Исони масхаралаб: “Бошқаларни қутқарар эди-ку! Қани, агар У Худонинг танлагани – Масиҳ бўлса, Ўзини Ўзи қутқарсин-чи!”- дейишар эди.
36
Аскарлар ҳам Уни ҳақоратлаб, Унга сирка ичиргани яқинлашиб:
37
“Агар Сен яҳудийларнинг Подшоҳи бўлсанг, Ўз Ўзингни қутқар-чи”,- дер эдилар.
38
Исонинг боши устида юнон, лотин ва яҳудий тилларида: “Бу яҳудийларнинг Подшоҳи”, деган ёзув бор эди.
39
Осилган жиноятчилардан бири Исони ҳақорат қилиб унга: “Агар Сен Масиҳ бўлсанг, қани Ўзингни ҳам, бизни ҳам қутқар”,- деб айтар эди.
40
Иккинчиси эса унга таъна қилиб: “Сен ўзинг ҳам шу жазога маҳкум бўла туриб, Худодан қўрқмайсанми?
41
Мана, биз қилмишимизга яраша адолатли жазо олдик. У эса ҳеч қандай ёмонлик қилмади”,- деди.
42
Сўнг у Исога: “Ҳазратим, Шоҳлигингга келганингда, мени ёдга ол”,- деди.
43
Исо эса унга: “Сенга ростини айтаманки, ушбу кундаёқ сен Мен билан бирга жаннатда бўласан”,- деди.
44
Соат чамаси олтилар эди, тўсатдан соат тўққизгача бутун ер юзини зулмат қоплади.
45
Қуёш қорайди ва маъбаддаги парда ўртасидан йиртилиб кетди.
46
Исо баланд овоз билан фарёд қилиб деди: “Отам! Руҳимни Сенинг қўлларингга топширяпман”. Шундай деб, жон берди.
47
Бу воқеани кўриб турган юзбоши Худони улуғлаб: “Ҳақиқатан ҳам бу Одам ҳақ эди”,- деди.
48
Томошага тўпланган бутун халқ эса содир бўлган воқеани кўриб, кўксиларига уриб қайтаётган эди.
49
Исони билганларнинг барчаси ҳамда Галиледан Унга эргашиб келган аёллар узоқда туриб, буларга қараб турар эдилар.
50
У ерда Кенгаш аъзоларидан Юсуф исмли яхши ва ҳақ киши бор эди.
51
У яҳудийларнинг Ариматея шаҳридан бўлиб, Худонинг Шоҳлигини кутиб юрар эди. У уларнинг қарорида ҳам, ишида ҳам иштирок этмаган эди.
52
Юсуф Пилатнинг олдига бориб, Исонинг жасадини сўради.
53
Кейин эса Уни хочдан тушириб олиб, кафанга ўради ва қояда ўйилган, ҳали ичига ҳеч ким қўйилмаган қабрга қўйди.
54
Бу жума куни бўлиб, шаббат куни энди бошланаётган эди.
55
Галиледан Исо билан бирга келган аёллар ҳам эргашиб бориб, қабрни ва жасад қандай қўйилганини кўрдилар.
56
Қайтиб келгач, атирлар ва хушбўй мойлар тайёрладилар. Шаббат куни эса амр бўйича дам олдилар.